Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

КАСБУ-ҲУНАР ҚИЛМОҚЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ

 
 

Соғлом, ишга яроқли инсон касб эгаллаши, меҳнат қилиши керак. Чунки ҳар бир мусулмон киши ўзининг, бола-чақасининг ризқи рўзини ҳалол ва фидойи меҳнатлари билан қилмоғи фарз амаллардан ҳисобланади.

Касб-корнинг яхши-ёмони, катта-кичиги бўлмайди. Гап эгаллаган касб-ҳунарни эъзозлашда, қадрлашда, сиру асрорларини, яъни кўзини яхши билиб бажаришдадир.

Ҳар қандай касбда ҳалол меҳнат қилиб пул топишнинг уяти йўқ. Элимизда оддийгина касб орқасидан ҳаёти фаровон бўлиб ўтаётган, обрў-эътибори тобора юксалаётган одамлар оз эмас. Ўз касбининг усталарини иши тушиб изловчилар, сўровчилар кўп.

Деҳқончилик қилишда ҳам ўзининг сирлари бор. “Ер илми” дейишади уни. Ана шу илмдан, тажрибадан хабардорларнинг иши унумли, баракали бўлади. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, ҳаммани ҳам меҳнатсевар, касб-корнинг ёқасини маҳкам тутган кишилар деб айтиш қийин. Ҳатто ўзининг томорқасига ҳам яхшироқ, ишламайдиганлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Дангасалик ёмон иллат. “Бекордан Худо безор” дегани бежизга айтилмаганда.

Муқаддас динимизда ҳар бир ишга яроқли, соғлом инсоннинг касб-кор қилмоқлиги буюрилган ва ибодат даражасига кўтарилган. Ўтган Пайғамбарларнинг барчаси Пайғамбар бўлишдан олдин ҳам, кейин ҳам касб-кор билан шуғулланишган. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида Макка аҳлининг қўйларини боққанлиги, тижорат билан шуғулланганлиги маьлум. Иброҳим алайҳиссалом мато тўқувчи, Закариё алайҳиссалом дурадгор, Довуд алайҳиссалом темирчи бўлганлар.

Замоннинг тараққиёти, инсонларнинг фаровонлиги илму ҳунарга нечоғлик боғлиқлиги тушунарли ҳолдир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг-мўл қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб, туғёнга кетурлар. Лекин, У ризқу рўзни Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширади. Албатта, У Ўз бандаларидан Хабардор ва уларни Кўриб тургувчидир ("Шууро" сураси, 27- ояти).

Яъни, агар бандаларини касбсиз ризқлантирганда эди, улар бекор бўлиб фисқу фужур қиларди. Лекин уларни касб билан машғул қилдики, фасод килмаслик учун Аллоҳ таоло ҳунарли мўминни севади, соғлом бекорчини севмас. Бандам, қўлингни қимирлат, сенга ризқ нозил қиламан, деган. Бир инсоннинг дарахт экканлиги ёки ерга уруғ қадаганлиги ҳам улуғ касбдир. Касбларнинг энг яхшиси эса ҳалолдан бўлганидир.

Касб қилмоқликнинг фазилатлари жуда кўп. Ёшларимизни меҳнатсеварликка, касб-ҳунар эгаллашига, ободончилик ишларига кўпроқ ўргатайлик.       

 

Абдуғани АБИЕВ - Қўшработ туман “Домла Омонулло Охун“ жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 24/09/2019 12:56;   Кўрилганлиги: 1392
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/kasbu-hunar-qilmoqlik-fazilatlari
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг