Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМДА ДЎСТЛИК БИРОДАРЛИК МЕЗОНЛАРИ ТАЛҚИНИ (1-қисм)

 
 

Барча мўмин бандалар бир-бирига ака-укадир, деб айтган Парвардигори оламга беадад шукроналар бўлсин, ҳақиқий дўстлик қандай бўлишини ўргатган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.   Аллоҳу Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барча инсониятни бир ота-онадан, яъни Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқатди.

Аллоҳ таоло Қурони каримда:    

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.”[1]

Шунинг учун Аллоҳнинг динида у инсон қандай ирққа мансуб бўлмасин, қайси рангда бўлмасин, тили ва масканини фарқи йўқ ҳамма бир ота-онадан, ҳамма бир динда эътиқод қилади, демак бўларнинг барчаси оға-ини дўстдирлар. Яъни Аллоҳни бир деб биладиган, барча пайғамбарларни тан оладиган, Аллоҳ таолога  шерк келтирмайдиган барча мўмин бандалар дўстдир, бир тану бир жондир.

Аллоҳ таолонинг мана шундай кўрсатма ва буйруқлари асосида мўмин бандалари бир-бирларига оға-ини бўлишди. Парвардигори олам одамзотни шу зайлда яратиб, инсонлар бир-бирини тушунсин, бир-бирига ёрдам берсин, аҳил яшасин деб, инсонни дўстлари ва ёру-биродарлари билан яратди. Дўстларнинг кўплиги, маҳбубу-муҳибларнинг бисёрлиги, дил сўзларнинг кўплигидир. Бу ўша инсоннинг гўзал одоб, мукаммал ахлоқ соҳиби эканлигидан далолатдир. Пайғамбар алайҳис салом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Ҳурайра! Гўзал ахлоқли, чиройли одобли бўлгин”, дедилар. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: Ё Расуллуллоҳ! Гўзал одоб, юксак ахлоқнинг меъёри, унинг қоидаси, қандай? деганларида. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Гўзал одоб, юксак ахлоқ уч нарсада мужассам бўлади. Улар; сен билан борди келдини узган одамни сен зиёратига бормоқлигинг; сенга зулм қилганни кечирмоқлигинг, унинг гуноҳини баҳридан ўтмоқлигинг; сенга эҳсон бермаганга сен эҳсон беришлигингдир.  Мана шунда юксак одобли, гўзал ахлоқли бўласан”,  деб марҳамат қилдилар.

Дарҳақиқат, ҳақиқий мусулмон ҳаёти фаришталарнинг ҳаётидек соф ва покизадир. Ҳақиқий мусулмон ҳаммага фойдаси тегадиган мусулмондир. Ўзи яхши кўрган нарсани бошқа одам учун ҳам лозим кўриш дин мезонидир. Бу покиза шариат, бу муқаддас дин дўстликни, биродарликни, бир-биримизга бўлган меҳру-муҳаббатни энг олий даражалардан, улуғ ибодатлардан бири даражасига кўтарди.  

Ҳадиси қудсийда келтирилади: Аллоҳ таоло деди: “Менинг ризолигим учун севишганлар, ака-ука тутинганлар ва ўтириб суҳбат қурганлар ва бир-бирларига ёрдам берганлар ва бир-бирларини зиёрат қилганлар Менинг севгимни қозонгайлар”.

Пайгамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида:

“Кимики  бирор бир бандани Аллоҳ йўлида яхши кўрса, тоат, илоҳий муҳаббат учун яхши кўрса. Аллоҳ таоло унинг даражасини жаннатга кўтаради. У амали билан у даражага етиша олмасди. Бировни дўст тутгани учун, бировга муҳаббат қуйгани учун, бировни Аллоҳ йўлида яхши кўргани учун Аллоҳ таоло унинг мартабасини кўтаради”, деганлар.

Лекин кимни дўст тутамиз, дўст тутишнинг мезони, даражалари  қандай? Кимни дўст тутайлик, кимни дўст тутмайлик, кимга яқин бўлайлик, кимдан узоқ бўлайлик? Кимни дўст тутсак Аллоҳ таоло бизни жаннатдаги даражамизни кўтаради?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Киши Маҳшаргоҳга дўстининг динида келади, бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин”, дедилар.

Аллоҳ йўлида, садоқатли дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади. Мусулмончиликда дўстлик қандай бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида:

“Мусулмон мусулмон учун ака-укадир. Унга зулм қилмайди, молини ноҳақ тортиб олмайди, хаққини ҳам камайтирмай беради”, деб таъкидлаганлар.

 Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқликка, бир-биримиз билан дўстлашмоқликка, ёру биродар орттирмоқликка буюрадилар. Ваҳоланки, инсон ҳаёти дўстлар билан, биродарлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшамоқлик ила гўзал ва мазмунли бўлади.

Дарҳақиқат, хиёнат бор жойда Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳам, баракаси ҳам бўлмайди. Шу сабабли дўст туинаётган кишининг сифатларида хиёнат ва ёлғончилик бўлса ундай кишидан узоқроқ бўлган маъқул. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Икки ўртоқдан бири иккинчисига хиёнат этмас экан, уларнинг учинчи шериги Менман. Бири бошқасига хиёнат этаркан, Мен уларнинг  ораларидан чиққайман”.

Бир куни тасаввуф илмининг улуғларидан бўлмиш Шиблий ҳазратларининг  ҳузурларига бир жамоат одамлар келди. Шиблий ҳазратлари: “Сизлар кимсизлар?”, деб сўраганларида, улар: “Бизлар сизнинг дўстларингизмиз!”, деб жавоб беришди. Бу жавобни эшитган Шиблий ҳазратлари ўгирилдилар ва уларга қаратиб тош отдилар. Улар қоча бошлаганларида ҳазрат уларга қарата: “Нега қочаяпсизлар? Агар сизлар ҳақиқий дўстлар бўлсайдингизлар, мендан келган балодан қочмас эдингизлар!”, деган эканлар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Мусулмон мусулмоннинг дўстидир. Унга зулм ҳам қилмайди, бошига  бир машаққат тушганда уни ташлаб ҳам кетмайди. Кимки дўстининг ҳожатини раво қилиш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилиш учун ҳаракат қилади. Бир мусулмон мусулмон дўстининг бошига тушган қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло уни қиёматдаги қийинчиликларидан қутултиради. Кимики бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло ҳам қиёматда унинг айбини ёпади”.

 

Қобилов Нодир Сиддиқович,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. -Т.: Тошкент ислом университети, 2009. Ҳужурот сураси. 13-оят.


Киритилган вақти: 09/09/2021 07:33;   Кўрилганлиги: 671
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islomda-dostlik-birodarlik-mezonlari-talqini-1-qism
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 10:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг