ОХИРАТ ДАРАЖАЛАРИ ДУНЁДАГИ АМАЛЛАРГА ҚАРАБ ТАҚСИМЛАНАДИ
Одамлар бу дунёни турли даражаларда бўлганлари каби, охиратда ҳам турли даражада бўладилар. Охиратда улар тўрт қисмга бўлинадилар: ҳалок бўлувчилар, азобланувчилар, нажот топувчилар ва ютуққа эришувчилар.
Ушбу қисмларнинг ҳар биридагилар ҳам неъмат ва азобда ўз ҳолларига қараб турлича бўладилар. Бу ҳолат қуйидаги ҳадиси шарифда ўз ифодасини топган.
Абу Ҳурайра ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таборака ва таоло қиёмат куни одамларни жамлайди. Шунда мўминлар жаннат уларга яқинлаштирилгунча турадилар. Сўнгра Одамнинг олдига бориб:
“Эй отамиз! Бизларга жаннатнинг очилишини сўраб бер”, дейишади.
“Сизларни жаннатдан отангиз Одамнинг хатосидан бошқа нарса чиқармаган. Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Ўғлим Иброҳим Халилуллоҳнинг олдига боринглар”, дейди.
Бас, Иброҳим:
“Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Мен фақатгина орқада туриб халил бўлганман, холос. Сизлар Аллоҳ гаплашган Мусонинг олдига боринглар”, дейди.
Бас, улар Мусонинг олдига борадилар ва у:
“Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Аллоҳнинг калимаси ва руҳи бўлган Ийсонинг олдига боринглар”, дейди.
Ийсо ҳам ўз навбатида:
“Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман”, дейди.
Шунда улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар. Бас, у зот турадилар ва у зотга (шафоат қилишга) изн берилади.
Омонат ва раҳм қўйиб юборилади. Иккиси келиб, сиротнинг икки – ўнг ва чап томонига туриб оладилар. Бас, сизларнинг биринчиларингиз худди чақмоқдек ўтиб кетади”, дедилар.
“Ота-онам сизга фидо бўлсин. Худди чақмоқдек ўтиш қандай бўлади?” дедим.
“Чақмоқнинг кўз очиб юмгунча қандай ўтиб, қайтганини кўрмаганмисизлар?! Сўнг худди қушдек ва кишиларнинг югурганидек ўтилади. Уларни амаллари югуртиради. Набийингиз эса сиротда туриб, “Роббим! Саломат қил! Саломат қил!” дейди.
Бандаларнинг амаллари ожиз бўлиб қолганда, баъзи кишилар юришга қодир бўлмай, судралиб ўтадилар.
Сиротнинг икки тарафида омбирлар осилган бўлади. Улар амр қилинган шахсни тутишга шай турадилар. Бас, тирналиб қутулганлар ҳам, тутилиб ташланганлар ҳам бўлади”.
Абу Ҳурайра жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, жаҳаннамнинг қаъри етмиш куздир”.
Муслим ривоят қилган.
ҲАСАНХОН ТЕМИРОВ – ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси ("Руҳий тарбия" китоби асосида тайёрлади).
Киритилган вақти: 11/08/2020 14:22; Кўрилганлиги: 891
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 15:52