Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

КАЛОМ ИЛМИНИНГ ФАЗИЛАТИ, АҚЛИЙ ВА НАҚЛИЙ ДАЛИЛЛАРНИ ЎРГАНИШ

 
 

Бизларни онгли мавжудот қилиб яратган ҳамда Уни таниб, иймон келтирган зотлардан қилиб қўйган Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин!

Пайғамбарларнинг сўнггиси, Одам фарзандлари ичидан энг улуғи, ўз уммати учун жонини фидо қилиб яшаб ўтган ҳазрати Муҳаммадга ва у зотнинг олу асҳобларига сонсиз-саноқсиз салавот-у саломлар бўлсин!

Илмларнинг ичидан энг афзали – бу, Аллоҳ таолонинг зоти билан алоқадор илм эканлиги барча аҳли илмларга маълум бир ҳақиқатдир.

Мусулмон киши Аллоҳнинг мавжудлик, қадимлик, (яъни азалийлик – Унинг мавжудлигининг ибтидоси йўқлиги), ягоналик (яъни Унинг зотида, сифатларида ва феълларида ҳеч бири шериги йўқлиги), ўз Зоти билан мавжуд бўлиб туришлик (яъни мавжуд бўлиб туришда бошқага муҳтож бўлмаслиги ва ҳар бир мавжуд нарса Унга муҳтож эканлиги), яратилмишларга ўхшамаслик (яъни, У Ўзининг яратмишларидан бирортасига ўхшамаслиги, Унинг азалий қудрати, азалий иродаси ва азалий ҳаёти борлиги, ана шу ҳаёти яратилмишларнинг ҳаётига ўхшамаслиги), эшитиш ва кўриш (яъни У эшитади ва кўради) каби сифатлар билан, азалий илм билан сифатланган эканини, Унинг бизларнинг гапимизга ўхшамайдиган каломи борлигини яхши билиб олмоғи лозим. Буларни билишда У яратилмишларга ўхшамайди деган эътиқодда бўлиш керак. Ана шу ўн учта сифатларни билиш ҳар бир балоғат ёшига етган ва ақли жойида бўлган мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Аммо бу ўн учта сифатдан бошқаларини билиш эса фарзи кифоя бўлиб, айрим мусулмонларнинг уларни билишлари бошқаларнинг зиммасидаги бу масъулиятни соқит қилади. Бинобарин, ана шу ўн учта сифатни ақлий далил билан ёки ҳеч бир далилсиз билиб олган, пайғамбарлар – алайҳимуссалом – ларга нима вожиблигини ҳеч бир далилсиз бўлса-да билиб олган киши ўзининг зиммасида фарз бўлган эътиқодни адо этган ҳисобланади.

Бу калом илмининг биринчи даражаси бўлиб, ҳар бир балоғат ёшига етган ва ақли жойида бўлган мусулмонга уларни билиш фарздир.

Калом илмининг иккинчи даражаси Аллоҳ учун вожиб бўлган сифатларнинг барчасини ақлий ва нақлий далиллари билан билишдир. Буниси фарзи айн эмас, балки фарзи кифоя амал. Диний билими етарли бўлмаган мусулмонларга бу сифатларни ақлий ва нақлий далиллари билан билиш фарз эмас. Яъни бу даражадаги илмни билиш мусулмонларнинг баъзилари учун фарз ҳисобланади.

Шунингдек, намоз, рўза, закот ва ҳаж сингари амалларга тааллуқли аҳкомларни билиш ҳам икки даражалидир. Мулҳидлар ва бидъатчиларнинг мусулмонларни шубҳага солиб қўйишларининг олдини олиш ва бартараф қилишга қодир бўлиши учун мусулмон киши уларнинг далилларини яхши билиши лозим. Мулҳидлар – ислом динига мансуб бўлмаган зиндиқ кишилар бўлиб, улар мусулмонларни ўз динлари хусусида шак-шубҳа остига солиб қўйишни истайдилар. Бидъатчилар эса мусулмон шахслар бўлиб, улар ҳидоят йўлида эмас балки залолат йўлидадирлар. Ана шу бидъатчилар икки тоифа бўладилар:

Биринчи тоифа аслида ислом динидан чиқиб кетган бўлсалар-да, ўзларини мусулмонмиз деб даъво қиладилар. Улар диндан чиққанликларини билмайдилар ҳам. Жумладан, “Аллоҳ таоло бандада яратиб қўйган қудрат билан у ўз амалларини ўзи яратади. Аллоҳ таоло банданинг амалларидан ҳеч бирини яратмайди. Аксинча, банда ўзининг амалларини ўзи яратади. Аллоҳ таоло бандага бу қудратни берганидан сўнг уларнинг амалларини яъни, уларнинг ҳаракатлари-ю ҳаракатсиз туришларини яратишдан ожиз бўлиб қолади”, дейдиган муътазилийлар ана шундай бидъатчилардан биридир. Ана шу тоифа вакиллари бандани ўз амалининг яратувчиси деб эътиқод қиладилар-у, аммо ўзларини мусулмон деб, бўлиб ҳам мусулмонларнинг энг яхшилари деб даъво қиладилар. Аслида улар ҳеч ҳам мусулмон эмаслар ва уларнинг исломдан насибалари йўқдир. Демак, биз юқорида айтиб ўтган кишилар ва тоифаларга раддия бера олиш имконини берадиган даражада илм ўрганиш фарзи кифоядир.

Калом илми салафлар даврида ҳам бўлган. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу салафлар даврининг энг ўртасида вафот этганлар. Салафлар деганда биз исломнинг дастлабки уч асрида яшаб ўтган мусулмонларни тушунамиз. Улардан сўнг халафлар деб аталадиган мусумонларнинг даври бошланган. Бинобарин, бу умматнинг энг яхшилари – бу, исломнинг дастлабки уч асрида яшаб ўтган мусулмонлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши деб баҳо берган кишилар айнан ана шу уч асрда яшаб ўтган мусулмонлардир. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу шу уч асрнинг ўртасида яъни 150 – йилда вафот этган ва айнан ана шу йилда имом Шофиий таваллуд топган. Абу Ҳанифа калом илмида энг юқори даражадаги олимлардан бири бўлган. Унинг ақлий ва нақлий далиллари теран англаб етган шахс бўлган. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ўзларини исломга мансуб деб даъво қиладиган ана шу бидъатчиларга ва исломга мансуб бўлмаган ана шу мулҳидларга қарши кескин кураш олиб борган. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу калом илмига ўта иштиёманд бўлганидан ўртадаги масофа олис бўлишига қарамасдан Бағдод билан Басра ўртасида қатнаб юрган. Туя, от ва эшак каби ҳайвонлардан бошқа улов мавжуд бўлмаган ўша даврларда у йигирма мартадан кўпроқ бу икки шаҳар ўртасида қатнаган.

Ақида илмини ҳам ақлий, ҳам нақлий далиллари билан бирга ўрганиш ёмон нарса эмас. Аксинча у ҳам мусулмонлар зиммасидаги фарздир. Биз юқорида айтиб ўтган мулҳидларга “Аллоҳ таоло ундай деган”, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган” десангиз улар “Биз сенинг китобингга ҳам, Пайғамбарингга ҳам ишонмаймиз. Шундай экан, бизга ақлий далил келтир”, деб туриб оладиган бўлса, сиз нима қилар эдингиз. Аллоҳ таолонинг борлигига, Унинг қудрати ва билишимиз лозим бўлган сифатларига, пайғамбарликнинг ҳақлигига, анбиё ва расулларга эргашиш лозимлигига ақлий далиллар келтира олмасангиз қандай қилиб у билан баҳслашасиз ва унга қарши курашасиз?! “Аллоҳ таоло ундай деган”, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган”дан бошқа нарсани билмасангиз, билганингиз фақат оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маънолари бўладиган бўлса, қандай қилиб улар билан кураша оласиз?

Динни ҳимоя қилиш учун ақлий далилларни билиш, ақидани унинг ақлий ва нақлий далиллари билан ўрганиш шарт ва зарурдир.

Тўғри, айрим одамлар ҳақиқатни яхши билмаганликлари учун одамларни калом илмидан қочиришга уринадилар ва бунинг учун имом Шофиийдан ривоят қилинган “Аллоҳга ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ билан йўлиқишим мен учун Унга калом илми билан йўлиқишимдан кўра яхшироқдир”, деган сўзларини далил қилиб келтирадилар. Аслида-чи? Аслида, имом Шофиийдан қилинган ривоятнинг тўғриси бу мужтаҳид, муҳаддис ва муфассир имом Абу Бакр ибн Мунзир ўзининг “Ал-ишроф” китобида ривоят қилган гапидир. Ибн Мунзир имом Шофиийнинг Рабий ал Муродий каби етук шогирдларидан таълим олган кишилардан биридир. Демак, Ибн Мунзир имом Шофиийдан қилган ривоятда у: “Банданинг шикрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ билан Аллоҳга йўлиқиши унинг ҳой-ҳаваслардан бир ози билан Аллоҳга йўлиқишидан кўра яхшироқдир”, деган. Ҳой-ҳаваслар дегани бу, бидъатчиларнинг ақидалари бўлиб, муътазилийлик ҳам ҳой-ҳаваслар тоифасидандир.

Ақида илмини унинг ақлий ва нақлий далиллари билан ўрганиш – ана шу буюк иш мусулмонларнинг айримлари зиммасидаги фарзи кифоядир. Аммо шунга қарамай, баъзи бир одамлар уни ёмон кўрадилар, Шофиий розияллоҳу анҳуга нисбат берилган юқоридаги бузиб нақл қилинган гапни хужжат сифатида келтирадилар. Ана шу одамлар имом Шофиий розияллоҳу анҳунинг ақида илмини мукаммал билганини, бундан ташқари унинг ақлий ва нақлий далилларини белгилаб берганини билмайдилар. Имом Шофиий бу илмда жуда пишиқ бўлгани учун “Бундан олдин унисини мукаммал ўрганиб олдик”, деган эди. Яъни, фиқҳ илмини ўрганишдан олдин биз ақида илмини унинг ақлий ва нақлий далиллари билан бирга мукаммал ўрганиб олдик.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, калом имлини ёмонотлиққа чиқарадиган ёки ақида илмини ақлий далиллар орқали ўрганишни инкор қиладиган кишилардан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча ишларда ақл билан иш юритишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръони каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта ишлатилган. “Ақл эгалари” деган жумла эса 10 мартадан кўпроқ ишлатилган.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шу ақл эгаларидан қилсин. Ўзининг розилигига олиб борадиган йўлдан адаштирмасин.

Алоуддин ҲОФИЙ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими


Киритилган вақти: 13/11/2019 14:03;   Кўрилганлиги: 1965
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/aqidah/kalom-ilmining-fazilati-aqliy-va-naqliy-dalillarni-organish
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 09:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг