Тинчлик, осойишталик олий неъматдир
Маълумки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара, 208).
Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.
Биз терроризмга қаршимиз. Унинг мудҳиш жиноятларини қаттиқ қоралаймиз.
Ислом динини ниқоб қилиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо таъкидлаймиз. Шуни унутмайликки, муқаддас ислом динимиз тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган. Уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздан бирига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда 16 хил конфессияга амал қилувчи 130 дан зиёд миллат вакиллари ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.
Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан, кўплаб мусулмонлар истиқомат қилувчи юртлар сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда.
Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.
Айниқса, ахборот манбалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз керак. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари шарт.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлиқ катта ҳамда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши – унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!
Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Жаҳонгир Хатамов
Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Мўмин” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 05/10/2023 14:37; Кўрилганлиги: 707
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 10:33