Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир

 
 

Ризқ учун ҳаракат, ҳалол меҳнат ва касбу кор қилиш ҳаётий заруратлардандир. Ислом дунёвий ва охират мақсадларни умумлаштирган бағрикенг дин ҳисобланади. Инсоннинг бу дунёда тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, ўзининг ва аҳли оиласининг ризқи учун сайъ ҳаракатда бўлиши ҳамда охират ҳаёти учун замин ҳозирлаши ва ибодатда ижтиҳод қилишини жамлаган диндир. Шундай экан Аллоҳ таоло бандаларининг ўз ҳаёт турмушларини йўлга қўйиши ва тирикчилиги учун манбаларни тайёрлаб қўйганига гувоҳ бўламиз. 

Аллоҳ таоло муборак каломида шундай марҳамат қилади:

  1. Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган зотдир..
  2. У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди..
  3. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир.. (Иброҳим сураси, 32-34 оятлар).

Қуръони каримда касб-ҳунарга кўп эътибор берилган. Сабаби, касб-ҳунар орқали инсон ҳалол ризққа эришади ва ўзгаларга иқтисодий жиҳатдан қарам бўлишдан қутилади.

Маълумки, айнан кўп сонли касблар мавжуд ҳудуд ва ўлкаларда, гарчи уларнинг ерларида ички ва ташқи бойликлар кам ёки бутунлай йўқ бўлса ҳам, ҳақиқий моҳир ишчи кучлари тўпланади. Бундай давлатлар, табиий захиралари бўлмаса ҳам, ўз етишмовчиликларини юксак инсоний фазилат ҳисобланмиш доимий ҳаракатчанлик ва тўхтовсиз интилувчанлик ёрдамида тиклашга имкон топа оладилар. Бу борада Япониянинг яқин ўтмиши эсга олинса, кифоя.

Шу сабаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаи киромларни касб-ҳунарли бўлишга ундардилар. Бой бўлсин, фақир бўлсин, меҳнат қилишдан тўхтаб қолганларни мазаммат қилардилар.

Бунга мисол қилиб, қуйидаги ҳадисларни келтиришимиз мумкин:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ касб қиладиган бандани яхши кўради. Ким оиласи учун касб-ҳунар билан тирикчилик қилса, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган кишидек бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти). Ҳадиси шарифда ҳалол ризқ талаб қилиш Ислом арконларидан кейинги фарз экани баён қилинди.

Бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳни тушида кўрди. У зотдан: “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?”-  деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Яратган мени мағфират қилди, фазлига олиб улкан марҳамат кўрсатди. Лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб этмади”, – деб жавоб берди. Киши уйғонгач, темирчининг бундай даражага қандай эришганини ўйлаб қолди.  Суриштириб унинг уйини топди. Темирчининг хотинига тушини айтиб берди ва ундан: “Эрингизнинг қандай амали бор эди?” – деб сўради. Аёл бундай жавоб берди: “Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб: “Биз ҳам бой бўлганимизда, туни билан таҳажжуд ўқирдик”, – дерди. У иш вақтида азонни эшитса, болғасини тепага кўтарган бўлса ҳам урмасди. Ўша заҳоти болғасини тушириб: “Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди”, – дея масжидга кетарди”. Темирчи ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи ва иккинчи даражали фарз тенг келиб қолганда юқорисини устун қўйиб, Раббининг ҳузурида олий мақомга эришди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса: “Мен дунё амали билан ҳам, охират амали билан ҳам шуғулланмайдиган бекорчи кишини ёмон кўраман”, дер эканлар.

Ризқ Аллоҳ таоло томонидан ато қилинади. Уни ҳалол йўл билан талаб этиш фарз амаллардандир. Берилган насибани шариатга мувофиқ бўлмаган йўл билан қўлга киритиш эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”(Бақара сураси, 172 оят).

Шунингдек инсон ўзини ўзи эҳтиёжини  таъминлай олмасдан бошқаларни қўлига қараб таъмагир, боқиманда бўлиб қолишдан динимиз қайтарган.  Жумладан, кучи қуввати бўла туриб кўчаларда девоналик қилишни динимиз таъқиқлайди.  Айрим ўзи ёш, куч-қувватга тўлган эркагу аёллар ишлаш имкони бўла туриб, ишламасдан кўчаларда уйма уй юриб тиланчилик қилишлари мусулмончиликка ҳам урф-одатларимизга ҳам зиддир. Динимизда инсонни бир кунлик ейдиган овқати бўлиб садақа сўраб соиллик қилиши ҳаром экани уламоларимиз томонидан таъкидланган. Ҳанафий фиқҳи фатво китобларида ишлашга куч қуввати бўла туриб садақа сўраган кишига садақа беришни жоиз эмас дейдилар. Бу ҳолатни Сўфи Оллоёр “Саботул ожизин”да қуйидагича тарифлаган.

Кеча кундузга кимни қути етса,

ҳаром эрмиш ўзини соил этса.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”,-деганлар. 

Юртимиз тарихида илм ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш қадим замонлардан бери алоҳида ўрин тутиб келади. Ота боболармиз илмли, ўз касб-ҳунарига эга бўлган ишбилармон ва тадбиркор инсонларни қадрлаганлар.

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий ва маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда касб-ҳунарга алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳамда ёшларни уста-шогирд йўналишини қўллаб-қувватлаши таҳсинга сазовордир.

Ҳар бир мўмин-мусулмон ёш ҳаётининг фаровонлигини таъминлайдиган бирон касб билан шуғулланиши айни ислом шариатининг кўрсатмасидир. Зеро, доно халқимиз айтганидек, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”.

 

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 21/05/2022 16:33;   Кўрилганлиги: 922
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/halol-kasb-qilish-farzdan-keyingi-farzdir
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг