Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ГЎЗАЛ ТАРБИЯ – ОИЛАДАГИ СОҒЛОМ ВА НАМУНАЛИ МУҲИТНИНГ БАРҚАРОРЛИГИ

 
 

Ислом дини аввало гўзал ҳулқ ва хушмуомалаликни тарғиб қилади. Мусулмон кишининг хулқи гўзал бўлса одамлар орасида ҳурмат ва эҳтиромга эга бўлади. Кишининг гўзал хулқли ёки ахлоқсиз бўлиб вояга етиши асосан унинг ота-онаси берган таълим-тарбиясига боғлиқ албатта.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларига эътибор қаратайлик: “Ҳар бир гўдак (ислом) фитратида туғилади, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний қилади”, (Бухорий ривояти).

Бу ҳадисдан маълумки, соф фитратда туғилган гўдакни, унинг тарбиясига масъул бўлган ота-онаси қайси томонга йўналтирса, бола ҳам ўша асосида вояга етади. Барчамиз ҳаёт тарзи давомида жуда кўплаб бу каби ҳолатлар гувоҳи бўлганмиз. Айримлар Яратганнинг бетакрор неъмати бўлган умрини турли фасод ва гуноҳлар гирдобида ўтказиб, фарзандлар тарбиясига мутлақо парво қилмайди. Натижада фарзандларида инсоф, диёнат, қадр-қиммат, ҳурмат каби тушунчалар умуман бегона ҳис-туйғуларга айланади.

Вақти келиб, тарбия булоғидан бебаҳра ўсган бундай  фарзанд наздида ота ёки онасига  қўл кўтариш оддий ҳол бўлиб қолади. Ана шундай машъум ҳолат юз берганда “Инсофинг борми”, “Шуни кутиб тарбия қилганмидик?”, “Худодан қўрқмайсанми?” каби  ҳасрат ва надоматлар отилиб чиқади. Аслида ўзлари айтаётган “инсоф”, “тарбия” ва “Худодан  қўрқиш” каби туйғуларни ўргата олганмидики улардан талаб қилса?

Йиллар мобайнида эътиборсизлик қилиб покиза ҳолатда дунёга келган беғубор гўдакни тубдан ва ваҳший бир ҳолга келишига сабаб бўлган ота-онага бу жазо эмасми? Гўзал ахлоқ ўрнига “зулумот” ва “разолат”нинг  жирканч булоғидан беихтиёр сув ичириб, фарзандларининг ҳаётини  бадном қилиб қўяётган ота-оналар ўзларининг бахту-саодатини бой бериб қўймайдимикин?

Бундай ғам-андуқли муаммолага дуч келмасликнинг ягона йўли бу- фарзандларга чиройли хулқ, гўзал одобни таълим беришдир.

Навбатдаги ҳадисга эътибор қаратсак: “Киши дўстининг динидадир, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига эътибор қаратсин” (Бухорий ривояти).

         Ушбу ҳадис шарҳи ўлароқ халқимизда ажойиб бир гап бор: “Дўстингни кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман”. Бугунги кунда “Дўстлик” маъноси нақадар тор моҳият касб этаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Чин ва ҳаққоний дўст ҳеч қачон ёмонликка бошламайди. Аммо, баъзи ёшларнинг “Қадрдоним, дўстим”, дея турли хил интернет  сайтларда танишган, ҳурмат билан тилга олаётган “(друзья) дўстлари” ҳақиқий дўстмикан? Ёки  аксинча чин маънодаги  дўстларни душман деб сингдирувчи  хиёнаткормикан? Ахир ота-оанга қарши қайраётганларни, оиласидан совутаётганларни, ўз ватандошларига қарши курашмоқни ўргатаётганларни ким деб аташ мумкин?

Кўринишлари бамисоли забардаст йигит-қизларимиз, ҳар бир нарсага ақлу-идроки етадиган ёшлар наҳот дўст билан душманни ажрата олмайди? Ахир уларнинг ота-боболари ватаннинг бир қарич ери учун жон фидо қиладиган ориятли  инсонлар эдику.

Наҳотки ўтмишдаги аждодлари кўзларига тўтиё қилган бу азиз диёрларини кўр-кўроналик билан топтамоқчи ёки унга турли туҳмат тошларини отмоқчи  бўладилар. Юқоридаги ҳадисни ўқиб, айнан шундай ўйлар чулғаб олади кишини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг бугунги  замонга боқиб туриб, айтганидек гўё. Биз ота-оналарнинг ҳали бу борада бажарадиган ишларимиз бисёр деб ўйлайман.

Фарзандларимизга тўрт ҳақиқат яъни “Муқаддас динимиз моҳияти”, “Она ватан қадри”, “Ота-онага эҳтиром” ва “Аҳли-оиласига масъулият ҳисси” каби туйғуларни ўргатиб, унинг онгига сингдириб борсак инша Аллоҳ фарзандларимиз ҳам  аждодларга муносиб авлодлар бўлиб етишади.

  

Насруллоҳ ИСЛАМОВ, Оқдарё тумани “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-ноиби.


Киритилган вақти: 05/10/2019 11:17;   Кўрилганлиги: 1471
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/gozal-tarbiya-oiladagi-soglom-va-namunali-muhitning-barqarorligi
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг