Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МУТААССИБЛИК НИМА?

 
 

Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Аммо, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч бўлиши табий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.

Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда. Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш нима? Мутаассиблик – бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишликдир. Ҳозирги вақтда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб (фанат) киши кўр-кўрона ҳох тўғри, ҳох нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади. Динда ғулу кетиш – “динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўл деб нотўғри йўлга бурилиш” маъноларини англатади. Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: “Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ (с.а.в.) уйга кириб келиб: “Бу аёл ким”,-деб сўрадилар. “Бу – ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”,-дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг қанақа намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога маол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин!”” –дедилар . Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетиб, ёхуд мутассибона бирорта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра динда ўртачалик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши авлороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз с.а.в. мазкур ҳадисларида динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрдилар. Исломнинг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асосланган диндир. “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг буйнигадир. ....” Мазкур оятда Аллоҳ таоло инсонларни ибодатдан қурби етмайдиган нарсага буюрмаганлигини хабар қилмоқда. Ҳатто шариат ҳукмларининг умумий қоидаларини бажаришга тоқати – қурби етмайдиган кишилар учун баъзи амалларнинг бажарилишида динимизда истиснолар ҳам мавжудки, динда чуқур кетган, мутаассиб кишилар шариатда берилган бундай енгилликларни тан олмайдилар ва алалоқибат кечирилмайдиган гуноҳи кабиралардан бири –кибрга, яъни ўз ибодатлари билан мағрурланиш ҳиссига мубтало бўладилар. Ислом динини ўз қобиғига мослашга, ёхуд унга “фундаментализм”, “терроризм” каби ножоиз ибораларни ёпиштиришга ҳаракат қилаётганлар Ислом дининг асл моҳиятини нотўғри талқин қилаётган кишилардир. “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” Ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, жумладан кишининг ибодат сабабли ўз жисмига зулм қилиши ҳам, эътиқод ва ибодатда мутаассибона йўлни танлаб динда чуқур кетиш ҳам, жиноятларнинг ҳaр қaндaй ҳолати ва кўринишлари ҳам, гарчи у Ислом дини номидан содир бўлаётган бўлсада Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaрaмa-қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни шариатда буюрилмаган ишларни буюрмасликка ҳамда ёмон ишларни қилишдан қaйтaришгa мaсъулдир ҳамда ўзи ҳам жинoят саналган амалларни сoдир этиши мумкин эмaс. Ҳaр бир иймoн-эътиқодли инсонннинг бурчи ер юзида фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириб, бузғунчилик ва фасод ишларга қарши курашмоқдир. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в.: “(Дин арконларини) енгил қилиб кўрсатинглар, оғир қилиб кўрсатманглар. (Диндаги) яхши, хушхабар нарсаларни айтинглар, диндан нафратлантириб қўйманглар”,- деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз с.а.в. динда, эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”,-дедилар . Сарвари олам пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шундай деб турганларида бошқа йўлга не ҳожат? Зеро Пайғамбаримиз с.а.в.: “Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир”, -деган муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини ҳам белгилаб берганлар.

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 20/09/2019 15:32;   Кўрилганлиги: 2720
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mutaassiblik-nima
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 13:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг