Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси

 
 

Ҳаёт саҳифаси (сўзбоши ўрнида)

Мавлоно мулла Муҳаммаджон Ҳиндистонийнинг ушбу ўз тилларидан ёзиб олинган таржимаи ҳолларини ўқир эканман, беихтиёр: «Инсон боши тошдан ҳам қаттиқ. Аммо одам боши сой тубидаги тошдек чидаб қолади», деган ўй хаёлимда такрорланди. Ҳа, Худо ғолиб қиламан деса, одам – ғолиб! Уни ҳеч нарса, ҳеч қандай азоб-уқубат, ҳеч қандай қийинчилик енголмайди.

Илм истаган, дили маърифат ва яхшиликка ташна солиҳ йигит бошидан замон не тегирмон тошларини югуртирмади. Уни маърифат ва иймондан тойдиролмади. Балки, аксинча, қийинчилик ортган сайин унинг иймони мустаҳкамлана, маърифати комиллана борди. «Аллоҳ доим сабр қилгувчилар билан биргадир», деган маънодаги ояти карима бу ажойиб инсон тақдирида яна бир карра исботини топди.

Мавлоно Муҳаммаджон Ҳиндистонийнинг бошдан кечирганлари магнит лентасига ёзиб олинган экан. Уламойи киром уни қунт билан оққа кўчириб чиқдилар.

Даврнинг не-не довулларини бошидан кечирган бир инсоннинг юракларни ларзага солувчи қиссаси шу тариқа ҳаёт саҳифасига кириб келди.

Бу умр қиссаси – оғзаки қисса. Унда кўҳна жонли туркий тилимизнинг ўзига хосликлари, «ошланмаган», «ишланмаган» жилвалари шундоқ кўзга ташланади.

Қисса қандай талаффуз қилинган бўлса, шундай қоғозга тушди. Бу тил – Мулла Ҳиндистонийнинг тили ва у дахлсиз, сайқалга муҳтож эмас. Айрим ўринлардагина келишикларни андак тўғриладик.

Сиз билан, ўқувчи, ҳаяжонларимизни тезроқ баҳам кўришни истадик.

Иброҳим Ғафур, 
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمـَنِ الرَّحِيمِ

ҚЎҚОН. ЖАЛОБИР

Худонинг номи билан бошладим.

Сиз қорийини киромларға маълум бўлсинким, камина ахқорул-ибод Муҳаммаджон Ҳожи Мулло Рустам ўғиллари сана 1310 – ҳижрий мувофиқ 1892 мелодийда Қўқонд музофотиға қарашли Чорбоғ қишлоғида – Хожа Муҳаммад Валий мозорлариға яқин ушбу қишлоқда туғулуб тарбия топғондирман.

Қиблагоҳимнинг ҳикоя қилишларича, Қўқонд ва Самарқандда таҳсили улум қилғон эканлар. Марҳум фақиҳ эдилар. Бошқа улумларға маҳоратлари ўртача эрди. Ман олдиларида «Фарзи ъайн» ва «Фиқҳи Кайдоний» ва ҳам «Мухтасар» то «Китоби никоҳ» ўқуғон эрдим. Мени қорий қилишга кўп ҳарис эрдиларки, 

– Қўқондда мадрасада ўқуб турғонимда рамазон ойида мадрасада хатм бўлди. Бир қорий хатмга ўтди. Ниҳоятда хушовоз экан. Номи Муҳаммаджон қорий экан. Мен Худоға аҳд қилиб, шундоғ тиладимки, агар ман хотун олсам, Худо ўғул берса, номини Муҳаммаджон қўйиб, қорий қиламан. Худойи таоло талабимга мувофиқ, бир обрўлик улуғ киши мени мадрасадан олиб бориб, қизини менга никоҳ қилиб берди. Худованд ирода қилғон экан, сан вужудға келдинг.

Хулосаи калом шулки, мени 8 ёшимда марҳум Муҳаммад Амин қорийға бердилар. Ул зот Жалобир қишлоғидан эрдилар. Бизнинг жойимиздан бир километр масофададур. Бир ойда «Ҳафтияк»ни тамом қилдим. Сўнгра қорий домла марҳум бўлуб қолдилар. Сўнгра қиблагоҳим мени Тошболта домлаға топшурдилар. Бу қорий домлада тўрт йил давом этдим, лекин Қуръонни ҳифз қилмоғим маҳол кўринур эрди. Сабаби шулки, уйнинг хизмати, ҳам Қорий домланинг хизматлари бўлуб, менга фурсат бермас эрди. Мен қиблагоҳимга айтдим:

– Мени шаҳарға олиб бориб беринг. Бу жойда одам бўлмайман. Қиблагоҳимга ҳам мақбул бўлди. Шаҳри Қўқонд бизнинг қишлоқдан саккиз километр масофада турар эрди. Ул даврда кўчалар хароб эрди. Одамлар оту эшак ва пиёда юрар эрдилар. Отамизнинг бир отлари бор эрди, эшакдан каттароқ. Мени орқаларига миндириб олдилар. Икки километр юргандан сўнг кўчада озгина лойдан ўтмади. Қиблагоҳ ҳарчанд зажр қилиб урсалар ҳам, бўлмади. Отдан тушуб, етакласак ҳам, бўлмади. Ҳайрон бўлуб туруб қолдук. Ногоҳ орқадан бир аёлнинг доду фарёд қилғон овози эшитилди. Қарасак, биз тарафға бир аёл югуруб келмоқда. Яқин келғонда маълум бўлдики, волидамиз эканлар. Қуръоним фаромуш бўлуб қолғон экан. Орқамиздан волидамиз Қуръонни олиб югурғон эканлар. Етиб келғондан кейин беҳол бўлуб йиқилиб, ерга ётиб қолдилар. Биз Қуръонни олғондан сўнг отни етакласак, юриб кетаберди. Қиблагоҳ айтдилар:

– Агар от тўхтаб турмағонда онанг то шаҳарғача югуруб борар экан, Худо раҳм қилиб отни тўхтатиб қўйди.

Хулосаи калом шулки, қиблагоҳ мени Зикриё қорий домлаға топшурдилар. Бу қорийхонада икки йилда тамом қилдим. Ўн тўрт ёшимда Қуръонни ҳифз қилдим. Сўнгра, одатга мувофиқ, қиблагоҳимиз тамом уламоларни жамъ қилиб, хатм тўйини қилиб бердилар. Ҳаммаларидан дарс ўқушумға фотиҳа олиб бердилар. 
Кейин Мулло Эшонқул домланинг ҳузурларида ибтидоий дарсларни ўқушға бошладим. Илму Сарф ва илму Наҳвнинг ибтидоий китобларини ўқуб, то «Шарҳи Жомий» бошладим. Ёшлигимдан илмга ҳарис эдим. Рамазондан илгари бир ой такрори Қуръон қилмоқ учун Шоҳимардонға борар эдим. Ул вақтларда араба билан одамлар зиёратга борар эрдилар. Менда кирага пул йўқ, ночор пиёда борар эдим. Бир мартаба кавшимни ечиб, халтага солиб, ялангоёқ юрдим. Шунинг учунки, кавшим йиртилиб қолса, бозордан янги олиш қийин, пул йўқ, камбағалчилик:

Халқимизнинг касбидур деҳқончилик,
Меҳнату кулфат эди арзончилик;
Нон десак, олиб берар зоғорани,
Чинни коса ўрнига тоғорани. 

Иш тополмай ётадур қум устида –
Таги тешилган элак, хум устида.
Халқимизнинг кўплари оми эди,
Кўкнори-ю носкашу банги эди.

Хулоса шулки, мен қорийинларга ул давр замонинг аҳволидан озгина баён қилдим. Қариялардин қолғон бир масал борки: «Мушти рамуз аз хурдор». (Изоҳ. Яъни, озгина нарса кўп нарсани англашда кифоя қилади.) 
Илова ўрнида 

Мавлавий-Ҳиндистоний ҳақларида атоқли замондошларининг самимий таърифлари

Чунончи, ХХ асрнинг муҳташам сиймоларидан бўлмиш мумтоз шоир ва аллома Исмоилхон Фақирий: «Аллоҳ таоло бир кишига шунча илм беради деб ўйламаган эдим», деб эътироф этганлар.

Улуғ замондошимиз, атоқли аллома Аҳмаджон Махдум Ҳанафий-Нақшбандий Мавлавий-Ҳиндистоний ҳақларида ушбу нурли сўзларни битганлар:
“Ҳазратнинг унвонлари “Мавлавий”, “Ҳожи Қорий”, “Ҳожи Ҳиндустоний” ва “Ҳожи Домулло эди. Муборак исмлари Муҳаммаджон бўлиб, тафсир соҳибидирлар. Бу тафсир “Таржиматул-Фурқон фий тафсийрил-Қуръон” деб номланган. Ажам диёрида ва менинг руҳимда жаноб Устозул-аъзам эдилар...”
Яна айтадилар:
“Ҳазрати Ҳожи Домулло ўз ватанлари Қўқондда Қуръони каримни ёд олиб, бошланғич таълимни эгаллаб бўлганларидан сўнг илму камолот таҳсил қилиш учун Бухорога борганлар. Кейин Афғонистонга борганлар ва Қози Мир Муҳаммад Ғавс ҳузурларида бир неча муддат илм таҳсил қилганлар. Устозлари вафотидан сўнг ул зотнинг васияти ва мактуби билан Ҳиндистонга борганлар”...

Яна айтадилар:
“Ҳазрат бағоят одоб соҳиби ва ўз замонасининг ягонаси бўлган бир зоти шариф эдилар. Ул зотнинг нутқлари ғоят мукаммал эди. Одамлар Ҳожи Домуллонинг дурру нисор тилларидан сўнг тинглашни орзу қилар эдилар”... 

Яна айтадилар:
“Ул зоти бобаракотдан таълим олган чоғларимда ажойиб тушлар кўрар эдим ва ул зотнинг муборак дуоларига мушарраф бўлар эдим. ”...

Яна айтадилар:
“Ҳазрати Устознинг тасавуф аҳлига тугал эътиқодлари, ихлоси тамомлари бор эди... Мен “аҳқарул-варо”га китоб ва рисола таснифи учун ижозат бердилар. Энг охирида менга “Тафсир Кашшоф”дан дарс бериб, дуо қилдилар”...
 
(“Қиссаи Мавлавий Ҳиндистоний» рисоласидан олинди. Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек)

(давоми бор)


Киритилган вақти: 15/09/2020 13:34;   Кўрилганлиги: 844
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/domla-hindistoniyning-hayot-qissasi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 06:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг