Раддия: Марҳумлар эшитадилар.
Агар сўралса: Маййит зиёрат қилувчисининг гапларини ва дуо-ю саломларини эшитадими? ...
Жавоб; Ҳа, маййит албатта эшитади. Бунга Росулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида далиллар етарли. Чунончи, икки саҳиҳ тўплам (Бухорий ва Муслим)да Пайғамбар алайҳиссаломдан собит бўлишича, ул зоти шариф айтганлар: “Қабрдан орқага қайтаётганларида уларнинг кавуш тақиллашини маййит эшитади”. Пайғамбар алайҳиссаломдан яна келган: “Ул зоти шариф Бадрда ўлганлар олдидан уч марта кетиб, яна қайтиб келдиларда, шундай дедилар: “Эй, Абу Жаҳл ибн Ҳишом! Эй, Умайя ибн Халаф! Эй, Утба ибн Рабиъа! Эй, Шайба ибн Рабиъа! Роббингиз сизга ваъда қилган нарсани ҳақлигини топдингизми? Бас, албатта мен роббим менга ваъд қилган нарсани топдим”. Буни Умар разийаллоҳу анҳу эшитиб, бундай деди: “Эй, Расулуллоҳ! Қандай эшитадилар ва қандай жавоб берадилар? Ахир, улар ўлимтик бўлиб қолганларку!”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Нафсим яди қудратида бўлган зотга қасамки, улардан кўра сен айтганларимни эшитгувчироқ эмассан. Лекин, улар жавоб беришга қодир бўлолмайдилар”. Сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобларга буюриб, Бадр майдонидан кетдилар.
Шунингдек, икки саҳиҳда Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан келганки, албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр майдонида туриб, “Роббингиз сизга ваъда қилган нарсани ҳақлигини топдингизми?”, деганлар ва “Албатта улар ҳозир айтганимни эшитаяптилар”, деганлар.
Икки саҳиҳда бир неча марта қайд қилинганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр аҳлига салом беришга буюрганлар ва деганлар: “Мўъмин-мусулмонлардан иборат диёр аҳли! Сизларга салом бўлсин. Албатта бизлар, Худо хоҳласа, сизларга эргашувчимиз. Биздан олдингиларни, сизларни ва кейингиларни Аллоҳ раҳмат қилсин. Аллоҳдан бизлар учун, сизлар учун саломатлик сўраймиз. Эй, Аллоҳ! Бизларни уларнинг ажридан маҳрум қилма, улардан кейин бизларни холи қўйма, бизларни ва уларни мағфират қил! деб дуо қилинглар". Бу эса уларга хитобдир. Ахир хитоб эшитадиган кимсагагина қилинади.
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
Киритилган вақти: 18/11/2021 07:53; Кўрилганлиги: 876
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 11:09