Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қуш уясида қўрганини қилади

 
 

Илмий кузатиш ва тадқиқотларда инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши келтирилган. Бундан «Қуш уясида қўрганини қилади» деган доно мақол бежиз тўқилмаганига ишонч ҳосил қиласиз.

Луқмон ҳакимдан: «Нега кўпроқ ёшларга насиҳат қиласиз, аммо ёши катталарга камроқ, бунинг сабаби нима?» – деб сўрашганида, шундай жавоб берди: «Боғбон ерни юмшатиб бир ниҳолни ўтқазиб, унинг атрофини хас-хашак ва ҳар хил зарарли ўтлардан тозалаб, керак вақтда сув бериб турса, яхшилаб парваришласа, тезда вояга етади, унумли ва серҳосил бўлади.

Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола ўзига, ота-онасига бахт-саодат келтиради, жамиятнинг энг фойдали аъзосига айланади». «Равзаи хулд»  асарининг муаллифи Мавлоно Мажиддининг ёзишича, бир куни Язд шаҳрида ота-она ҳақида ваъз айтаётганида бир қария ўрнидан туриб, йиғлаганича: «Эй мавлоно, отасининг соқолидан тутиб, бошига калтак билан урган фарзанд ҳақида нима дейсан?», – деб сўради. «Отаси уни нима ишга ўргатган эди?», деб – сўрадим. «Эшакни ижарага беришга», – деб жавоб берди у. «Айб отасида, болани ёшлигидан илм ўрганишга жалб қилса ва яхши кишилар суҳбатига юборса, бундай иш содир бўлмас эди. Буни қилиш ўрнига эшакни ижарага беришга ўргатибти. Натижада бола эшак жиловидан тортиб, бошига чўп билан уришга ўрганиб қолган. У ўз отасининг соқолини эшакнинг жилови, деб ўйлаб тортган, бошига эса эшакнинг боши деб, ёғоч билан туширган», дедим».

Шундан ҳам биламизки, инсон ҳақиқий инсон бўлиб вояга етишида дастлаб ота-онанинг хизмати катта.

Демак, бу дунёда ва охиратда бахт-саодат қозониш учун дастлаб ота-она ва фарзандлар муносабатини тўғри йўлга солиш ва уни имон-эътиқод тақозосига кўра барпо этиш кўзланган натижани беради. Энг аввало инсон ўзининг қаердан келгани ва бу дунёда нима учун яшашини теран англаб олмоғи керак. Ана шунда у ўзига нима фойдаю нима зиёнлигини тўғри ажратиб олади, яхши-ёмонни фарқлайди, ўзи мустақил ҳолда ҳаёт йўлидан юришни уддалайди. Шундан кейин у яхши амалларни қилиб, ёмон амалларни қилишдан тийилади. Шунинг учун оқу қорани ажратадиган ёшга етган йигит-қизларга кўпроқ насиҳат қилиниб, уларни ҳаётнинг ҳою ҳаваслари ўткинчи эканидан огоҳлантирилади. Айрим фарзандлар улғая боргани сари ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан бадахлоқ ва тарбиясиз бўлиб вояга етишади. Айниқса, интернет асрида болалар хулқи ва табиатини айнитадиган кўнгилочар ўйинлар кўплигини инобатга оладиган бўлсак, ота-она янада ҳушёрроқ бўлмаса, вақт бой берилганидан кейин афсус-надоматдан фойда бўлмайди. Ўзбек халқи дунёга не-не алломаларни етказиб бермаган дейсиз.

Маълумки, юртимиз тарихда дунё илм-фани, маданияти ва маърифати бешикларидан бири сифатида ном қозонган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Алишер Навоий, Ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа кўплаб аллома ва мутафаккир зотларнинг ҳаёти билан танишсак, бу сўзимиз янада ўз исботини топиши аниқ. Чунки у зотлар ёшлик пайтидан муайян илм соҳасига қизиқиб, шу соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишганлар. Бу зотлар Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, ўша давр тақозо этадиган илмлар билан шуғулланганлари манбаларда зикр этилган.

Шарқда илмга бундай эътибор унинг қадри ва мартабаси юқорилигини билдиради. Инсон учун илм ва одобдан ортиқ нажот йўлини кўрсатувчи омил бўлмаса керак. Бу дунё ва охиратнинг бахт-саодати ва банданинг нажот топиш йўли ҳар иккисини мукаммал ва етарли даражада эгаллаш билан боғлиқлигини тўғри англаб олмоқ лозим. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Дунёда илмдан ортиқ нажот борлигини билмайман», деганлар. Инсониятга нозил этилган Қуръони каримнинг илк оятларида ҳам бутун башарни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюрилган. Ҳадиси шарифларда ҳам илм, унинг қадри ва мартабаси улуғлиги эътироф этилган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёяди. Олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир.  Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмадилар. Улар илмни мерос қолдирдилар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим» (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг фаришталари илм йўлига кирган талабага қанотларини ёзиб, илтифот кўрсатиб, улуғлашлари хабарини бераяптилар. Шунинг учун, фарзанд дунёга келган онидан бошлаб унинг келгуси тақдири ҳақида қайғуриш, илмга ва бошқа фойдали меҳнатга муҳаббат уйғотмоқлик фойдадан холи эмас.

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида


Киритилган вақти: 13/01/2022 07:43;   Кўрилганлиги: 469
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/qush-uyasida-qorganini-qiladi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг