Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Илмига амал қилиш олимнинг шиори

 
 

         Илм ва маърифатни икки дунё саодати қилган Аллоҳга шукурлар бўлсин ва бизларга ибрат ва раҳномо бўлган   Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотлар бўлсин. 

   Аллоҳ таоло инсониятни яратибдики, уларга тўғри йўлни топиб ҳидоят топишлари учун Илоҳий китоблар ва Пайғамбарлар жўнатиб бандаларни саодатга етишиш кўрсатмаларини юборган. Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятида ўқишга ва илим олишга тарғиб қилинган:

Ўқинг (эй Муҳаммад)! Бутун борлиқни яратган зот бўлган Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси 1-5 оятлар).

Қурони каримда илм сўзи 95 маротоба турли кўринишларда келган. Исломда илму маърифатга жуда катта урғу берилган. Шайтон ҳам олим бўлган, фаришталарга дарс берар эди. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан кейин, шайтонни одамга сажда қилишга буюрди. Бутун фаришталар сажда қилди лекин шайтон ҳасад ва такаббурлик қилганлиги сабабли малъун бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига икки нарсани мерос қилиб қолдирдилар, бири Аллоҳнинг китоби Қуръон бўлса, иккинчиси у кишининг суннатларидир. Ким бу икки нарсага ихлос билан амал қилса икки дунё саодатига эришади. Ислом бамисоли мустаҳкам занжир, ҳар бир мўмин-мусулмон унинг олтин ҳалқаси ҳисобланади.  Ҳалқанинг заиф жойи бўлмаслиги, бунга йўл қуймаслиги, аввалло мўминнинг ахлоқида, собит эътиқодига ва албатта билимига амал қилишига боғлиқдир. Демак билган илмига ихлос билан амал қилиш инсоннинг бу дунёдаги бурчларидандир.

  Хулоса қилиб айтганимизда Аллоҳ таоло ўз каломида олимларни шаънини кўтариб “Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми”  (Зумар сураси, 9-оят).  дейди. Билиб туриб илмига амал қилмаса Аллоҳ таоло ҳузурида катта гуноҳга эга бўлади. Олимнинг шиори Аллоҳга итоат қилиб, осий бўлмаслик, Уни зикир қилиб, унитмаслик, Унга шукур қилиб куфр келтирмасликдир. Аллоҳ таоло барчамизни билган илмига амал қиладиган олимлардан қилсин. 

   ЁҚУБ ХУРРАМОВ – Тайлоқ тумани “Саросиё” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 17/01/2020 13:51;   Кўрилганлиги: 1434
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/ilmiga-amal-qilish-olimning-shiori
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг