Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Инсон ўз ҳаракати билан дунёни обод қилиши ёки уни вайрон қилиши мумкин.

 
 

Ҳаёт турли-туман ҳодисаларга бой. Инсон ушбу ҳодисларнинг иштирокчидир. Инсон ўз ҳаракати билан дунёни обод қилиши ёки уни вайрон қилиши мумкин. Жамиятга фойдаси тегувчи одамлар ҳамиша ҳурматга лойиқ бўлиб, бошқаларга ибратдир. Бироқ иллатли одамлар ҳам борки, улар ҳар бир даврда жамиятга зарар келтирган ва қораланган.

Биз “иллатли киши” деганда ўғри, каззоб, муттаҳам, юлғич, порахўр каби инсониятга кулфат келтирувчи кишиларни тушунамиз. Ана шундай кишилар сирасига иккиюзламачи ҳам киради.

Одатда иккиюзламачилар одамларнинг эътиборидан четда қоладилар, уларнинг борлигига аҳамият қилинмайди. Аммо улардан бўладиган зарар кўлами жуда катта бўлиб, бутун бир миллатни пароканда қилиши мумкин. Энг ёмони, улар туфайли Ислом динига зарар етади ва мусулмонлар ўртасида ишонч йўқолади.

Афсуски, бу иллат бугун чуқур илдиз отди. Ҳозирда иккиюзламачилик кўпчилик инсонларда кузатилмоқда. Нафақат авом одамлар, балки илмлилар орасида ҳам бу иллатга мубтало бўлганлар топилади. Албатта, бу касалликдан қутулиш лозим. Тезлик билан унинг муолажасини қилиш жамиятнинг истиқболи учун ўта муҳим вазифа ҳисобланади.

Аввало, иккиюзламачилик нималигини билиб олиш лозим. Хўш, иккиюзламачи ким?

Бу саволга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг ёмони иккиюзли эканидир. Булар (бир қавмга)га бир юз билан келади ва улар (бошқа қавмга)га бошқа юз билан боради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, иккиюзламачи бир тоифа одамларга бир гапни, бошқа тоифа одамларга бошқа гапни айтади. У жамият учун ўта хатарлидир.

Шундай экан, ҳар бир мусулмон бу иллатга қарши курашмоғи зарур. Бу курашни, аввало, ўзидан бошлаши керак. Яъни киши ўзидаги салбий жиҳатларни пайқаши биланоқ уни бартараф этиш ҳаракатида бўлса, яхши натижага эришади.

Иккиюзламачилик миллат учун хиёнатдир. Унинг замирида моддий манфаатдорлик бор. Инсон ана шу манфаат илинжида ўзи ёқтирмаган кишиларга хушомад қилади. Ўзининг ёмон жиҳатларини яширишга уринади, ўзида йўқ яхшиликларни кўрсатади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким бу дунёда иккиюзламачи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан бўлган икки юзи бўлади”, деганларини эшитдим» (Имом Табароний ривояти).

Хулоса шуки, жамият равнақини истаган ва Ислом дини камолини ўйлаган ҳар бир мусулмон бу иллатдан узоқ бўлиши лозим.

Темиров Ҳасан манбалар асосида

 


Киритилган вақти: 18/05/2022 15:18;   Кўрилганлиги: 744
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/inson-oz-harakati-bilan-dunyoni-obod-qilishi-yoki-uni-vayron-qilishi-mumkin
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 21:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг