Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Фитна пайтида нима қилиш керак?

 
 

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Фитналар пайтида ибодат билан машғул бўлиш менинг ҳузуримга ҳижрат қилиш билан тенг" (Имом Муслим ривояти).

Ҳақиқатдан, ҳозир биз яшаётган давр худди тун зулмати каби бостириб келадиган турли хил муаммоларга тўлиб кетди. Лекин худди шу муаммолар ичида ҳам — биздан олдин бўлганидек ва биздан кейин ҳам давом этадиганидек — ундан фойдаланиб қолишни хоҳлаганлар учун бир илоҳий нур бор. Ким бу нурга интиладиган бўлса, ҳаётида муаммоларга дуч келганида ўзини Аллоҳ Таоло олдида қандай тутиши кераклигини билади. Нурга бўлган бу интилиш Аллоҳнинг пайғамбари, башарият саййиди Муҳаммад алайҳиссалом рисолатига таянади. Бу йўлда маломатчиларнинг маломатларига қаралмайди. Айни пайтда бунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг етук ҳикмати ҳам бор. Ким бу нурдан баҳраманд бўлса, унинг ҳаёти яхшилик ва салоҳиятга бой бўлади, Роббисининг розилиги ва амалларини қабул қилишига эришади. У муваффақиятлар қозониб бораверади ва охир-оқибатда ҳам ғолиблардан бўлади… Инша Аллоҳ.

"Фитна" сўзи араб луғатида "синов, имтиҳон" маъносига эга. Арабларда маъданни ўтга солиб, синаб кўриш "фитна" дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.

Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида улар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида бугун дунёда бўлаётган ва бўладиган турли хил фитналардан огоҳлантирган эдилар. Аҳмад "Муснад"да, Абу Довуд ва Ибни Можа "Сунан"да, Ҳоким "Мустадрак"да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

"Қиёматдан олдин қоронғу кечанинг бир вақти каби (ҳақни ноҳақдан ажратиш қийин) фитналар бўлади. У фитналарда киши мўмин бўлиб тонг оттириб, кечга кофир бўлиб киради. Кофир бўлиб тонг оттириб, кечга мўмин бўлиб киради. У фитналарда иштирок этмай ўтирган киши иштирок этиб турган кишидан афзалдир. У фитналарда иштирок этиб турган киши эса ҳаракат қилган кишидан афзалдир. У фитналарда ҳаракат қилган киши эса елиб-югурган кишидан афзалдир. У (фитналар) вақтида камонларингизни синдиринглар ва унинг илинадиган ерларини ҳам майдалаб ташланглар ва қиличларингни тошга уринглар! (Токи бу қуроллар фитналарга хизмат қилмасин) Агар бирорталарингизнинг уйингизга бостириб кирилса, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғлининг яхшироғи (Ҳобил)дек бўлсин!"

Бошқа бир ривоятда эса: "...Ким у фитналарга юзланса, фитналар у кишини қарши олади. Ким у пайтда қочар жой ёки пана топса, ўша ерда паноҳлансин", дейилган.

Бу насиҳатдан ҳам бошқа яхши насиҳат борми?

Бундан ҳам тушунарли бошқа маъно бўлиши мумкинми?

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида энг довюрак ва энг мўътабар киши бўлганлар. Зеро, ул зот умматни фидойи бўлишга, Аллоҳ йўлида ва фақат Аллоҳ учун ўз ҳаёти-ю, бор бисотини пок мақсад-ла, пок қалб билан, ихлос-ла фидо этишга ўргатган! У зот бизларни огоҳлантириб, айтадиларки:

"Ҳали фитналар бўлади. Огоҳ бўлинглар! Ундан кейин шунақа фитна бўладики, у фитнага умуман аралашмай ётган киши ўтирган кишидан яхшидир. Ўтирган киши эса у фитнада иштирок этиб турган кишидан яхши. У фитналарда иштирок этиб турган киши эса ҳаракат қилиб юрган кишидан афзалдир. У фитналарда ҳаракат қилган киши эса елиб‑югурган кишидан афзалдир. Агар шундай фитна одамларнинг бошига тушганда, кимнинг туяси бўлса, туяси ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, туясига қараб) кетсин. Кимнинг қўйи бўлса, қўйи ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, қўйига қараб) кетсин. Кимнинг ери бўлса, (фитнадан йироқ бўлиб) ерига борсин (деҳқончилигини қилсин). Кимда бу нарсалар бўлмаса, қиличини олиб, тиғини тошга уриб (қиличини яроқсиз ҳолга келтирсин) ва бу фитнага аралашмаслик қўлидан келса, аралашмасин. Аллоҳим, етказдимми! Аллоҳим, етказдимми! (Ўзинг гувоҳ бўл!)" (Муслим, Аҳмад "Муснад"да, Абу Довуд).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломдан ушбу маънода ривоят қилинган бошқа ҳадислар ҳам бор:

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга:

"Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик борми?" дедим.

"Ҳа", дедилар.

"Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?" дедим.

"Ҳа. Унинг тутини ҳам бор", дедилар.

"Унинг тутини недир?" дедим.

"Ҳидоятсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларини) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан", дедилар.

"Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?" дедим.

"Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отирлар", дедилар.

"Эй, Аллоҳнинг Расули, уларни бизга сифатлаб беринг", дедим.

"Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар", дедилар.

"Ўша нарса менга етса. нима қилишимга амр қиласиз?" дедим.

"Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан", дедилар.

"Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?!" дедим.

"Ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўл, дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўша ҳолда бўлишга ҳаракат қил", дедилар".

Бу ҳадисни Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган. Барча фитналардан ҳимоя ва мустаҳкам қаъла бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом суннатидир.

Жамиятдаги инсонлар ўртасида фитналар, келишмовчиликлар содир бўлганда нима қилиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Айни ҳолат — фитналарнинг кўпайиши биз яшаётган давр эканига шубҳа йўқ. Фитна барча замонларда бўлиб келган, бироқ бугунги кундагисидек оғири тарихда ўтмаган бўлса керак. Одамлар ўртасида ҳал қилинмай қолиб кетган муаммолар бугунги кунгача етиб келгани ва ҳозир ҳам давом этаётганига эътибор беринг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Атрофингни аҳдга вафо қилмайдиган, ишончни оқламайдиган ва бир-бирига қарши бўладиган одамлар қуршаб олганида аҳволинг не кечар экан? Уларнинг ҳоли мана бундайдир" - шундай деб бармоқларини кириштирдилар. Саҳоба жавоб берди: "Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади". У зот: "Илмингга қараб иш тут. Билмаган нарсангни тарк қил. Динда ўзгарувчанликдан четлан. Ўзингга маҳкам бўл ва қолганларнинг ишига аралашма".

Ишончли манбаларда зикр қилинишича, ушбу умматнинг балоси, фожеаси шуки, динларини пайғамбарлардан эмас, балки ўз нафсига эргашиб, у ёки бу қарашларга тарафкашлик қилиб ўз "шайх"ларидан ўрганишар экан. Аллоҳ ўзи сақласин. Фитналар ҳақида, "масжидлар барпо қилинади, бироқ уларда илоҳий нур ва насиҳатлар бўлмайди ва ўша давр уламолари фитна бошида туришади", деган маънода ривоятлар бор. (Табароний ривоятининг маъноси)

Аёлларни "никоҳ билан жиҳод" қилишга чиқирадиган янги "уламо"лар ҳам пайдо бўлмоқда. Демак, ҳақиқий уламоларни сохтасидан ажрата билишимиз ҳам керак. Маълумки, дин бу насиҳатдир, самимиятдир. Жамиятдаги энг яхши кишилар (уламолар) насиҳат қиладилар ва биз бундай насиҳатларни қабул қилишимиз керак. Шундагина дунёнинг турли чеккаларидаги "ғамхўр" ғайридинлар аралашуви билан содир бўлаётган қийин ҳолат, вазиятлардан чиқиб кетишимиз мумкин. Яъни бундай фитналар даврида ҳар ким ўз ўрнини билиши керак бўлади. Ҳақни билган ва ҳақда турган уламолар халққа ҳақни кўрсатиб, тўғри йўлга бошлайдилар. Ҳақни билганларидан кейин ҳаққа эргашиш вожиб бўлади, аксинча бўлса, фитна қурбонига айланиб кетиш эҳтимоли ошади.

Хуллас, инсоният бугунги кунда ғоявий курашлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Аллоҳ таоло ошкору ботин фитналардан асрасин. Ўзи бизга офият-омонлик ато этсин. Аллоҳ бизга кифоя ва У нақадар яхши кифоя қилгувчидир!

Баъзи маълумотлар асосида

Абу Муслим тайёрлади

"www.info.islom.uz" дан


Киритилган вақти: 06/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3414
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/fitna-paytida-nima-qilish-kerak
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 14:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг