Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Васила ҳақида

 
 

Васила сўзи луғатда “бир нарса билан бирор кишига ёки нарсага яқин бўлиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш,  васила деб аталади”.

Васила қилиш борасида уламолар кенг ихтилофлар қилишган. Хулоса ўрнида, васила масаласини Уламолар иттифоқ қилган кўринишини келтириб ўтамиз:

Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилишганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларини васила қилиб, Аллоҳга юзланишликлари жоиздир. Бунга далил қилиб қуйидаги оят ва ҳадисни келтирадилар:

(وَمَاۤ أَرۡسَلۡنَا مِن رَّسُولٍ إِلَّا لِیُطَاعَ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَلَوۡ أَنَّهُمۡ إِذ ظَّلَمُوۤا۟ أَنفُسَهُمۡ جَاۤءُوكَ فَٱسۡتَغۡفَرُوا۟ ٱللَّهَ وَٱسۡتَغۡفَرَ لَهُمُ ٱلرَّسُولُ لَوَجَدُوا۟ ٱللَّهَ تَوَّابا رَّحِیما)

Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар(Нисо сураси 64-оят).

عَنْ  عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً أَعْمَى جَاء إِلَى النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ادْعُ اللهَ أَنْ يَكْشِفَ عَنْ بَصَرِي فَقَال: إِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ وَإِنْ شِئْتَ صَبَرْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ قَالَ: فَادعُه فَأَمَرَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنِبِيِّكَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي أَتَوَجَّهُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَاتِي هَذِهِ لِتُقْضَى لِي اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ. فَذَهَبَ ثُمَّ رَجَعَ وَقَدْ كَشَفَ اللهُ عَنْ بَصَرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кўзи ожиз бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга менинг кўзимни очишини сўраб дуо қилинг”, деди. Шунда у зот: “Хоҳласанг дуо қиламан, агар сабр қилишни хоҳласанг, у сен учун яхшироқ бўлади”, дедилар. У: “Дуо қилинг”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таҳорат қилишни, таҳоратини гўзал қилишини ва бу дуони ўқишини буюрдилар: "Ё Аллоҳ, Сендан сўрайман ва раҳмат пайғамбари бўлмиш пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад, мен ушбу ҳожатим раво қилиниши учун сиз билан Роббимга юзланаман. Эй Аллоҳ, бу зотнинг мен ҳақимдаги шафоатларини қабул қилгин!. Ҳалиги киши кетди сўнгра қайтиб келганида Аллоҳ унинг кўзларини очган эди”. Термизий ва Насоийлар ривоят қилган.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, дуо қилаётган киши дуосини Аллоҳ таоло учун қилиши ва ижобатни ҳам У Зотдан кутишлиги шарт қилинади.

Уламолар шунингдек, бошқа солиҳ ва яхшилик аҳли бўлган инсонларни ҳам васила қилиб, Аллоҳга юзланишликлари жоиз эканлигини айтишган. Бунга далил ўлароқ қуйидаги ояти каримани келтиришади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар” (Моида сураси, 35-оят).

Аллоҳ таоло бу ўринда “... Унга васила ахтаринглар...” деб қайдламасдан келтирганини далил қиладилар.

Шунингдек, қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар:

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ила истисқо (ёмғир сўраб дуо) қилар эдилар:

“Эй Аллоҳ! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”. Бухорий ривояти

Ушбу ҳадисдан келиб чиқиб, уламолар тирик солиҳ инсонларни васила қилиш жоиз деб айтишган.

Шуни таъкидлаб ўтмоқ лозимки, васила қилишда мўмин-мусулмонлар эҳтиёт бўлишлари керак бўлган ўринлар бор:

1 - Одамлар Аллоҳ таолони дунё подшоҳлари каби тушуниб, У Зотга фақатгина вазири ёки яқин кишиси орқали мурожаат қилса бўлади, деган тушунчада бўлишлари. Бу жуда катта хато фикрдир.

2 - Банда ўзини ҳақир санаб, Аллоҳ таолога дуо қилса, у ўртага бирор солиҳ инсонни васила қилмаса, дуоси қабул бўлмайди, деб ўйлаши. Бу ҳам қаттиқ хато фикр.

Юқоридаги бу икки фикр Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасига зиддир:

(وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِی عَنِّی فَإِنِّی قَرِیبٌۖ أُجِیبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِۖ فَلۡیَسۡتَجِیبُوا۟ لِی وَلۡیُؤۡمِنُوا۟ بِی لَعَلَّهُمۡ یَرۡشُدُونَ)

"Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар" (Бақара сураси 186-оят).

Шунингдек, Имоми Бухорий роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар банда шошилишмаса, дуоси ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин", деганлар.

Имом Марғилоний роҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарларида шундай келтирадилар:

وَيُكْرَهُ أَنْ يَقُولَ الرَّجُلُ فِي دُعَائِهِ بِحَقِّ فُلَانٍ أَوْ بِحَقِّ أَنْبِيَاؤُك وَرُسُلِك؛ لِأَنَّهُ لَا حَقَّ لِلْمَخْلُوقِ عَلَى الْخَالِقِ .

“Киши ўз дуосида: “Фалончининг ҳаққи ёки Сенинг Пайғамбаринг ва Расулинг ҳаққи ила” деб дуо қилиши макруҳ бўлади. Чунки, махлуқнинг Холиқнинг зиммасига вожиб бўлган ҳаққи йўқдир”.

Бу матнда назарда тутилинаяптики, васила қилувчи: “Ўша буюк шахслар ҳаққидан Аллоҳ таолога дуоимни қабул қилиши вожиб бўлади”, деган эътиқодда васила қилиш ботил ва фосиддир. Чунки, Аллоҳ таолонинг зиммасига махлуқнинг бирор ҳаққи вожиб бўлмайди. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бериладиган нарсалар эса, бандаларга Аллоҳнинг фазли ва иноятидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг зиммасида бандаларнинг бирор ҳаққи йўқдир.

Имом Абу Ҳанифа ва икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳлар ҳам бундай кўринишни макруҳ санашган.

3 - Қабрда ётган солиҳ инсонлардан хитобан, "Аллоҳдан менга фалон нарсани сўраб беринг" ёки "Менга мадад беринг” деб сўраш.

Бу ўринда мусулмон киши айтаётган ҳар бир калимасига диққат билан эътибор қаратмоғи лозим. Дуони ижобат қилувчи ва бандасига барча инъом ва туҳфаларни берувчи Зот Аллоҳ таолодир.

Ҳар қанлай ҳолатда ҳам уламолар қаттиқ огоҳлантирадиларки, дуо қилаётган киши дуосини қабул қилувчи ва унга барча неъматларни берувчи Зот Аллоҳ таоло эканлигини унутиб қўймаслиги лозим! Чунки, василадан мақсад янада қурбат ҳосил қилишдир. Мўмин-мусулмонларга маълумки, фойда ҳам, зарар ҳам Аллоҳнинг изнида ва Аллоҳ барча нарсага қодир Зот!

Хайруллоҳ домла Саттаров


Киритилган вақти: 24/08/2020 10:49;   Кўрилганлиги: 1392
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/vasila-haqida
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 02:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг