Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

САФИНА

 
 

Саҳобалар ҳаёти

Набий алайҳиссаломнинг мавлолари

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлолари, Абу Абдураҳмон кунясини олган  саҳоба, лақаби Сафина. Умму Салама розийаллоҳу анҳонинг қули. Онамиз уни озод этиб, эвазига Набий алайҳиссалом хизматида бўлишини шарт қилган. Набий алайҳиссалом уни “Сафина” деб атаганлар. Мана шу исми билан машҳур бўлди. 

Сафина розийаллоҳу анҳу Умму Салама онамизнинг унга кўрсатган илтифотидан ниҳоятда севинди. Сабаби, у Набий алайҳиссаломга яқин бўлиш имконини қўлга киритганди. Шунинг учун мамнуният ила: “Умму Салама онамиз розийаллоҳу анҳо мени сотиб олиб, сўнг озод қилди ва то ҳаёт эканман, Набий алайҳиссаломга хизматида бўлишини шарт қилди. Шунда мен: “То ҳаёт эканман, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ажралишни истамасман”, дедим», деган.

Сийрат олимлари саҳобанинг исми борасида ихтилоф қилишган. Аксар ўринда Ҳурмуз ибн Моҳон Форсий, дейилади. Имом Воқидий раҳимаҳуллоҳ: Исми Миҳрон ибн Фаррух; Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ: “Румон (Рабоҳ ҳам деб аталган)” деган. Бир ўринда: “Қайс, мана шу энг тўғрисидир”, дейилади. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: “Исми Сафина ибн Мафуна”, деган. Шунингдек, Сафинанинг асли араб ёки форс юртидан экани борасида ҳам олимларнинг ихтилофи бор.

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саъд отасидан, у киши бобосидан, у киши эса форслик Ҳурмуз ибн Моҳон (яъни, Сафина)дан ривоят қилади: «Айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари ила имон келтирдим. Улар мени Холид ибн Валиднинг қўшинига бириктирдилар. Кейин мен Набий алайҳиссаломга: “Ё Расулуллоҳ, менга садақа беришларини буюрсангиз”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Садақа на менга ва на аҳли байтимдан бирон кишига ҳалол эмас”, дедилар. Сўнг менга (байтул молдан) бир динор беришларини буюрдилар».

Муовия ибн Қурра ривоят қилади: “Бадр куни йигирма қул иштирок этди. Улар орасида Набий алайҳиссаломнинг Ҳурмуз  (яъни Сафина) исмли мавлолари ҳам бор эди. Набий алайҳиссалом уни озод этар эканлар: “Аллоҳ таоло сени озод қилди. Қавмнинг мавлоси улардан саналади. Биз аҳли байт садақа емаймиз. Сен ҳам уни емагин”, дедилар.

Аммо Форсийнинг хабарига кўра, Сафина Исломни кечроқ қабул қилган. Сабаби, Холид ибн Валид ҳижратнинг еттинчи йили Исломга кирган. Бадр жанги ҳам анча илгари бўлиб ўтган. Бу ерда ихтилофдан чиқиш учун Сафинанинг: “Набий алайҳиссалом мени Исломи кечиккан Холид ибн Валиднинг қўшинига киритдилар”,  деган сўзига биноан бирлаштирсак, масала ойдинлашади.

 

Нега “Сафина” деб ном олди?

Ривоятларга кўра, унга бу номни Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўйганлар. Бунга Сафинанинг: “Исмим Қайс эди. Набий алайҳиссалом мени Сафина, деб атадилар”, дегани далилдир. Бир ўринда унинг бу номни олиши борасида қуйидаги воқеа зикр қилинади: «Қайс Набий алайҳиссалом ва саҳобалар билан бирга сафарга чиқди. Набий алайҳиссалом Қайсга: “Кийимингни ёз”, дедилар. Кейин у кийимини айтганларидек ерга тўшади. Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом нарсаларни кийимга ташладилар ва унга: “Мана буни кўтариб ол, бугун сен Сафинасан (кема)”, дедилар». Қайс ўзи бундай дейди: “Агар ўша куни битта, иккита ёки бешта, ёхуд олтита туя кўтарганимда ҳам менга оғирлик қилмас эди”.

 

Каромати

Имом Ҳоким “Мустадрак” асарида Сафинадан бундай ривоят келтиради: «Денгизда кемага миндим. Йўлда талофатга учради. Кейин кемадан қолган тахта бўлагига чиқиб, жон сақладим. Тўлқин мени даштга олиб бориб ташлади. Ногоҳон рўпарамдан шер чиқди. Унга: “Эй Абу Ҳорис (шернинг куняси), мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мавлолариман”, дедим. Шундан кейин шер бошини эгиб, елкасини қисди. Шу ҳолда кетганча мени йўлга олиб чиқди. Йўл устида турганимда менга қараб ириллади. Буни менга салом йўлламоқда, деб таъвил қилдим».

Ушбу ҳикоядан уламолар бир неча кароматларни санаб ўтишди. Жумладан, “Набий алайҳиссаломнинг жонзотлар наздидаги ҳурматлари. Сафинанинг Набий алайҳиссаломнинг мавлолари эканини эшитиши биланоқ йиртқич бошини эгиб олганидан билсак бўлади. Кейин Аллоҳ таоло Сафина йўлни топиб олиши учун шерга буюрди.

Дарҳақиқат: “Огоҳ бўлинг, ким Аллоҳнинг сўзларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир”(Юнус сураси, 53-оят), деб айтган  Аллоҳ таоло нақадар Буюкдир.

 

Ҳадис ривоят қилиши

Сафина розийаллоҳу анҳу ўн тўртта ҳадис ривоят қилди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ташқари барча муҳаддислар уларни китобларида келтиришди. Бу кишидан фарзандлари Амр ва Абдураҳмон, Ҳасан Басрий, Саъид ибн Жумҳан, Муҳаммад ибн Мункадир, Абу Райҳона Абдуллоҳ ибн Матор, Солим ибн Абдуллоҳ, Солиҳ Абу Халил ва бошқалар ривоят қилишди.

Сафина розийаллоҳу анҳу Умму Салама онамиздан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Қайси бандага мусибат етса:“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳумма ажирни фи мусибатина вахлиф хойрон минҳа”, (“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз. Ё Аллоҳ, бу мусибатимда менга ажр бер, бунинг изидан менга яхшилик ато эт), десин. Ана шунда Аллоҳ таоло мусибатига ажр беради ҳамда унинг изидан яхшилик келтиради”. Онамиз сўзида давом этиб айтади: “Абу Салама оламдан ўтгач, мен: “Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари Абу Саламадан кўра ким ҳам яхшироқ бўлиши мумкин?” дедим. Сўнгра  Аллоҳ таоло менга куч берди. Кейин: “Ё Аллоҳ, бу мусибатимда менга ажр бер, бунинг изидан менга яхшилик ато эт”, дедим. Кейин Набий алайҳиссаломга турмушга чиқдим».

***

Сафина розийаллоҳу анҳу Ҳажжож ибн Юсуфнинг халифалиги даврида оламдан ўтди. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

 

Манбалар асосида

Каттақўрғон туманидаги "Халфа Худойберди" жоме масжиди имом-хатиби

Шоҳимардон УМАРОВ тайёрлади


Киритилган вақти: 05/06/2021 11:08;   Кўрилганлиги: 801
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/safina
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 16:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг