Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ОИЛА-ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

 
 

Оила барчамиз учун мўътабар маскан. Қиёслаш жоиз бўлса, оила бу Она Ватаннинг кичик тимсоли. Агар у тинч ва обод бўлса, уни маскан тутганлар осуда ҳаёт кечиради. Аллоҳ сақласин агар бунинг акси бўлса, уни маскан тутган инсонлар ҳаётидан маъно ва мазмун кетади.

Аллоҳ таоло инсон зотини мукаррам қилиб яратди. Улар ўзаро борди-келди қилишлари ва инсоний муносабатларни ўрнатишлари учун турли элат ва халқларга ажратди. Инсоният насли покиза давом этиши учун никоҳни жорий қилди. Оила деган жамиятда эрни бошлиқ ва аёлни унга ёрдамчи қилди. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос ва мос вазифа ҳамда масъулият юклади.

Аёлга, инсоният силсиласини давом эттириши учун оналик бахтини берди. Шу билан бирга аёл, эркак учун умр йўлдош, осойишталик тимсоли ҳамда хонадони посбонига айланди.  Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

"وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُم مِّنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِّتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُم مَّوَدَّةً وَرَحْمَةً ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ"

Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-аломатлар бордир.[1]

Кишининг оиласи, аёли ва фарзандларига бўлган муҳаббати, бу ҳаёт қийинчиликларини енгиб, мақсади сари олға боришга ундайди. Шу билан бир қаторда эркак ва аёл ўрталарида  меҳр-муҳаббат бўлмаганида,  инсоният насли аллақачон тугаб битган бўларди. Дарҳақиқат бу, Аллоҳ таолонинг буюк аломатларидандир.

Инсоният тарихига назар солинса, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлинмаганига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин.  Аёл зоти дунёнинг кўплаб ерларида хўрланган, камситилган, уларга ҳеч қандай моддий ва маънавий ҳуқуқлар  берилмаган.

Ислом дини келгач аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди. Ўша даврларда ўзларини бошқалардан устун эканини даъво қилган халқлар аёлни буюм сифатида олди берди қилиб юрган бир даврда, бу илоҳий таълимот  аёлни олий мартабага кўтарди.

Уни оддий инсон деб чегараланиб қолмасдан, балки жаннат унинг оёқлари остида бўлган “Она”, эрини рози қилиши билан жаннати бўладиган “Рафиқа” ва уларни тарбиялаб, вояга етказган кишининг жаннатий бўлишига сабабчи “сингил ва қиз фарзанд” деган мақомларни берди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом умматига эмас, балки бутун инсониятга ибрат бўлдилар.

Динимиз таълимотларига амал қилган мусулмонлар, бахтли оила ҳақидаги юксак намунани бутун дунёга тақдим қилишди.

Бунга қандай эришилди? Дарҳақиқат бу ҳар доим ҳам жуда муҳим ва долзарб савол бўлиб келган. Ислом дини бунга оддий ва самарали ечим топди. У ҳам бўлса, эркак ҳам, аёл ҳам ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилмаган ҳолда турмушда зиммаларига юклатилган бурч ва мажбуриятларини масъулият билан амалга оширишлари орқали эришилади.

Натижада бундай оилалар, асрлар давомида бахтли ҳаёт кечириб келган илғор, пешқадам ва намунали оилалардан бирига айланадилар. Ислом, эркакларга ўз аёлига яхши муомалада бўлиш, уларни хорламаслик, таом, кийим, бошпана, рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш, илм олиши ва динини ўрганишига шароит яратиб бериши каби мажбуриятларни юклаган.

عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْقُشَيْرِىِّ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قُلْتُ: "يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ قَالَ: "أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ وَلاَ تَضْرِبَ الْوَجْهَ وَلاَ تُقَبِّحَ وَلاَ تَهْجُرَ إِلاَّ فِى الْبَيْتِ"

Ҳаким ибн Муовия ал Қушайрий, отасидан қилган ривоятда шундай деди:

“Эй, Аллоҳнинг расули! Бизнинг зиммамизда аёлининг ҳақлари нималардан иборат?”—деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Еганингизда уни ҳам едиришинг, кийганингда унга ҳам кийдиришинг, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётишинг  унинг ҳақларидир[2]”—дедилар. 

Аёлларга эса, эрларига итоатли бўлиш, оилани саромжон саришта қилиш, эрининг топганини исроф қилмаслик, сабрли бўлиш ва фарзандларига меҳрибон бўлиб, турмуш ўртоғининг тоқатидан зиёда нарсаларга мажбур қилмаслик каби масъулиятни  юклаган.

Ҳозирда оиладаги кўплаб келишмовчиликлар замирида эр-хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиши ёхуд зиммаларидаги масъулиятга бефарқликлари ётади.

Ислом эркаклар зиммасига қандай бурч ва вазифалар юклаган бўлса, аёлларга ҳам ўзларига хос бўлган вазифаларни белгилаб берган. Аммо, баъзи бир умумий нарсаларда эркаклар ҳам, аёллар ҳам тенг имкониятли ва тенг жавобгар бўладилар.

Мазкур нарсалар ҳақидаги билимга эга бўлиш, ҳар икки томон учун фойдадан холи бўлмайди. Масалан илм олиш эркак ва аёлларга баробар фарз қилингани каби, молиявий муомалаларда эркаклар қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эга саналишади.

Яхши амалларга эркак ва аёл баробар ажр-мукофотга эга бўлишганидек, гуноҳ ва жазода ҳам улар баробардирлар.  Аллоҳ таоло Қуръони  Каримда шундай дейди:

"فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ. وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ"

Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради[3].

Бошқа оятда эса яхшилик қилган эркак ва аёллар унинг мукофотини тўлиқ олишлари ҳақида:

"وَمَن يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَٰئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا"

Эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирарлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас[4].  деб марҳамат қилган.

Шу билан бир қаторда Аллоҳ таолога имон келтириб, Унинг ҳақ динига оғишмай амал қилган барча инсонлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли-бахтли инсонлардан бўлишларини Аллоҳ таоло Ўзининг каломида эълон қилган:

"مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً ۖ وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم  بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ"

Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз[5].

Демак ҳоҳ эркак, ҳоҳ аёл бўлсин у Аллоҳ таолога имон келтириб, яхши ишларни амалга ошириш билан умргузаронлик қилса, уларнинг ҳар-бир қилган солиҳ амали баробарида, амалларнинг энг чиройлисига бериладиган ажр-савоб берилар экан. 

Алоҳ таоло эркакларни оила бошлиғи, унинг ҳимоячиси ва устуни қилиб яратди ва уларга шу ишларни амалга ошириш учун қобилият ато этди.

Динимизда “бошлиқ”  дейилганда,  аввало қўл остидаги кишилардан масъул-жавобгарлиги ва уларни авайлаб-асрашлиги тушунилади.

Бу ўз ўрнида ўша бошлиқдан меҳр-шафқатни ва кези келганда қаттиқ қўлликни ҳам талаб этади. Аллоҳ таоло:

"الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ ۚ

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб — Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”[6]деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга етишади.

Имон эътиқод ва миллий қадриятлардан йироқ оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда. Айниқса бугунлик кунда кўр-кўрона ғарбга тақлид ва “оммавий маданият” каби маданиятсизлик ботқоғига шўнғиган кишилар ҳаётида бу нарсалар яққол намоён бўлмоқда.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлмоғи лозим.

Итоат, мажбурликдан қўрқиб ёки бошқа бирор босимдан эмас, балки тушуниб, ҳаётдаги ўрни, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоати бўлиши лозим.

Бунга эришиш учун эса авваламбор икки жинс вакиллари ҳам ўзларининг бурч ва мажбуриятлари, оиладаги ўринлари нимадан иборат эканини яхши билишлари ҳамда бунга меҳр-муҳаббат ва сабр билан ёндошишлари талаб этилади.

Аёл–аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиз бўлиб, яна бизлар кўпинча унутиб қўядиганимиз бу,  аёлнинг “нозик хилқат”  эканлигидир.

Агар соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, аёл  эркак каби кучли ва чидамли эмас. Биз эркак бўлганимиз боис, ўзимизга хос фикр юритамиз ва шунга кўра баъзан: “наҳотки шу ишларни бажариш шунчалар қийин бўлса?” деб  хулоса берамиз ва улардан ғазабланамиз.

Аммо, Аллоҳ таоло бизларни улардан устун қилиб қўйганлигини, нафақат оила бошлиғи сифатида айтганларимизни сўзсиз амалга оширишликда, балки улардан ўтган камчиликларни кечиришликда ва улар билан келишиб умргузаронлик қилишда эканини ҳам унутмаслик керак.

Зеро барчага ҳам севиб, ёки севилиб турмуш қуриш насиб этмайди.  Бас шундай экан эр ҳам, хотин ҳам динимиз белгилаб берган оила муомалалари кўрсатмаларига амал қилиб ҳаёт кечирсалар,  фаровон оилага асос солган бўлишади.

Аёлларимизга нисбатан кечиримли ва хушмуомала бўлишимиз ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"استوصوا بالنساء خيرا فإن المرأة خلقت من ضلع وإن أعوج ما في الضلع أعلاه فإن ذهبت تقيمه كسرته وإن تركته لم يزل أعوج"

  “Аёлларга  хушмуомала бўлинглар! Албатта аёл қовурғадан яратилган ва қовурғанинг энг эгри жойи бу юқориси. Агар уни тўғрилайман десанг, синдириб қўясан. Ўз ҳолига қўйсанг эгрилигича қолади”[7].

Бошқа ривоятда:  “У (аёлинг) билан муроса қилиб яшагин” сўзлари келтирилган.

Ҳар-бир сўзларида барчага ибрат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, оила-аҳлларига ғамхўр эдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"خيرُكُم خيرُكُم لأَهْلِهْ وأنا خيرُكُم لأهْلِي"

“Сизларнинг яхшиларингиз, ўз оила-аҳлига яхши бўлганингиздир. Мен, ўз оила-аҳлимга яхши бўлганингизман”[8]—дедилар.

Динини яхши билган оила бошлиғи, аёлидан камчилик кўрса, юқоридаги ҳадисларга амал қилади ва “бахтли оила”даги фаровон ҳаётини давом эттиради.

Энди динимизда, аёлга нисбатан эри қандай мартабада экани ҳақида айтиб ўтсак:

عن أبي هريرة: "أن رسول الله صلى الله عليه وسلم دخل حائطا من حوائط الأنصار فإذا فيه جملان يضربان ويرعدان. فاقترب رسول الله صلى الله عليه وسلم منهما فوضعا جرانهما بالأرض فقال من معه: "سجد له" فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "ما ينبغي لأحد ان يسجد لأحد ولو كان أحد ينبغي ان يسجد لأحد لأمرت المرأة أن تسجد لزوجها لما عظم الله عليها من حقه"

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бирининг қўрғонига кирдилар.  У ерда икки туя бир-бирлари билан урушиб, титраб турарди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам туяларга яқинлашганларида, улар тўшларини ерга қўйдилар. Шунда у зот билан бирга турган кишилар: “Туялар  у зотга сажда қилаяпти”—дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор кишининг бошқага сажда қилиши мумкин эмас. Агар кишининг бирор кишига сажда қилиши жоиз бўлганида, Аллоҳ таоло эрнинг ҳаққини улуғ қилиб қўйганлигидан, аёлни ўз эрига сажда қилишига буюрар эдим[9]”—дедилар.

Ҳурматли аёлларимиз эрини ҳурматини жойига қўйиш борасида мазкур ҳадиси шариф нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсалар, ҳозирда  мавжуд ва ечими топилиши қийин кечаётган масалаларни осонликча ҳал қилган бўлардилар.

Юқорида айтиб ўтганларга амал қилган аёлларни динимизда “эрига итоатли” ёки “солиҳа” аёл деб номланади. Уларга эса,  Аллоҳнинг буюк мукофотлари бор!

عن أبي هريرة:" إذا صلت المرأة خمسها و صامت شهرها و حصنت فرجها و أطاعت زوجها قيل لها: ادخلي الجنة من أي أبواب الجنة شئت"

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Агар аёл беш вақт (намоз)ини ўқиса, (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини  (ифатини ) сақласа ва эрига итоаткор бўлса, унга: Жаннатга, жаннатнинг ҳоҳлаган эшигидан киравергин! [10]”— дейилади.

Бошқа ҳадиси шарифда эса:

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم  قَالَ: "أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ وَزَوْجُهَا رَاضٍ عَنْهَا دَخَلَتْ الْجَنَّةَ".

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Наби соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл, эри ундан рози бўлган ҳолида вафот этса, жаннатга киради[11]”—дедилар.

Эр билан хотин орасида бўлган турмушда келишув бўлмаса, ҳар иккиси учун ҳасрат-надомат ва зўр машаққат бўлади. Бунинг натижасида турмуш бузилади ва хонадон аъзолари орасида бир-бирига душманлик пайдо бўлади. Уларнинг турмуши фаровон ва оилалари бахтли бўлиши учун динимизнинг “бахтли оила” ҳақидаги кўрсатмаларига амал қилишлари лозим бўлади.

Тажрибаларга кўра, аёлларнинг гўзал хулқли бўлганлари сабабли эрлари ҳам гўзал хулқли бўладилар ёки эрларнинг гўзал хулқли бўлганлари сабабли аёллари ҳам гўзал хулқли бўладилар. Аллоҳ асрасин, агар бунинг акси бўлса, бундай оила таназзулга юз тутиши муқаррар. Бундай бўлмаслиги учун кишидан улкан сабр ва матонат ҳамда гўзал хулқ соҳиби бўлиш талаб қилинади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, бугунлик кунда оилавий можоралар гирдобига тобора ботиб бораётган Ғарбдан фарқли ўлароқ, минг йиллар олдин имон-эътиқодли аждодларимиз томонидан тамал тоши қўйилган, ишонч ва поклик устига барпо қилинган  “Оила” деган муқаддас даргоҳда, ким бўлишимиздан қатъий назар, ҳар бир оила аъзоси, зиммамиздаги Пайғамбар алайҳис салом томонларидан белгилаб берилган вазифаларга масъулият билан ёндашсак, келгуси авлодларга ҳам “Бахтли оила” қуришларига замин тайёрлаган бўлардик.  

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг оилаларимизни, бахтли оилалардан қилсин!

[1] Рум сураси 21-оят.

[2] Абу Довуд ривояти

[3]Залзала сураси  7-8 оят.

[4] Нисо сураси  124-оят.

[5] Наҳл, сураси, 97-оят.

[6] Нисо сураси 34-оят.

[7] “Саҳиҳ” ҳадис. Бухорий ва Муслим ривояти.

[8] “Саҳиҳ” ҳадис. Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти.

 [9] “Саҳиҳ” ҳадис. Термизий ривояти.

[10] “Саҳиҳ” ҳадис. Баззор ривояти.

[11] “Ҳасан” ҳадис. Ибн Можа ва Термизий ривояти.

 Олимхон ЮСУПОВ - Оқдарё туман "Махдуми Аъзам" жоме масжиди имом-хатиби,

Имом Бухорий ҳадис илми мактаби ректори


Киритилган вақти: 14/12/2019 13:04;   Кўрилганлиги: 2017
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/oila-jamiyat-tayanchi
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 17:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг