ИМОН ЙЎЛИНИНГ ИЛК ЙЎЛОВЧИЛАРИ (Ас-собиқийн ал-аввалийн)
Ҳазрати рисолатпаноҳ Муҳаммад Мастафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлиб илк ваҳий келганида, ул зотнинг дунёга келишларидан кутилган мақсад ва вазифани амалга ошириш вақти бошланган эди. Расулуллоҳ нафақат Аллоҳни таниб унга ибодат қилиш, балки Аллоҳни бошқаларга танитиш, фақатгина унга ибодат қилиш ва унга қай тариқа сиғиниш ва ибодат қилишни ўргатиш учун яратилган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи бор: “Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг, Ёлғиз Роббингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!” деган маънодаги оятлар нозил бўлгандан кейин РасулуллоҳИслом динига даъватни ўз яқинларидан бошладилар. Энг биринчилардан бўлиб, хурсанд ва мамнунлик ила бу таклифни мўъминлар онаси Ҳазрати Хадийжа онамиз қабул қилдилар ва биринчи мўъмина аёл бўлдилар. Хадийжа онамиз бу йўлда бор мол-мулкларини сарф қилиб, умрларининг охиригача Расулуллоҳ билан ҳамнафас яшадилар. Шунингдек, Ҳазрати Хадийжа Расулуллоҳ умматининг илк намоз ўқиган вакиласи бўлдилар.Сарвари коинот бир пайтлар амакилари Абу Толибга енгил бўлсин деб Али(разиёллоҳу анҳу)ни қарамоғига олган эдилар. Ҳазрати Али Пайғамбар уйларида бўлаётган суҳбатларга гувоҳ бўлдилар ва ул зот ҳам динга таклиф қилиндилар. Ҳазрати Али таклифни қабул қилиб ёш болалар ичида биринчи бўлиб имон неъматига эришдилар. Бу хонадонда шу оила фарзанди бўлиб қолган, Расулуллоҳнинг озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса ҳам тутинган ўғил сифатида истиқомат қиларди. Имон таклифи у кишини ҳам четлаб ўтмади ва таклифни зудлик билан қабул қилиб озод қилинган қуллар ичидан биринчи бўлиб мусулмон бўлди.Шундан сўнг, Исломга яқин дўстлари Абу Бакрни даъват этдилар. Шу кунгача бутларга бўйин эгмаган, хамр ичмаган, зино қилмаган, ўзини барча ёмонликлардан сақлаб келган, гўйё умрини Ислом дини келишини кутиб яшагандек ўтказган Ҳазрати Абу Бакр ҳеч иккиланмасдан Пайғамбар даъватларига лаббай деб жавоб бериб динни қабул қилдилар ва ҳур эркаклар ичида биринчи мусулмон эр бўлдилар. Буларнинг барчалари даъватнинг биринчи кунида мусулмон бўлган зотлардир. Булардан кейин чўрилари Умму Айман динни қабул қилдилар. Шундан сўнг, Ҳазрати Абу Бакр ўзлари ишонган кишиларни динга даъват қила бошладилар. У кишининг даъватлари сабабли дастлаб Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Аби Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ қаби инсонлар Исломни қабул қилиб диннинг илк қалдирғочлари бўлдилар ва Ислом тарихида ушбу зикр қилиб ўтканларимизнинг барчалари “Ас-собиқийн ал-аввалийн” “Пешқадам Собиқлар” номи билан муҳрланиб қолдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ва пешқадамлар, пешқадамлар! Улар (Аллоҳга) яқин бўлганлар! Сернеъмат жаннатлардадирлар!” Воқев 10-12.
Абдуғани домла Ҳасанов Самарқанд шаҳар “Шоҳи Зинда”жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 22/10/2021 08:06; Кўрилганлиги: 930
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 01:57