БОШЛИҚЛАРГА ИТОАТ ҚИЛИШ
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўзимиздан бўлган бошлиқларга итоат қилишга буюриб марҳамат қилди:
Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир*. Нисо сураси 59-оят.
Албатта пок шариатимизнинг буюрган қоидаларидан бири, ўзимиздан бўлган бошлиқларга итоат қилиш ҳар бир фуқарога лозимдир. Чунки бошлиқларга итоат қилиш дин ва дунё ишларини тартибга солади, инсон фитнадан сақланади, ҳадлар адо қилиниб, фарзлар бажарилади.
Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг расули эканлигига, намозни қоим қилишга, закотни беришга, эшитиш ва итоат қилишга ва барча мусулмонларга насиҳат қилишга байъат қилдим” Бухорий ривояти.
Каъбул Аҳбордан бошлиқлар ҳақида сўралганда, шундай дедилар: “Улар ердаги Аллоҳнинг соялари. Ким уларга насиҳат қилса, тўғри йўлни топади. Ким уларни алдаса, адашади.”
Ҳузайфа ибн ал-Яман (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Бошлиқларни сўкманглар.Чунки у Аллоҳнинг ердаги сояси. Аллоҳ у билан ҳақни қоим қилади, динни ошкор қилади, зулмни даф қилиб, фосиқларни ҳалок қилади.”
Умар ибн Абдулазиз қўл остидаги одоб берувчи инсонга деди: “Сенга тоатим қандай бўлди?” “Чиройли итоат қилдингиз” деди. “Сенга итоат қилганимдек, менга ҳам итоат қилгин”, дедилар Умар ибн Абдулазиз.
Ҳақни юзага чиқариб, зулмга қарши курашувчи бундай бошлиқларга итоат қилиш улкан савоб, уларга итоат қилмаслик осийлик эканлигини баён қилиб,
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амиримга итоат қилса, бас менга итоат қилибди. Ким амиримга осий бўлса, менга осий бўлибди”.
Олимлардан бирлари дедилар: “Бошлиққа итоат қилиш, унинг нуридан олган инсон учун ҳидоятдир. Бошлиқ итоатидан чиқиш омонликдан узилишдир. Бошлиқ итоати Аллоҳнинг мустаҳкам арқони ва тўғри динидир. Ундан чиқиш эса, тоат қўрғонидан маъсият зулматига чиқишдир. Ким бошлиқни алдаса, адашибди ва хор бўлибди. Ким унга муҳаббат, насиҳат қилса, дунё ва охиратда олий мақомни топибди.” Бошлиққа итоат қилиш Аллоҳ таоло Пайғамбарига нозил қилган улуғ Китобида буюрилган вожибдир.
Бундай одил бошлиқлар фазли ҳақида,
Абу Саъид ал – Ҳудрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Қиёмат кунида Аллоҳ таолога энг суюкли ва Унга энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир". Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: "Ҳукм чиқаришда ҳам оила – аъзолари ва қўл остидагилари хусусида адолатли бўлган зотлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида, Раҳмоннинг ўнг томонида нурдан ясалган минбарлар устида бўладилар. Аллоҳ таолонинг ҳар иккала қўли ўнгдир". Муслим ривояти.
Киритилган вақти: 21/09/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3214
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 23:13