Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ўзини ўзи ўлдирган одамга жаннат ҳаром!

 
 

Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.

Собит ибн аз-Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқалоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим, деди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ўзини ўзи бўғган дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзахда ҳам пичоқ уриб туради, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак ўзини-ўзи ўлдирган одамнинг дўзахга тушишига шубҳа йўқ.

Одамларга ўрнак бўлиш учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.

Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.

Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким  уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти). Шунга ўхшаш, автоуловнинг тезлигини ҳаддан ошириб ҳайдаш, ёки тамаки ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш оқибатида инсон ўз ҳаётига зомин бўлиши ҳам ўз жонига қасд қилган билан баробардир. Шундай экан, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатлардан ўзини сақлаши лозим бўлади.

Бобобек Абдураҳимов,

Самарқанд шаҳар “Қорабой Оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 06/10/2023 15:19;   Кўрилганлиги: 801
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ozini-ozi-oldirgan-odamga-jannat-harom
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 23:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг