Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ҚЎШНИЧИЛИК ОДОБЛАРИ

 
 

Муқаддас ислом дини инсонларни ўзаро бир бирлари билан дўстликда, ҳамжиҳатликда, меҳр-оқибатда яшашга тарғиб қилади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида аҳиллик, дўстлик, ҳурмат иззат каби ахлоқий фазилатлар камол топиб, жамият тараққиёти ва равнақига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жамиятда маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлиги таъминланади. Шундай алоқалардан бири қўшничилик алоқаларидир.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлган Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”,(Нисо сураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз саллоллоҳу  алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларининг бирида: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, банда мусулмон бўлмайди ҳатто инсонлар унинг қалбидан, тилидан ва қўлидан саломат бўлмагунларича. Банда мўмин бўлмайди ҳаттоки ён қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмагунича”,- дедилар. Шунда саҳобийлар эй, Аллоҳнинг расули “ёмонликлари деганда нимани тушунамиз”, деб сўрадилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу  алайҳи васаллам “ёмонликлари бу –– қўпол, дағал муомаласи ва зулму зўравонлиги”,- деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу  алайҳи васаллам “Қўшнининг қўшни олдидаги ҳурмати ўз онасининг ҳурмати кабидир”, деб марҳамат қилганлар.

Юқорида мисол қилиб келтирилган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кишининг ўз яқинлари яъни ота-онаси, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари билан гўзал муомалада умргузаронлик қилиши Аллоҳнинг наздида энг улуғ савобли амаллардан экан.

Ҳасан Басрий розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қўшнинг ҳақлари ҳақида сўралганда ул зот: “Қарз сўраса бериб турасиз, агар сизни чақирса чақириғига жавоб бериб, борасиз, бемор бўлса ҳолидан хабар оласиз, ёрдам сўраса ёрдам берасиз, мусибат етса таъзия изҳор қиласиз, бирор хурсандчилик етса муборакбод этасиз, вафот этса у тўғрида гувоҳлик берасиз, агар бирор ерга кетса келгунига қадар оиласидан, бола-чақасидан хабар олиб турасиз, ҳовлингизда қозонда гўшт қовуриб унга озор бермайсиз, шундай қилган тақдирингизда унга ҳам таомингиздан улашасиз”. Бошқа бир ривоятда “иморатингизни томини унинг томидан баланд қилмайсиз, магар, розилик берса баланд қилишингиз мумкин”,- дедилар.

Ҳазрат Абу Ҳурайра разиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу  алайҳи васаллам “Эй, Абу Ҳурайра тақводор бўлинг инсонларнинг обидроғи бўласиз, қаноатли бўлинг инсонларнинг шукр қилувчироғи бўласиз, ўзингизга яхши кўрганингизни бошқа инсонларга ҳам яхши кўринг мўминлардан бўласиз, қўшниларингиз билан гўзал муомалада бўлинг мусулмон бўласиз, ҳуда беҳуда қулаверманг кўп кулгу қалбни ўлдиради”,- дедилар.

Ҳикматларда келтирилишича бир киши вафот этса, учта қўшниси ундан рози бўлса Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Бир ривоятда бир киши Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қўшнисидан шикоят қилиб келади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу  алайҳи васаллам унга: “Унга озор беришдан тийилинг, унинг сизга берган озорларига сабр қилинг. Ажралмоқчи бўлсангиз ўлимнинг ўзи кифоя қилади”, дедилар. Ҳасан Басрий разиёллоҳу анҳу айтадилар: “Қўшнига озор бермаслик гўзал қўшничилик эмас, ҳақиқий қўшничилик қўшнидан келаётган озорларга сабр қилишдир”.

Абу Ҳурайра разиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом қўшнининг ҳақи ҳақида шунчалик кўп васият қилдиларки, ҳаттоки қўшни ҳам мерос олса керак деб гумон қилиб қолдим”, деб марҳамат қилдилар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса яхши гапларни гапирсин ёки сукут қилсин. Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса қўшнисини икром қилсин. Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса меҳмонини иззат-икром қилсин. Меҳмонини иззат-икром қилмоқлик бир кеча кундуздир. Зиёфат эса уч кундир. Ундан кейин эса садақа ҳукмидадир”, дея марҳамат қилганлар.

Халқимизда “меҳр кўзда” деган нақл бор. Яъни киши ўз яқинлари билан тез-тез учрашиб, ҳол аҳвол сўраб турса, дарду қувончларига шерик бўлса, атрофидаги инсонлардан ёрдамини аямаса ва муносабатлар ҳеч бир ғаразсиз фақат Аллоҳ розилиги учун самимий бўлса, албатта, жамиятдаги барча инсонлар бир бирларига нисбатан меҳр оқибатли бўладилар. Бундай фазилатли одобу ахлоқ айнан ўзбек халқига хос бўлган хислатлардандир. Биз бу қадриятларимизни асраб авайлашимиз керак.

Барчамизга маълумки, бугунги кунда бутун инсоният бошига мусибат бўлиб турган короновирус пандемияси бизнинг ҳам юртимизни четлаб ўтгани йўқ. Бу дард туфайли дунёдаги барча мамлакатлар фуқаролари азият чекмоқдалар.  Кўплаб инсонлар бу дард туфайли бевақт оламдан кўз юммоқдалар. Албатта, юртимизда ҳукуматимиз томонидан бу дард билан курашиш учун барча чоралар ва воситалар қўлланилмоқда. Шундай чоралардан бири бу карантин чекловидир. Карантин муносабати билан бир қанча фуқароларимиз ёрдамга мухтож бўлиб турибдилар. Саховатпеша юртдошларимиз томонидан муҳтож бўлган кишиларга беғараз ёрдам бериб келинмоқда. Албатта, бундай ишлар савоби улуғ ишлардандир. Шундай вақтларда муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилмоқлик, одобига риоя қилмоқлик, хусусан, динимиз таълимотида энг савобли амаллардан ҳисобланган қўшничилик алоқаларини боғламоқлик жуда ҳам савоблик амал ҳисобланади. Юқоридаги оят ва ҳадисларга амал қилиб, бугунги кунда айнан карантин шароитида қийналиб турган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам қўлини чўзган азиз биродарларимиздан Аллоҳ таолонинг ўзи рози бўлсин...! Аллоҳ таоло ўзининг йўлида қилинган инфоқни қиёмат кунида фойдаларига ҳужжат бўлишини, бошларига соябон бўлишини насиб этсин...! Юртимиздан, элу халқимиздан ва бутун инсониятдан бу балои азимни тез кунларда кўтарилиб кетмоқлигини Парвардигори олам ўзи насиб этсин...! Амин Ё Роббал Аламийн...!

Мансуржон Абдухолиқов - Пайариқ тумани бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 19/05/2020 12:30;   Кўрилганлиги: 132
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/qoshnichilik-odoblari
Чоп этилган вақт: 05/07/2020 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг