Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг диний манбавий асослари

 
 

Ҳозирги асримиз илмий кашфиётлар, инсон коинот сирлари қўйнига кириб бораётган аср, ахборот ва ғоят улкан техникавий имкониятлар асри бўлибгина қолмай, бир вақтнинг ўзида асрнинг охири диний қадриятларнинг уйғониши даври, вазмин, беҳуда уринишлардан холи диний маънавиятга ўзига хос тарзда қайтиш даври бўлиб қолди.

Ислом ҳам шу каби интилишлардан четда қолгани йўқ. Аксинча, мусулмон дунёсида ҳам сўнгги ўн йилликлар мобайнида рўй берган воқеалар жаҳон ҳамжамиятида “ислом овозаси” деб аталган ҳодиса ҳақида гапириш имконини берди.

Кўплаб сиёсатчилар, олимлар, журналистлар ХХ аср охирида юз берган, “ислом уйғониши”, “қайта исломлашиш”, “ислом феномени” ва бошқа турли номлар билан аталган воқеийликни тушунтириб беришга ҳаракат қилдилар. Жаҳон ҳамжамияти ҳаётида ислом қадриятларини тиклаш байроғи остида рўй бераётган ҳодисалар ғоят хилма-хил, кўп қиррали, баъзан зиддиятли ва ҳатто қарама-қарши қутблидир. Жаҳон жамоатчилиги бу жараёнларга жуда катта қизиқиш билан қарабгина қолмаяпти. Унинг диний экстремизм ва фундаментализм каби кескин ҳодисалар муносабати билан безовталанаётгани, баъзан эса ҳатто хавфсираётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Афсуски, ҳозирги замон тарихида ана шу ўта кескин кўринишлар жиддий можароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги инсониятни чўчитаяпти. Ўзбекистоннинг мустақилигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳодисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда.

Диний экстремизм ва фундаментализм бизнинг минтақамиз учун хавф-хатарларни бевосита таҳлил қилишга киришишдан аввал эътиборни одамларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ ҳар қандай муаммо ғоят нозик эканлигига, уларнинг диннинг маънавий қадриятлари билан шиорлардан, хусусан исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурлигига қаратишни истардик.

Биз, ислом экстремизми ва терроризм ҳақида гапирар эканмиз, унинг Ислом динининг соф таълимоти ва ғояларига зид эканлиги Қуръон ва ҳадисларга асосланган ҳолда баён қиламиз.

Ислом дини – эзгулик манбаидир. У – табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга бирдан-бир тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир.

Ер юзида ҳаётни сақлаш ва уни давом эттириш инсоннинг олдидаги олий даражали муҳим вазифадир. Аллоҳ таоло ўзининг ердаги халифаси бўлмиш инсон зиммасига мана шундай юксак мажбуриятни юклаган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

“Бизлар осмонга, ерга ва тоғларга омонатни (Қуръонни) топширмоқчи бўлдик, лекин улар уни кўтаришдаги машаққатларни сезиб, бундан бош тортдилар, сўнг уни инсон қабул қилди”[1].

Инсон зиммасидаги энг олий мажбуриятни адо этмоқлиги учун унга, албатта, тинч ва осуда шароит зарур. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантирган. “Ислом” сўзининг ўзи ҳам араб тилидаги “салам” калимасидан олинган бўлиб, “тинчлик” деган маънони англатади. Демак, Ислом дини тинчлик ва дўстлик динидир.

Шунингдек, тинчлик тушунчаси мақаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ҳамдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва итоат йўлига киринглар!”[2].

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”[3].

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятга бахтли ҳаёт кечириш йўлларини кўрсатиб берган ҳадиси шарифларида ҳам тинчлик мавзуси муҳим ўрин эгаллайди. Уларда тинчликка эришиш ва барқарорлик йўллари аниқ белгилаб берилган. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик Аллоҳ таолонинг инсониятга берилган энг улуғ неъматларидан бири эканлигини алоҳида таърифлаб шундай марҳамат қиладилар: “Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой берадилар. Бу – тансиҳатлик билан бўш вақтдир”[4].

Шунингдек, Қуръони каримнинг бир неча оятларида мусулмонларни тинчликка ва бирдамликка чақириб, турли фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтарилади. Яъни: “Барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва бўлинмангиз! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар унинг неъматига сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, изларни ундан халос қилди. ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади”[5].

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўпгина ҳадиси шарифларида мусулмонларни иттифоқликка, ҳамжиҳатликка, бир-бирларига нисбатан меҳру-оқибатли, кечиримли бўлишга даъват этиб, турли тафриқаларга бўлиниш, кишилар орасида адоват уруғини сочишдан қайтарганлар. Шунингдек, мусулмонлар орасида ҳар бир даврда ҳам бузғунчи оқимлар чиқиб туришидан огоҳлантириб, мусулмонларни бундай оқим ва гуруҳларга эргашиб кетмасликларини уқтириб, шундай деганлар: “Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетур, уларнинг ҳаммаси ҳам адашган – залолатда бўлиб, фақатгина аҳли сунна вал жамоа йўлини тутганларгина ҳидоятда бўлурлар”[6].

Юртдошларимиз бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари лозим.

Ушбу ғоялар Ислом динига, хусусан, Ҳанафия мазҳабига зид эканлигини шундан ҳам билса бўладики, улар қабр азобини инкор этадилар. Сарвари олам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал инсон эканликларини тан олмайдилар. Энг даҳшатлиси шундаки, улар ҳам диний, ҳам дунёвий ахлоқ нормаларига хилоф бўлган, динимиз томонидан ҳаром қилинган, қонун томонидан таъқиқланган беҳаё суратлар (порнография)ни ёқлаб, кенг ташвиқот қилиб, бундай фаҳш суратларни томоша қилишга катта имкониятлар яратиб беради.

Шу кунларда диний жабҳада рўй бераётган муаммолар ана шу оқимлар туфайли содир бўлмоқда. Улар аламзадалик билан турли иғволарни тарқатмоқдалар. Халқ ўртасига нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар, шунинг учун ҳам уларнинг кирдикорларини фош этишимиз ҳамда кескин зарба беришимиз даркор. Биз мўмин-мусулмонлар шуни яхши англамоғимиз лозимки, Ислом дини ниқоби остида тузилган ҳар қандай ҳаракат, оқим ва фирқалар муқаддас динимиз учун ётдир. Чунки ҳаёт йўлимизни аниқ кўрсатиб берган Қуръони карим ва Суннати набавиядек асосий қўлланмамиз бор. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Эй умматларим, мен сизларга икки нарсани қолдириб кетаяпман. Бири Аллоҳ таолонинг китоби - Қуръони карим, иккинчиси эса менинг суннатим - ҳадислар. Агар сизлар ана шу икки нарсага амал қилган ҳолда ҳаёт кечирсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар ва икки дунё саодатига эришурсизлар”[7].

Шу кунларда мустақил мамлакатимиз фуқаролари ижтимоий тараққиёт, муҳим ўзгаришлар, оламшумул тарихий воқеалар оғушида ҳаёт кечирмоқдалар. Ҳозирги замон талаби ҳар бир фуқарони, жумладан, дин аҳлини ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлиб, турли воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлиб туришларини тақозо этмоқда, улар жамиятимизда рўй бераётган воқеаларига теран кўз билан назар ташлаб, динимиз ва Ватанимизнинг дахлсизлигига раҳна соладиган қора кучларга қарши муросасиз кураш олиб бормоқликлари, айниқса, турли бузғунчи оқимлар, ақидапарастлик, экстремизм каби қабиҳ ниятли кишиларнинг пуч ғоялари, ғаразли мақсадларини фош этмоқликлари лозим.

Мустақил мамлакатимизда Ислом дини омилидан, унинг бой маънавий ва маданий қадрият сифатидаги катта имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Динимизга берилган эмин-эркинлик, масжид-мадрасаларнинг обод қилиниши, буюк алломаларимизнинг таваллуд саналари нишонланиши, уларнинг харобага айланиб қолган абадий қўним топган масканлари муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилиши халқимиз ва ҳукуматимизнинг Ислом динига бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмат ва эҳтиромининг яққол тасдиғидир. Шу ўринда муҳтарам биринчи президентимизнинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш жоиздир: “Биз динга бундан буён ҳам барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Диний расм-русумларга, байрамларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади. Айни замонда биз дин пешволарига, ўзимизга ўхшаган мусулмон биродарларимизга бир нарсани такрор ва такрор уқтирмоқчимизки, дин ўз йўли билан, давлат ўз йўли билан. Диний партиялар тузиб, ҳокимият талашиб юришлар Худога ҳам хуш келмайди. Ислом дини инсонларни камтарликка, камсуқумликка ундайди. Мусулмон фарзанди кечиримли бўлади. Мусулмон фарзанди бировни кофир, бировни художўй деб тоифаларга ажратмайди. Сабаби, бандасининг устидан бандаси эмас, Худонинг ўзи ҳукм чиқаради. Шундай экан, бир-биримизни беҳуда айблаб, мен мусулмонман, сен кофир деб, талашиб юришлар бизга тўғри келмайди. Ҳамма аҳил, ҳамма покиза бўлиб яшасин. Кимнинг фазилати қанча эканини Яратганнинг ўзи ажрим қилиб беради у дунёда”[8].

Ҳозирги вазиятда мамлакат аҳолисининг руҳий-маънавий покланиши, мустақил фикрлаши, ўз тақдири ва фарзандлари истиқболи ҳақида қайғуриши жуда муҳим. Бу вазифа барчамизнинг, жумладан, дин аҳлининг ҳам муқаддас бурчидир. Киши ўзлигини англамаса, ўз виждони билан юзма-юз турмаса, имон ва эътиқод олдида ҳисоб бермаса, қўшниси, маҳалласи, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини тўла ҳис этмаса, бундай одам инсонлик шарафига муносиб эмасдир.

Аллоҳ таоло инсонга ақл-заковат берган, руҳий, илоҳий куч ато этган. Бундан мақсад бандам дунёдан бехабар қолмасин, ўзининг кимлигини унутмасин, Аллоҳ берган ақл билан ҳунар ўрганиб, заминни обод қилсин, яшнатсин деган. Яна инсонларга Аллоҳ таоло меҳр-оқибатни ҳам берган.

Нечун шундай фазилатларга эга бўлган инсонлар бир-бирлари билан бу ўткинчи дунёда талашиб-тортишиб, бузуқ ишларга ружу қўйиб, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкадилар. Эл тинчлигини бузиб, инсон ҳаётига тажовуз қилишлик Қуръони каримда ҳам қораланган. Бу борада шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди”[9].

Бегуноҳ одамнинг жонига қасд қилиб, уни ўлдиришлик шаръий ҳаромдир. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Кимки қасддан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, у ўша жойда абадий қолажак ва ул одам Аллоҳнинг азоби ва лаънатига дучор бўлган. Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”[10].

Ер юзида фисқу фасод уруғини сочиш, инсон ўз жонига қасд қилиши ҳам гуноҳи азимдир. Дарҳақиқат, ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

Қуръони Каримда инсоннинг ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!”[11] ва яна: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирмангиз, зероки, Аллоҳ Сизларни ўз раҳм ва шафқати ила яшашингиз учун дунёга келтиргандир”[12], деб уқтирилган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан: “Ўзини темир (тиғ) билан ўлдирган киши, жаҳаннамда ўша темири қўлида бўлиб, темир билан қорнига оғриқ берилиб азоланади, у дўзахда абадий шу ҳолатда қолади. Заҳар ичиб ўзини ўлдирган киши, жаҳаннам оловида унга заҳарни мажбурлаб ичирилади, Тоғдан ўзини улоқтириб ўлдирган киши, жаҳаннам оловига улоқтирилади, у дўзахда абадий шу ҳолатда қолади”, [13] - деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда эса: “Бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирган бўлса, қиёматда ўша нарса билан азоб берилади”[14], -деганлар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.

Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам борлар. Уларнинг ичида сайёҳлар, бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун қотиллар дўзахий бўлиб қоладилар. Бу номаъқул ишга тақлид қилувчилар ҳам дунё, ҳам охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар.

Бизлар яхши билмоғимиз керакки, террористлар, турли кўринишдаги экстремистлар, энг аввало, Ватанимиз тараққиётига, қолаверса, жаҳон цивилизацияси, айниқса, муқаддас динимизга путур етказмоқчи бўлган ғаламис, беватан, динсиз кимсалардир. Бизлар лоқайд бўлмаслигимиз керак. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ.



[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: ТИУ. 2001. Аҳзоб сураси, 72-оят мазмуни.

[2] Бақара сураси, 208-оят мазмуни

[3] Бақара сураси, 2-оят мазмуни.

[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. –Ж.2. –Т.: “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. 6412-ҳадис. –Б.437.

[5] Оли Имрон, 103-оят мазмуни.

[6] Қазвиний. Сунан ибн Можа. –Ж.2. –Байрут. Доу-л-фикр. –Б.1322.

[7] Молик ибн Анас. Муватто. –Ж.5. –Байрут. Муассаса Зоид ибн Султон, 2004. –Б.1323.

[8] Ислом Каримов. Ўзбекистон: миллий Истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура –Ж.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. -Б.26.

[9] Моида сураси, 32-оят мазмуни.

[10] Нисо сураси, 93-оят мазмуни.


Киритилган вақти: 06/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3654
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/diniy-ekstremizm-va-terrorizmga-qarshi-kurashning-diniy-manbaviy-asoslari
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 22:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг