Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин!

 
 

Ислом динимиз ота-она ва қариндош-уруғларга яхшилик қилиш, улар билан ўзаро алоқаларни мустахкамлашни тарғиб қилади. Бу алоқаларни узиш эса катта гуноҳ саналган.

Халқимиз орасида “силаи раҳм” ибораси кенг ишлатилади. Яни “Сила” сўзи луғатда “боғлаш”, “улаш”, “Раҳм” сўзи эса “бачадон”, “қорин” маъноларини англатади. Шариатимизда “силаи раҳм” деб қариндошларга боғланиш, уларга раҳм шафқат, яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо этишга айтилади. Айниқса қариндош-уруғлар бир-бирига елкадош бўлиб, қийинчилик ва хурсандчилигида шерик бўлади.

Лекин арзимаган низолар сабаб билан ака-ука, опа-сингил, тоға-жиян, амма-хола ва бошқалар бир-бири билан алоқаларини узиб юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Агар (имондан) юз ўгирсангизлар сизлар ер юзида бузғинчилик қилурсизлар ва қариндош уруғингиз (билан ҳам алоқангиз)ни узурсизлар, ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларни (қулоқларини панд насиҳат эштишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган), кўр қилиб қўйгандир. (Муҳаммад сураси 22-23 оят).

Расуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва салам шундай дедилар: “Ким ризқининг кенг бўлишидан, орқасидан асари кўп қолишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин” деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалам айтганлар: “Қариндошлик риштасини узган одам жаннатга кирмайди”, деганлар. Яна бошқа ҳадисларда: “Салом билан бўлса ҳам, қариндошлик риштасини боғлаганлар”, дейилган.

Яна бир ривоятда шундай дейилади: “ким Аллоҳдан қўрқса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг умрига умр қўшилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”.

Силаи раҳм қилиш вожиб амаллардан бири эканлиги ва уни узиш гуноҳ эканлигини билиш зарурдир.

Шунингдек, ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб сифатида муносабатда бўлаётган эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда ҳам силаи раҳм қилган одамдир.

Силаи раҳм деганда, кишиларга яқиндан ёрдам бериш, қийналган инсонларга моддий ва маънавий кўмаклашиш ҳам инсон умрини узайтиради. Чунки уларнинг дуоси силаи раҳм қилган кишиларнинг умрини узайтириб, ризқини кўпайтиради.

Яна силаи раҳм ризқнинг зиёда ва умрнинг узун бўлишини ривоятларда кенг тушинтирилган.

Силаи раҳм инсонлар учун муҳим амаллардан бўлиб, жамиятни мустаҳкамловчи омиллардан биридир. Шунинг учун, ўзимиз ва бошқаларни икки дунё саодатига элтувчи силаи раҳмга бепарво бўлмайлик.

Шундай экан доими халқга ва элимизга силаи раҳм қилиб, уларнинг дуосини олиб, узоқ умр кўрайлик.

С.Шодиев Ургут тумани “Хўжа Убайдулло” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 22/08/2023 16:07;   Кўрилганлиги: 701
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/kim-rizqi-keng-umri-uzun-bolishini-xush-korsa-qarindoshlik-aloqalarini-boglasin
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 09:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг