Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҚИССАДАГИ ИБРАТ

 
 

Машҳур Ҳинд файласуфи Вишну Шарма ўзининг "Хурофотлар" китобида келтиради:
"Бир эшак думини йўқотиб қўйди. Бу унинг учун ниҳоятда аламли мусибат бўлди. Кўп маҳзун бўлди. У ҳар жойдан думини қидира бошлади. У шу даражада аҳмоқ эдики, думини топиб олса уни ўз жойига ёпиштириб қўйишига аниқ ишонар эди. Эшак думини қидириб юриб бир боққа кириб қолди. Эшак боғни беармон топтади, экинларни пайҳон қилди. Ўша ердаги маккажўхориларни йиқитди. Уни кўриб қолган боғбоннинг жинниси қўзиди. Пичоқни олиб эшак томон югурди. Боғбон эшакни тутиб олиб икки қулоғини кесиб ташлаб, уриб-тепиб боғдан чиқариб юборди. Энди думини йўқотгани учун йиғлайдиган эшак, қулоқларини ҳам йўқотгани учун йиғлайдиган бўлди".

Инсон зиённи ҳам қабул қилишни ўрганиши керак. Баъзи ишлар қанчалик уринмасин ўз ўрнига тушмаслигини яхши англаши керак. Зарарни қабул қилиш ҳам маданият ва пишишдир. Ким бунга ўргана олмаса ҳар куни зиён кўриб юраверади. Биз ҳаётнинг бутунлигича урушдан иборат эмаслигини билишимиз лозим. Ҳаётнинг бир неча кунларигина жангдан иборат. Битта жангда мағлуб бўлган киши барча жангда мағлуб бўлади дегани эмас. Аммо инсон битта жангдаги мағлубияти учун йиғлаб юрадиган бўлса кейинчалик барча жангда, яъни ҳаётининг охиригача йиғлаб юришига тўғри келади.
Зарарни қабул қилиш, воқелик ва ундан келадиган натижани англаш қўрқинч билан яшашдан афзалдир. Чунки биргина муваффақиятсизликни дарс деб биладиган, ундан таълим олганидан сўнг варақни ёпиб қўядиган киши кўп ҳолларда кейинчалик муваффақиятга эришади. Шу маънода Нельсон Манделанинг бир гапи бор:
"Мен умуман зиён кўрмайман. Ё фойда қиламан, ёки дарс оламан!".

Мута ғазотида қўшиннинг учта қўмондони ҳам олдинма-кейин шаҳид бўлишди. Уларни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган эдилар. Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розиёллоҳу анҳум...
Булар жангнинг илк соатларида Аллоҳ томон кўтарилишди. Мусулмонлар қўшинни бошқаришда Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳудан бошқа кишини ҳақли деб билишмади. Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳу яқинда исломга кирган эди. Холид розиёллоҳу анҳу кучларни тарозуга солиб кўрди. У ўзининг ҳарбий маҳорати ёрдамида кўрдики, жангни давом эттириш муқаррар ҳалокатдир. Шунда у қўшинга чекиниш тактикасини қўлладики, унинг бу тактикаси бугунгача ҳарбий мактабларда ўргатилади.
Қўшин Мадинага қайтиб келганида одамлар уларни "қочқоқлар" деб айблашди. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни "қўрқмас баҳодирлар" деб атадилар. Набий алайҳис салоту вассаломдан ҳикмат қуйилар эди. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам воқеликни яхши англар эдилар.
Холид розиёллоҳу анҳунинг воқеликни яхши англаши ва чекиниш тактикаси қўшинни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолди!
Зарарни қабул қилишни ўрганайлик!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 18/01/2022 07:15;   Кўрилганлиги: 833
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/qissadagi-ibrat
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 05:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг