Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

 
 

Инсон боласи туғилгандан бошлаб, яшашга, камолотга, юксакликка интилади. Ҳаёт йўли текис ва равон эмас, албатта. Одамзот гоҳида қоқилади, гоҳ йиқилади, озми-кўпми шикаст-жароҳатлар олади. Шулар билан унинг ҳаётий малакаси ошиб боради. Ақли ва фаросати чархланади. Олдинги хатолари такрорланмаслиги ва яна йиқилиб шикаст олмаслиги учун эҳтиёткорлик билан қадам босади, Куни кеча Ўзбекистон телевидениесидан намойиш этилган христиан миссионерлари фаолиятига бағишланган кўрсатув ҳам бизни хатога йўл қўймаслик учун бир огоҳлантириш бўлди.

Бундан бир неча йил олдин Америкада «Towards Understanding» («Исломни англаш сари») номли асар босилди. Бу асарда мусулмонлар билан христианлар ўртасидаги диний мунозаралар тарихи бир оз холис тасвирланади.
Ҳақиқат инсониятнинг энг шарафли мулкидир. У ҳеч кимсанинг шахсий нарсаси эмас. Эсли-хушли кишилар қарор беришдан олдин бошқаларни ҳам эшитишдан қўрқмайдилар. Аллоҳ бизга икки қулоқ ва битта тил берган. Демак, олдин эшитиб, сўнг қарор берилиши керак. Афсуски, насоролар ўзлари айтганларига ўзлари амал қилмайдилар.

Дунё динлари ичида христианликнинг Ҳазрати Исо (алайҳиссалом) ҳақидаги «отасиз туғилиш» ақидасини қабул этган ягона дин Исломдир. Фақат Исломгина Ҳазрати Марям ҳеч қандай эркакни кўрмасдан Ҳазрати Исони дунёга келтирганини, исмат ва иффат эгаси, бир бокира қиз бўлганини, Ҳазрати Исонинг (а.с.) туғилишининг илоҳий мўъжиза эканини тан олади. Ҳолбуки, яҳудийлар Ҳазрати Исони «ҳароми» деб густоҳлик қиладилар. Ислом олимларининг христианлик ҳақида ёзилган раддияларида ҳам Ҳазрати Исога (а.с.) ҳатто озгина бўлса-да ҳурматсизлик этилмаган. Бироқ христианларнинг мусулмонларга нисбатан бўҳтонлари, Ислом Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақидаги туҳматлари уларнинг асл қиёфалари қандайлигидан далолат беради.
Инжилда келтирилган Ҳаворий Павлуснинг бир сўзи бизни янада сергак бўлишга ундайди. Биз Павлусни оддий бир ҳаворий (ҳатто Исо (а.с.)ни кўрмаган) деган фикрда бўлсак-да, христиан илоҳиётчиси Х.Кунг: «Павлус христианлик асосчисидир. Усиз христианликни, ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди», деган (Х.Кунг. «Chritianity: its essene end historiy», Лондон, 1995, р.114). Христианликда биринчи миссионерлик тамалини ҳам ана шу Павлус қўйиб берган. Демак, унинг ҳар бир сўзи, кўрсатмаси миссионерлар учун дастурул-амал ва қатъий қонун бўлиб хизмат қилади.

Энди ўша сўзларга, сиз азиз ўқувчиларнинг эътиборингизни қаратмоқчи эдик: «Мен ҳаммасидан озод бўлсам ҳам, янада кўпроқ одамни эргаштирай деб, ўзимни ҳаммага қул қилдим. Яҳудийларни эргаштирай деб, яҳудийларга яҳудий каби бўлдим. Ўзим Таврот Қонунига қарам бўлмасам-да, қарам бўлганларни эргаштирай деб, улар учун Қонунга (яъни, Тавротга) қарамдай бўлдим. Мен Худо олдида Қонунсиз ҳам эмасман, аксинча, Масиҳнинг Қонунига бўйсунаман. Аммо Илоҳий Қонунни билмаганларни эргаштирай деб, улар учун Қонундан бехабардай бўлдим. Заифларни эргаштирай деб, улар учун заиф бўлдим. Ҳеч бўлмаса, баъзиларни қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим» («Инжил», 1-коринфликларга мактуб, 9; 19-23). «...Улар нажот топсин деб, турли йўл билан ҳамманинг кўнглини топмоқчиман...» («Инжил», 1-коринфликларга мактуб, 10; 33).

«Муқаддас китоб»нинг «муқаддас» кўрсатмаси бу Булардан очиқ кўриниб турибдики, Павлус одамларни ўз таълимотига ишонтириш учун ҳамма нарсани жоиз деб билганини, ҳамма йўл ва услубларни қўллаб кўрганини, ишониб қабул қилмаган тақдирда кўзлаган кишисини ўз тарафига тортиш мақсадида, гўё ўзини уларнинг ишонч ва эътиқодларини қабул қилаётгандек кўрсатиб, ўзининг кимлигини, асл ғоясини, ичидаги «хайрли» (аслида ғайрли) мақсадини яширганини очиқ баён этмоқда. Аллоҳга шукрки, ўша даврда Ислом дини мавжуд эмасди. Акс ҳолда, у сўзининг бошида «Мусулмонларни эргаштирай деб, мусулмонларга мусулмон каби бўлдим», деган бўлармиди. Лекин афсуски, Павлус бу сўзни айтмаган бўлса ҳам, унинг ворислари (Исо (а.с.)нинг ворислари эмас) буни қойиллатиб бажармоқдалар. Улар мусулмон халқи ичида ўзларини мусулмондек тутадилар. Гўё Муҳаммад алайҳиссаломга ишонгандек, у зот (с.а.в.)нинг баъзи сўзларини келтирадилар. Гўё ўзини Қуръонни илоҳий китоб деб тан олгандек кўрсатиб, баъзи оятларни мисол қилиб, унга амал этишга сизни чақиради. Очиқроқ айтадиган бўлсак, мусулмонларнинг имон-эътиқодларидан, пайғамбарлар ва илоҳий китобларга бўлган ҳурматларини суйистеъмол қилмоқчи бўладилар. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун баъзи мисолларни келтириб ўтсак. Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти билан жуда фаол суратда шуғулланаётган «Иеҳованинг шоҳидлари» сектаси тарқатган адабиётлардаги баъзи маълумотларга эътиборингизни тортмоқчиман. (давоми бор)

Нажмиддинхон Ҳамзаев Ургут тумани "Ғўс" жомий масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 01/06/2020 15:45;   Кўрилганлиги: 1453
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/missionerlar-tasiridan-ogoh-boling
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 08:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг