Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди....

 
 

Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди. Ким подшо ва амирларни масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким ўз биродарларини масхара қилса мурувват ва ҳайбати йўқолади», деган.

Аллоҳ таолонинг жорий бўлган одатларидан бири шуки, илм аҳли ва уламоларни таҳқирлаган ва масхара қилган одамни мана шу дунёнинг ўзида хор қилади. Суҳайл Андалусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ бойлик ва обрўни бериб қўйган, жуда сердавлат эди. Унинг энг ёмон одати дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилигини истаб насиҳат қилдим. У мени камситиб уйидан ҳайдади. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб фалаж бўлиб қолди. Мол дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. бир куни бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламолари азият кўрган бу инсонинг ниҳояси мана шундай якун топди”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: «Олимларнинг гўшти заҳарлидир. Уни ҳидлаган яъни ёмонлик қилишга уринган одам касал бўлади. Уни еган яъни ғийбатини қилган одам заҳарланиб ўлади», деган.

Шундай экан, инсон олим ва фозиллар ҳақида гапиришдан, уларни таҳқирлашда олдин охиратини ўйласин! Аллоҳ барчамизни илм ва уламоларни яхши кўрадиган солиҳ бандаларидан қилсин!

Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 23/08/2023 16:34;   Кўрилганлиги: 695
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/kim-din-olimlarini-masxara-qilsa-oxirati-kuyadi
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 03:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг