ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР КЕЧАСИ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТИ
Рамазон ойини Аллоҳ таоло хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Қуръони карим мазкур ойда Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинган. Бу ойда Жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиб қўйилади, Аллоҳнинг раҳматлари кўплаб нозил бўлади. Бу ойда шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари занжирбанд қилинади.Ушбу ойда бир фазилатли кеча борки, У кечанинг фазли ва барокати бемислдир. Бу “Лайлатул-қадр” бўлиб, унинг бошқа ойлардаги кечалардан шарофатли ва улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собит қилинган.
“(Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”, дея Аллоҳ таоло марҳамат қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”(Муслим, Бухорий ва Термизий ривоятлари) – деб Қадр кечасининг фазилатини баён қилганлар.
Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. "Қадр" улуғлаш, таъзим қилиш маъносини англатади. Яъни, бу кеча ўзига хос фазилатларни ўз ичига олгани учун қадри баланд, улуғ кечадир. Шунингдек, бу тунни ибодат ва зикр билан қоим қилган кимса қадрли, улуғ инсон бўлишига ишорадир.
Лайлатул қадрни Рамазон ойининг қайси кунларида кутиш ҳақида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қатор ҳадисларни Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар. Уларнинг баъзиларида Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканлиги ҳақида ривоятлар келтирилган бўлсада, Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар”, – деганлари қайд этилган.
Оиша разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Қадр тунида нима дуо ўқиш ҳақида сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги дуони ўқишни буюрганлар: “Аллоҳумма иннака Афуввун, Кариймун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний” яъни, “Эй Аллоҳ, Сен афу қилувчи (кечиримли), Карамли, олийжаноб зотсан, менинг гуноҳимни кечир!”. Демак, Қадр кечаси бўлишини умид қилган ҳолда ибодатлар билан бедор ўтказиладиган кечаларда мазкур дуони кўп-кўп ўқиш суннатга мувофиқ ҳамда манфаатли бўлар экан.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида Мусо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Раббига муножоти ва Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссалом умматларига қилган икроми ҳақида айтганлари орасида Қадр кечаси хусусида қуйидагилар келтирилган:
“...Лайлатул қадр кeчаси эса, Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ерга малоикаларнинг катта жамоаси билан бирга тушишни буюради. Унда кўк байроқ бўлади. Уни Каъбанинг ёнига қўядилар. Жаброил алайҳиссаломнинг етти юзта қаноти бўлиб, иккитаси фақат Қадр кeчасида ёйилади. Ёзилганда ғарбдан шарқгача ошиб кeтади. Жаброил алайҳиссалом малоикаларни бу умматга юборади. Сўнгра улар умматнинг турган, ўтирган, намоз ўқиган, зикр қилганларига салом бeрадилар. Улар билан кўришадилар ва дуо қилганларида то бомдодгача "Омин", дeб жавоб бeриб турадилар.
Бомдод бўлгандан кeйин Жаброил алайҳис салом барча малоикаларга, кeтинглар-кeтинглар, дeб нидо қилади.
Улар: “Эй Жаброил, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари бўлган мўминларнинг ҳожатларини нима қилди?” дeб сўрайдилар.
Жаброил айтадики: “Аллоҳ таоло уларга назар қилиб, уларнинг гуноҳларини афв этди. Фақат тўрт кишиникидан ташқари”.
Сўрайдилар: “Улар кимлар, эй Жаброил?”
Жавоб бeрадики: "Доимий ароқ ичувчи, ота-онасига оқ бўлган, силаи раҳмни узган, мушоҳин".
“Эй Жаброил, мушоҳин ким?” дeб сўрайдилар. Айтадики: "У хусумат қилувчи", яъни, мўмин биродарига уч кундан ортиқ гапирмай юрган киши”.
Демак, ушбу ривоятда зикр қилинган иллатлар кимдадир мужассам бўлса, у Қадр кечасининг фазилатларидан масво бўлади. Тезроқ улардан халос бўлиш чораларини кўриб, гуноҳлардан сақланишга ҳаракат қилиши лозим.
Халқимиз орасида, бу кеча ким ухлаб қолмаса Лайлактул Қадрни кўради. У Лайлак бўлиб кун ботар томондан учиб келади. Унинг қанотлари олтиндан бўлади. У Лайлакни кўрган чоғида одам нимани тиласа тилагани бўлади. Нимани ушласа тиллага айланади ёки бўлмаса мана шу тунда ухламасдан улуғ зотларнинг қабрларига, табаррук зиёратгоҳларга пиёда бориб, зиёрат қилинса мурод ҳосил бўлади каби нотўғри тушунчалар бор. Юқорида айтганимиздек, Қадр кечасининг савобли амаллари ҳақида Ислом динининг табаррук манбаларида зикр қилинган. Ундан ташқари ҳар қандай амал бидъат ҳисобланади. Бидъат амал эса инсонларни тўғри йўлдан адаштиради.
Аллоҳ таоло бандалари тоат-ибодатни кўпайтириб, юқори даражаларга эришишлари учун Қадр кечасини Рамазон ойиининг охирги ўнлигида яширди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўрнак бўлиб, бу даҳада олдингиларидан кўра ғайратлари ошиб, унда янада кўпроқ ибодат билан машғул бўлар ва саҳобаларни шунга чорлар эдилар.
Бу саноқли лаҳзалар ҳам яшин тезлигида ўтади, кетади. Шунинг учун, бу улуғ фурсатни қўлдан бой бермай, у дамларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат қилайлик. Парвардигори олам ҳаммамизни бу файзли кечаларнинг хайру баракаваажру-савобларидан баҳраманд бўлишимизни насиб этсин. Амин!
Киритилган вақти: 30/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1853
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 21:56