БОЛАЛАР ТАРБИЯСИГА ДОИР ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР
Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ ва баркамол фарзанд ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етиштирувчи дилбанди. Фарзандлар «Жаннат райҳонлари» деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак.
Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида динимиз кўрсатмалари мавжуд бўлиб, ҳар-бир мусулмон киши шу тўғрисида қайғурмоғи лозимдир. Онамиз Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фарзандларингизни муносиб онани ихтиёр қилинглар»,- деганлар.
Урф-одат ва қадриятларимизда келин танлашда унинг солиҳа, диндор, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аёл тўрт нарса учун: моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун никоҳланади. Бас, сен диндорини танла, омон бўлгур», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти).
Келин танлашда ва унинг келажакда она бўлиши туғишга лаёқатли, соғлом бўлишига эътибор бериш лозим. Чунки уйланишдан асосий мақсад инсон ўз наслини давом эттиришидир. Инсониятнинг кўпайиши, наслининг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фархланаман», деб марҳамат қилганлар.
Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишишда фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик чоғида кўп асабийлашган, бошига бирор ғам, мусибат тушган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдида бурчи бор. Чунончи, ҳар бир ота ўз фарзанди номусли аёлдан туғилишига ҳаракат қилсин, токи туғилганидан кейин одамлар фарзандга турли таъналар қилиб юрмасин. Болага яхши ва чиройли исм қўйсин. Унга илму маърифат ўргатсин. Ота-она фарзандини ҳамиша ҳалол овқат билан боқсин. Ҳаром йўлда топилган таом болага ёмон таъсир кўрсатади ва уни ҳаромхўрликка ўргатади. Бунинг учун ота-онанинг ўзи, аввало, ҳалол луқмали бўлиши керак. Шундагина пуштидан бўлган бола ҳалол ва покиза бўлиб туғилади. Айниқса, она ҳомиладорлик пайтида ҳаром ва шубҳали нарсалардан ўзини сақламоғи жуда муҳимдир».
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг « Иҳёу улумуддин» китобида шундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда бахтли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб ва таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка йўлиқади, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши гуноҳкор бўлади».
Барчаларимиз келажагимиз бўлмиш фарзандларимиз тарбиясига масъулмиз!
Манбалар асосида Самарқанд туман бош отинойиси А.Рахматова тайёрлади
Киритилган вақти: 02/07/2020 16:14; Кўрилганлиги: 1556
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:23