Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Миллатимизга хос, замонага мос бўлсин

 
 

Кийиниш борасида бандага эркинлик берилса, у нафсининг айтганини ёки шайтоннинг васвасасини қилади ёки бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилишни ихтиёр этади.

Шунинг учун ҳар жабҳада меъёрдан чиқмасликка ор-номуслик белгисидир. Юз йиллар аввал қизларга ор, уят саналган тизза, билакларни очиб юришлик, ҳозирги кўп қизларимимзга фахр бўлиб қолди. Ўша давр момоларимизни тирсаги очиқ, этаги калта кийимда ёки бошида рўмолсиз кўрганлар борми? Ҳатто эркаклар калта-култа кийинмай, бошида дўппи билан юрганлар.

Ҳозирги техника ривожланган даврда, “замон ўзгарди” деган ниқоб остида қизларимиз ғарбга тақлидни ярим яланғоч, енгил-елпи кийимларда, йигитларимиз соч ўстириб, ҳатто тақинчоқ тақиб, калта шортикда юришгача бориб етди. Бу маънавиятимизнинг, миллийликликни таназзулига олиб бармаяптими? Буни олдини олиш учун кенг миқёсда бир назорат керак бўлиб қолди чамаси. Шу ўринда ҳожи оналар либосига ҳам назар ташласак, кўчаларда баъзан қоп-қора кийинган ҳожи оналарни учратиб қоламиз. Аввалдан узр билан мурожаат қилардик-ки, ҳаж насиб этган онажонлар зебу-зейнатларсиз, мўътадил кийимда намуна бўлсалар. Баъзан экрандаги қўшиқчи, рекламачилар либоси ҳам ғашингни келтиради. Назаримда тарбия маскани бўлиш санъат ходими экранга чиқувчилардан бошлаб, муассаса ходими-ю оддий йўловчига Давлат миқёсидаги назорат, тартиб жорий этиш лозим бўлиб қолгандек. Шунгача бориб етмай ҳар бир соҳа вакили жинсидан қатъий назар ўзларини миллий ғурурларини тиклаб олсалар нур устига нур бўларди.

Либосни зийнат деймиз, аёллрнинг бир тоифаси аниқроғи тарбиясиз аёллар либосни ўзларининг бутун таналарини, қад-қоматларини бегона эркакларга фахрланиб кўрсатиш учун восита қилиб олдилар, баъзилари эса киймининг қимматбаҳолиги билан фахрланиб, ғурурланиб юришни ҳаётларининг асосий мақсади қилиб олдилар. Бу каби ҳолатлар шундай миллатдошнинг борлигидан уялтиради, ўйга толдиради. Ахир, кибр шайтони лаиннинг ишику. Миллатдошларимиз бундай қисқа фурсатда қанчалар тубан ўзгаришларга юз тутдилар. Қадрияти баланд момоларимиз ҳаё беланчакларига алла айтмаганми, боболаримиз белига атак-чечагида белбоғ боғлаб, бошига дўппи кийдириб жасур ўғлонларни улғайтирмаганми? Бу иллатлар шоҳи сўзана бўлиб гуллаётган жонажон Ўзбекистонимизга ямоқ, ямоқ бўлганда ҳам кир, ифлос ямоқ бўлмаяптими? Тарбиянинг қайси жиҳатида адашиш ёки бўшлиқ бўлдики, бу аҳволга тушиб қолдик.
Барчаси лоқайдликдан эмасми? Буларнинг олдини олиш учун кенг жамоатчилик тарбияси, эътибори кечиктириб бўлмайдиган амалдаги ёрдами зарур. Тарбия масканларининг бошланғичидан бошлаб миллий қадриятлар чуқур сингдирилиши лозим. “Ухлаб” ётган махалла масъуллари уйғониш, биринчилардан ҳаракат қилиш лозим, жамоат назорати тўлиқ шаклланиши муҳимдир. Ана ўшандагина Кумушбибиларни, Отабекларни яна ҳаётга қайтарамиз.

Эркаклар учун оқ, оч либослар кийиш суннат бўлгани каби аёллар учун эътиборни тортадиган либослар кийиш тавсия этилмайди. Барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эришиш учун шариат аҳкомларига амал қилиш талаб этилганидек, кийиниш борасида ҳам ҳар хил ғоялар, маданиятлар ёки кўр-кўрона тақлидлар, ўзим ҳал қиламан деган тушунчаларни бир четга йиғиштириб қўйиб, бизни яратган ва бизга нима яхши-ю, нима ёмонлигини, нима фойда-ю, нима зарарлигини яхшироқ билгувчи Аллоҳ таолонинг шариатига итоат этиш улкан файзу ютуғимиздир.

Н.Темирова - Самарқанд вилоят бош отинойиси


Киритилган вақти: 13/06/2022 08:08;   Кўрилганлиги: 843
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/millatimizga-xos-zamonaga-mos-bolsin
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 16:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг