ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА МУҚАДДАС!
Инсоннинг азизлиги, унинг хотираси эса муқаддаслиги асрлар давомида халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб келган улуғ қадриятдир. Ушбу қадрият эса мустақиллик йилларида янгича мазмун билан бойиди. 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни сифатида халкимиз тамонидан кенг нишонланмоқда.
Дарҳақиқат, Ватан ва халқ озодлиги йўлида жасорот кўрсатган ота-боболаримизнинг хотираси муқаддас, қадри эса улуғдир. Ўтган аждодларни ёдга олиш, уларнинг қабрларини зиёрат этиб эсга олиш, эзгу амалларини хотиралаш хайрли ва гўзал фазилатлардандир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадису шарифларида “Бу дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, дея марҳамат қилганлар.
Динимизда ихлос билан қилинган солиҳ амалларнинг савоби ўтганлар руҳига бағишланса, марҳумларнинг арвоҳлари манфаат топиши таъкидланган.
Ривоят қилинишича, бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, онасининг вафот этганини айтади ва “Нима қилсам онамнинг руҳини шод этган бўламан?” - деб сўрайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қудуқ қазиб, сув чиқар”, - дедилар. Шундан сўнг у киши қудуқ қазиб, сув чиқарди ва “Бунинг савабини онамга бағишладим” - деди.
9 май санаси “Хотира ва қадрлаш" куни сифатида кенг нишонлаш анъана тусини олди. Бу кун нафақат она - Ватанимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни ёдга олиш, балки, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса кўшган барча фахрийларимиз, табаррук отахон ва онахонларимизга чексиз ҳурмат, иззат-икром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш куни сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Насруллохон Нурулло ўғли - Пастдарғом тумани, “Чандиробод” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 07/05/2020 10:30; Кўрилганлиги: 1200
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 23:01