Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Иффат — бахт-саодат калити!

 
 

Аллоҳ таъало эркак ва аёлни ўзига хос табиат билан яратган, ҳар бири учун ўзларига муносиб бўлган ишларни белгилаб, амал қилиши учун уларни зоҳиран бир-бирига ўхшамайдиган суратда амалига мос қилиб қўйган. Бу яратган зотнинг бандалари ўртасидаги адолатидир. Ҳар бир нарсани билувчи зот парвардигорнинг ўрнатган бу адолатидан четга чиқиш гуноҳ ва маъсиятларни пайдо бўлишига сабаб бўлади. Ҳозирда жуда кўп кишиларни безовта  қилаётган ҳолат, ҳар бир жинс вакилининг кийиниш ва ташқи кўринишидир. Бир жинс вакилининг кийинишда ва ташқи кўринишда иккинчи жинс вакилига ўхшаб ҳаракат қилиши, ёки уларга ман қилиб қўйилган чегарадан чиқишлиги адолат мезонини бузишдир. Айниқса ёшларни миллий қадриятларимиз, анъана бўлиб келаётган урф-одатларимизни беписандлик қилиб, кийиниш ва ташқи кўринишларини ўзгартириб, қайси жинс вакили эканини эсидан чиқариб қўяётгани ачинарли ҳолат. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ аёлларнинг кийимини кийган эркакни ва эркакларнинг кийимини кийган аёлни лаънатлади», деб марҳамат қилганлар.

Инсон ҳаёти учун унга сув ва ҳаво керак бўлганидек, унинг олдига қўйилган омонатли йўлда чиройли ҳаёт кечириши учун унга иймон керак! Шундай экан, бу йўл — инсоннинг ҳаётлик даври ҳисобланади. Бу даврда иффатли бўлиб яшамоқ эркагу-аёлнинг саодати ва бахту-иқболидир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таола аёл зотига  бебаҳо неъматни берди. Шу билан аёл гўзалдир. Бу — унинг иффати, ибоси, шарму-ҳаёсидир!. Аёл қадрининг ўлчовлари- унинг гўзаллигида, кийган кийимида ёки тақинчоғида эмас, балки унинг қадрининг ўлчови  иффати, ибоси, ва шарму-ҳаёсидадир. Одамлар ўйлаб топган инсон қадрининг ўлчовлари қадимдан турли-хил тузумларда ўзига хос мезон билан ўлчаниб келган. Жумладан: кишининг ҳусни жамоли, кийиниши, миниб юрган улови, молу-дунёси, мартабаси, уй-жойи ва шу каби нарсалар ўз тузумида қадр-қиммат мезони бўлган. Буларнинг барчаси инсон учун ҳаётда унга берилган тириклик василасидир холос. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллуҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”, дедилар. (Муслим ва ибн Можа)

Ҳозирги пайтда хотин-қизларимизнинг “мода”, “маданият” шу каби ибораларни рўкач қилиб, ўзлари билмаган ҳолларида ўзбек деган миллатнинг обрўсини топташмоқда. Ғарбда исқирти чиқиб, ҳатто ўзлари қилаётган ишларидан безор бўлган “мода” ларни Бибихоним, Нодирабегимдек ўзбек момоларимизнинг бугунги авлодлари бағрини кенг қилиб қабул қилишлари ачинарли ҳол. Нима эмишки, 21 асрда яшамоқда экан. Кўпчилик хотин-қизларнинг даъвоси бир-хил, замонавий ҳаёт кечириш. Тарихнинг ўзоқ ўтмишини варқламаймиз, ўтган асрнинг аввалида ўзбек момоларининг ҳаёти ҳозирги авлодга бегона эмас. Кинофильмларда яна баъзи жойларда сақланиб келинаётган фотосуратларда ўзбек момоларининг сиймоси унда акс этган ибо, шарму-ҳаёсини кўриб хурсанд бўласан киши. Момолардан қолган миллийлик йиллар давомида йўқолиб борганини кузатиб келаётган Муқимий, Фитрат боболарнинг неваралири бўлган ўзбек ўғлонлари ҳали-ҳали томошада. Айбни у ёқдан бу ёққа ағдаришдан чарчамадими?

Аёл муқаддас, унинг муқаддаслигини ислом юқори мақомда баҳолади. Улар инсон зурриятини бардавомчиларини дунёга келтирадилар, шунинг учун уларни иффати, шарму-ҳаёсини ҳимоя қилишлик эр кишининг зиммасига юкланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагиларингиздан сўралгувчисиз”, деб айтганлар. Бугунги кунда уларнинг баъзиларини, кўча-куйда, йўл-йўлакларда иш-юмуш билан юрганларининг кийган кийимлари ўзлари учун энг қимматли иффат, ҳаё деган бебаҳо неъматлардан анчагина бегона. Абу Ҳурайра (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қилган ҳадисда:  “Иймон-бамисоли бир дарахтдир. Унинг етмишдан ортиқ шохлари бор. Энг афзали Аллоҳга иймон келтириш ва энг кичиги йўлдан кишиларга озор берадиган нарсаларни кетказишдир. Ҳаё-иймондан бир шохдир”, деганлар.

Ҳозирги давр глобаллашув жараёни ва миллатлар, давлатлар ўртасида маданиятларнинг яқинлашув давридир. Бу жараёнда ўсиб келаётган ёш авлодни уларнинг ҳаётиги хавф солаётган, миллатимизга ёт-бегона бўлган иллатлар мажмуъидан огоҳлантиришимиз, уларни аждодларимизнинг гузал аҳлоқ, исломий маданиятга асосланган ҳаёт тарзи асосида тарбиялашимиз, мустақил мамлакатимиз гуллаб яшнаши учун фидоий инсон бўлиб шаклланишида куч-ғайрат билан ҳаракат қилишимиз зарурдир. Зеро, бугунги имконият шуни тақоза қилади. Яна шуни айтамизки, иффат ор-номус фитратининг бузилиши бутун коинотнинг бузилишидан кўра каттароқ мусибатдир!

  Хайруллоҳ Саттаров,

  ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.


Киритилган вақти: 14/09/2020 17:57;   Кўрилганлиги: 915
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/iffat-baxt-saodat-kaliti
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 15:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг