ҲАР КЕЧАДА ВОҚЕА СУРАСИНИ ЎҚИШ
Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида шундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Маъсуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди.
Ибн Маъсуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб қилди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Маъсуд Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди”.
Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу вафот этиш арафасида касалликка чалинган эди. Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу унинг зиёратига келиб, ҳол-аҳвол сўрагач, Абдуллоҳга қараб: “Нимадан шикоятинг бор?” Яъни, сени нима безовта қилаяпти, нимадан хавотирдасан, деб сўради. Ибн Масъуд унга гуноҳларидан қўрқиб турганини маълум қилди. Бу эса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг ўта тақводор, имонда пешқадам кишилардан бўлганини, айни пайтда гуноҳлари туфайли Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишдан қўрқаётганини айтди. Аксарият ҳолларда бемордан нима шикоятингиз бор, деб сўралса, у ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти, бу нарсани егим келяпти, у нарсани егим келяпти, деб кўп нарсаларни талаб қилади. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу дунёдан охиратни афзал кўрган ҳолда гуноҳларидан шикояти борлигини маълум қилди.
Шикояти фақат гуноҳларидан эканини билган Усмон розийаллоҳу анҳу ундан: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Масъуднинг беморлигини ҳисобга олиб, унинг нима хоҳлашини, нафси нимани истаётганини сўраган эди, Абдуллоҳ: “Раббимнинг раҳматини”, деб жавоб берди. Яъни, Раббим Аллоҳнинг раҳматини, У Зот гуноҳларимни кечириб, жаннатига киритишини хоҳлайман.
Бундан маълум бўладики, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ўлими арафасида хавф ва ражо орасида бўлган – Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб, азобидан хавфда бўлган.
Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу: “Сенга табиб буюрайми?” деб сўраганида, Абдуллоҳ буни инкор қилиб, уни Аллоҳ таоло имтиҳон қилаётгани ва бунга чиройли сабр қилишини айтди.
Ҳамма таклифларини рад қилгач, Усмон розийаллоҳу анҳу Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳуга: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” Яъни, сенга совға олиб келишларини амр қилайми, деганида ҳам у: “Унга ҳожатим йўқ”, деди. Усмон ибн Аффон Абдуллоҳга, сенинг ҳожатинг бўлмаса ҳам, мен берган ҳадя ва совғалар қизларингга мулк бўлиб қолади, деганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди.
Демак, ҳар кечада Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос ва тадаббур билан ўқиш кишини турли хил машаққат, хусусан қашшоқликдан сақланиши, ризқи кенгайишига сабаб бўлар экан.
Ибн Маъсуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор камбағалликка дучор бўлмайди” (Абу Яъло ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган. Байҳақий ривоятида: “Ибн Масъуд ҳар кеча қизларини Каҳф сурасини ўқишга буюрар эди” жумласини зиёда қилган).
Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Яна Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аёлларингизга Воқеа сурасини ўргатинглар. Зеро, у бойлик (келтирувчи) сурадир” (Дайламий ривояти).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиш Аллоҳнинг изни билан банда ҳаётига фаровонлик олиб келади ва ризқи кенг бўлишига омил бўлади.
Муаллиф:З.Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилояти вакили (Манбалар асосида тайёрлади).
Киритилган вақти: 12/11/2019 19:16; Кўрилганлиги: 1254
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:00