Диний ва миллий қадриятлар
Ислом дини юртимизга кириб келганига ўн асрдан ошди. Халқимиз динга амал қилишда бошқа халқлардан қолишмаган. Динига амал қилмайдиган, уни билмайдиган халқдан олимлар чиқмайди. Бунинг яққол намунаси сифатида IX асрдаёқ турли соҳалардаги буюк олимлар етишиб чиққанини кўрсатиш мумкин. Уламолар орасида бир гап бор: “Қуръон Арабистонда нозил бўлди, Мисрда ўқилди, Мовароуннаҳрда унга амал қилинди”. Бу гап бежизга эмас. Чунки тарих гапимизга гувоҳ. Ёзма манбалар, халқ оғзаки ижоди ва халқ ижтимоий ҳаётига назар солсак, таҳлил қилсак динимиз таълимоти миллий қадриятларимиз аксариятининг асоси экани намоён бўлади.
Тааббудий (ибодатга оид) масалалаларда:
Намоз. Биз намозимизни сўфиёна ўқиймиз. Фиқҳда намоз икки елкага салом бериш билан тамом бўлади дейилади. Унинг ортидан қилинадиган зикр, Қуръон тиловати ва дуолар суннатга мувофиқ қилиниб, қалбни Аллоҳга янада яқинроқ қилиш учундир. Баъзи мусулмон юртларда саломдан кейин зикр, тиловат қилмасдан туриб кетишади. Бизда эса ундай эмас.
Азон, Қуръон тиловатини эшитган кишининг сукут сақлаб тик ҳолда бўлса, ўтириб тинглашини кўрамиз. Бу ҳолат динга амал қилмайдиган одамлар орасида ҳам бирдек кузатилади.
Тарбиявий масалаларда:
Болаларга овқатни ўтириб ейиш, унга пуфламаслик, ўнг қўл билан ейиш, ўнг томондан бошлаш, бисмиллоҳни айтиш, катталарга салом, ота-онани рози қилиш, устозга ҳурмат ва итоат борча ота-она ўргатадиган тарбия ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом овқатни ўтириб, ўз олдидан бисмиллоҳни айтиб ейишни таълим берганлар. Ким буларга амал қилмаса, “одобсиз экан”, деймиз. Чунки, биз ўзимиз билмасак ҳам ўша суннатга амал қилиб келамиз ва у бизнинг ҳаётимизга сингиб кетган. Чақалоқнинг қулоғига азон айтиш, танглайини кўтариш, исм қўйишда аҳли илмлардан сўраш ҳам шулар жумласидан. Кўпчилик буни диндан эмас балки ўзимизнинг қадриятларимиз деб билади.
Ўгитлардан яна бири – ота ўтирган уйнинг томига фарзанднинг чиқмаслиги, бола отасига сартарошлик қилмаслиги ҳамда отасидан олдинда юрмаслигидир. Шу гап одамлар орасида кўп айтилади. Бу тўғрисида саҳобалардан бирининг “эй ғулом, отангдан олдинда юрмагин”, мазмунидаги ривоятни ва бошқа кўплаб шунга ўхшашларини ўқиб, халқимиз тарбия борасида суннатга таянган экан, деб мулоҳаза қилдим. Бир сартарош йигит отасининг сочини “бола отасини сочини олмайди”, деб олишга унамаганди. Кейин билсам, бирон жойини кесиб олса ва бундан ота ранжиса, отамга оқ бўлиб қолмайин деган андиша бор экан.
Болаларни “суннат” қилиш асли Пайғамбаримиз алайҳиссалом қилган амаллардан бўлгани учун биз ҳам шу ишни маъносини билмасак-да “суннат” деймиз. Бир болага етти маҳалла ота-она деган шиор остида тарбия қилинганмиз. Бу ҳам шариатимиз таълимотларига асосланган.
Ўзаро муносабатларда:
Аёлларга эрининг розилигини топиш ўргатилади. Бировнинг ҳовлисига мўралаш одобсизлик ҳисобланади. Буларнинг барчаси суннатда таъкидланган. Меҳмон отангдай улуғ, деган нақл ҳам ҳадисга мувофиқ. Шунингдек, қўшничиликда эҳтиёткорона бўлиш ҳам динимиз кўрсатмаларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар», (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Тирмизий ривояти).
Буларнинг барчаси доно ота-боболаримизнинг динимизни ўргангани ва унга оғишмай амал қилгани ҳамда биз авлодларга мерос қолдирганидир. Ҳадис китобларини ўқиб, халқимиз орасида суннатга мувофиқ амаллар кўплигини кўриб ҳайратда қолади киши.
Лекин шу билан бирга динимизга зид тушунча ва амаллар ҳам анча-мунча. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга“Битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилиб бер”, деган сўзларини ҳужжат қилиб “динимизда ҳам тўй қилишга тарғиб бор-ку”, деб исроф қилувчилар оз эмас. “Орзу ҳавас” деган иборани либос каби кийиб мисқоллаб топган пулларни ҳавога сочганлар, тўй қилиш, маҳр бериш, келиннинг сарпо-ю уйини жиҳозлаш куёв тарафнинг зиммасидаги иш бўлиб, буни қуда томонга юклаб қўйгани каби ишлар на динимиз ва на миллатимиз қадриятида топилмайди. Қўрқаманки, бир-икки авлод алмашганидан кейин келажак авлод бу ҳолатни “ота-бобомиздан қолган қадриятларимиз”, демаса эди! Ёки беш вақт ўқиш фарз бўлган намоз Рамазон ойигагина кўчиб қолмаса эди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бир неча аср олдин яшаб ўтган аждодларимиз динимизни биздан кўра яхши билишган ва яхшироқ амал қилишган. Биздан инсофда, покликда, ҳалоллик ва одамгарчиликда ҳам устун бўлишган. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Ҳолбуки, ўша давр шароити, имконияти ҳам эди.
Ечим шуки, динимизни ўрганиш ва амал қилиш орқали Роббимизнинг розилигини ҳамда ҳаётимизда хотиржамликни топамиз.
Олим Ҳайдаров Тайлоқ туман “Ғўлба” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 15/06/2020 14:08; Кўрилганлиги: 1103
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 22:43