Энг бахтли одамлар ким?
Ҳар бир инсон ер юзида бахтли яшашни истайди. Ҳеч бир киши йўқки ғам-андуҳ, хафагарчилик ва машаққат билан яшашни истаса.
Ҳар бир инсон бахтни қўлга киритиш учун интилади. Баъзилар уни ҳисобсиз мол-дунё қасрларда деса, баъзилар мансаб, обрў-эътибор ва қўл остидаги ходиму хизматчиларнинг кўплигида деб тушунади. Мана шу тушунчадаги инсонлар ҳақиқий бахтга эришаман деб ўйлайдилару, аммо охир-оқибат ўйлаганлари хато бўлиб чиқади.
Тарих бунга гувоҳки бу тушунчада яшаганларнинг бирортаси ҳам ҳақиқий бахтни топа олганлари йўқ. Мисол учун Қуръонда зикри келган Қорунни мол дунёсининг ҳисоби йўқ эди. Унинг ҳазинаси шу даражада эдики, бир жамоат кишилар унинг калитларини кўтариб юришлик билангина шуғулланар эдилар.
Сўнгра (Қорун) қавми олдига ясаниб чиққан эди, дунё ҳаётини истайдиган кимсалар: Эҳ, қани эди, бизларда ҳам Қорунга ато этилган нарса (бойлик) бўлса. Дарҳақиқат, у улкан насиба эгасидир», – дедилар (79-оят).Илм ато этилган кишилар (руҳонийлар) эса: «Ўлим келсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку! У (савоб)га фақат сабрли кишиларгина эришурлар», – дедилар (80-оят).Бас, Биз уни ҳам, (бойлик тўла) масканини ҳам ерга юттирдик. Сўнгра унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирор жамоа бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади (81-оят).[Тоҳа сураси79-81]
Фиръавннинг ҳам бойлиги ҳисобсиз эди. У Мисрнинг бор ҳазинасига эгалик қилган бўлиб, энг бахтли инсон мен бўламан деб ўйлар эди. У доимо ўзининг остидан оқиб турадиган анҳорлар билан ҳузурланар эди. Бу ҳақиқий бахт эдими? Йўқ албатта. Бир кун келиб ана шу анҳор унинг устидан оқизилиб, аянчли ўлим топиб ҳалок бўлишига сабаб бўлди.
Демак кимнинг қалбида иймон, Аллоҳнинг зикри бўлмаса ва ҳаёти Аллоҳ таолога итоат билан ўтмаса, у инсон ҳеч қачон ҳақиқий бахтни топа олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз”. [Тоҳа сураси 124]
Бахт ҳақида сўз кетар экан, нафақат бахтли яшашда балки бахтли яшаш сирини то қиёматгача келадиган инсониятга ибрат бўлиб кўрсатиб кетган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларига назар солсак, У зот аллайҳиссалом кўпинча оч қолиб кетар эдилар. Баъзан очлик азобини енгиллатиш мақсадида муборак қоринларига тош ҳам боғлаб олар эдилар. Ётоқлари ҳам юпунгина бўлиб, муборак баданларида бўйранинг излари қолиб кетар эди. Айнан ана шу инсонгина дунёдаги барча инсонларнинг энг бахтлироғи эдилар.
Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир.[Юнус 58]
Довуд алайҳиссаломнинг оиласига ҳам Аллоҳ таоло жуда катта мулк-давлат, куч-қувват ҳамда подшоҳлик берган эди. У киши шулар билан кифояландиларми? Йўқ, балки ярим кечаси ибодат учун турар эдилар. Бир кун рўза тутсалар бир кун оғизлари очиқ холда юрар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди”.
Давуд алайҳиссаломнинг молу-дунёси, шону-шуҳрати роббисига итоат этишдан тўсмади ва саодатманд бўлдилар.
Сулаймон алайҳиссаломни эслайлик. У киши эгалик қилан мулк у кишидан кейин бирор киши моликлик қила олмайдиган даражада эди. Лекин бу мулк Сулаймон алайҳиссаломни Аллоҳ таолонинг тоатидан чалғита олмади.
Эсланг, унга (Сулаймонга бир куни) кечки пайт гижинглаб турувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. (31-оят). Бас, у деди: “”Дарҳақиқат, мен Парвардигорим зикридан (яъни намоздан қолиб) бу яхши (от)ларга кўнгил қўйишга берилиб кетибман. Ҳатто, (қуёш) парда билан беркинибди (ботибди). (32-оят). У (от)ларни менга қайтарингиз-чи! Бас, у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини “силаш”га киришди (сўйиб қурбонлик қилди). (33-оят).[Сод сураси 31 - 33]
Сўзимизнинг сўнгида Пайғамбаримиз а.с нинг ушбу муборак ҳадислари билан хулоса ясаймиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ с.а.в: “Бандаменинг молим, менинг молим, дейди. Ваҳоланки, унга молидан учтаси: еб битиргани, кийиб чиритгани ва бериб, ўзига савоб олгани бўлади, холос. Ундан бошқаси беҳуда кетган ёки одамларга қолган бўлади”, дедилар.
Биз юқорида Қуръон каримда зикри келган қавмлар ва пайғамар алайҳимус-саломларнинг ҳаётларини бежизга ибрат тариқасида келтириб ўтмадик. Аллоҳ таоло инсон зотини ер юзида умргузаронлик қилишини истабдики, уни бир зум ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ. Балки Ўз ҳузуридан пайғамбарлар, китоблар йўллаб инсониятга ҳаётда саодатга эришиш йўлларини кўрсатиб турди. Биз Аллоҳнинг энг охирги каломи Қуръони каримда келтирилган қиссаларга ибрат кўзи ила боқсак, ҳаётимизда ҳам бу воқеалар такрорланаётганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизни дунё билан машғул бўлиб қолиб, энг сўнги ва абадий манзилгоҳимизни унутиб, икки дунёда бахтсиз бандалардан бўлиб қолишдан асрасин. Бир мартагина яшаладиган ғанимат умримизда ҳақиқий бахт сари интилиб яшаш саодатини насиб этсин.
Ў.Умирқулов - Самарқанд шҳар "Лаҳутий" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 12/12/2020 15:22; Кўрилганлиги: 1355
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 12:34