Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Бидъат ва хурофот-хайрли амалларимиз кушандаси

 
 

Оламлар парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар, тақводорлар пешвоси саййидимиз Муҳаммад с.а.в га саловот ва саломлар бўлсин.

Катта ва кичик гуноҳларимиз орасида қўшилиб, онгимизга сингиб кетган бидъат-хурофот хақида сўз юритмоқчиман.

Аввало бидъат — Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин одамлар томонидан динга киритилган янгиликлардир.

«Бидъат»-сўзи луғатда “бир нарсани янгидан пайдо қилиш” маъносини англатиб, динга кириб келган янгиликка ишлатилади. Уламоларимизнинг айтган фикрлари буйича бидъат икки хил бўлади:

Бидъати ҳасана (яхши саналган бидъат), масалан: мавлид ўқиш, таровиҳ намозида хатми Қуръон қилиш кабилар.

Бидъати саййиа (ёмон деб саналган бидъат), масалан: Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатиб берган мотам кунларига қўшимча мотам тутиш, ислом динида байрам қилиб белгиланган ҳайит кунларини мотамсаро кайфиятда ўтказиш, қабристонларга бориб шам ёқиш кабилар.

Хурофот эса халқ ўртасида одатга айланган, аммо дин кўрсатмаларига зид бўлган амаллардир. Масалан: аёлларнинг фарзанд талаб қилиб, дарахтга латта боғлашлари, янги келин-куёвларнинг никоҳ кечаси аланга ёқиб, унинг атрофида айланишлари ва шу кабилар.Одатда кайфиятга ҳам, иш фаолятига ҳам салбий таъсир кўрсатувчи ирим сиримларга, асосан кўпроқ аёллар ишонишади. Бунга жуда ҳам кўп мисолларни келтириш мумкин. Масалан кечқурун тирноқ олса (ёки сешанба,шанба,ва ҳоказо кунлари) бўлмайди, аёл киши йўлдан кесиб ўтса иши юришмайди, тирик одамни бўйини ўлчаб бўлмайди ўликни ўлчагандек бўлади. Шанба куни қўлдан пул кетса фақирлик келади, нонни дастурхонга тоқ қўйиб бўлмайди, аъзали дастурхонга тоқ қўйилади ва яна дарвоза тепасига, ҳовлидаги устунларга осиб қўйиладиган ҳайвон бош суяклари, тақа, исириқ, қалампир, асалари уяси шунга ўхшаш нарсалар. Яна, қўлга, бўйинга осилган кўзмунчоқлар, кийимга қадаб қўйилган дўлана ва ҳоказо жуда кўплаб ирим сиримлар бор. Ҳалқимиз орасида иримларга ишониш орқали, яхши ва хайрли ишларнинг кечикиши, инсонлар ҳаётидаги интизомий меъзонларнинг издан чиқиши, ўзаро низо ва фитналарга сабаб бўлишига олиб келади.

Жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи зарарли одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда «Бидъат ва хурофот» деб юритамиз. Энди сўз шу ҳақда. жанозадан фотиҳа ўқиш учун қайтганларга атаб жонлиқ сўйилиб, ноз-неъматли дастурхонни безаб қўйишади. Бу дастурхон уч кун давомида ёзиғлиқ туради. Марҳумнинг вафотидан сўнг еттинчи, йигирманчи, қирқинчи кун ва бир йилда дастурхонни тўйлардан ҳам дабдабалироқ тарзда ёзилиб “эҳсон” қилишади. Ҳозирги кунда кўпгина маҳалла ва хонадонларда бу ишларнинг бидъат эканини тушуниб, ушбу ишларни қилишмаяпти. Аслида тирикликда қилиниши лозим бўлган ибодатлар ва хайр-эҳсонларнинг вафотидан кейин қилингани қанчалик манфаати бор. Абу ат-Туфайл Омир ибн Восила (розиёллоҳу анҳу) айтдилар: Ҳазрат Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан сўралганда, ҳазрат Али: «Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) ўзимизга ҳос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир»,- дедилар-да, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: «Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирон жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган (имконият туғдирган) кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф ёзилган экан.

Бидъат-хурофотдан ўзимизни ва атрофдагиларни сақлайлик Соф ва муқаддас динимизни халқимизга етқазайлик.

Агар суннатларни тарқатадиган бўлсак, бидъатлар ўз ўзидан йўқ бўлиб бораверади.Масалан:

– Муаззин азон айтганида у каби қайтариб туриш.

–Тунги таҳажжуд намозини енгилгина икки ракат ўқишдан бошлаш.

– Ичимликни пуфламасдан ичиш.

– Чап қўлда овқатланмаслик.

– Сувни бирданига ичмасдан, учга бўлиб ичиш.

– Таҳорат билан ухлаш.

– Аллоҳ йўлида зиёрат қилиш.

– Ухлаш олдидан тўшакни қоқиш.

– Уй ишларида аҳли-аёлига кўмаклашиш.

– Ёш болаларга ҳам салом бериш.

– Эркак кишилар оқ кийим кийиши.

– Учрашганда қўл бериб сўрашиш.

– Ўнг томонга қараб ухлаш.

– Беморларни зиёрат қилиш.

–Акса уриб то алҳамдулиллаҳ деб айтмагунча ярҳамукаллоҳ демаслик.

– Калтакесакни ўлдириш.

–Йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам суннат.

–Рамазон ҳайитига чиқишдан олдин хурмодан тоқ еб чиқиш.

Бундан бошқа суннатлар ҳам жуда кўпдир.

Нарпай туман отинойиси Дилноза Адиз қизи


Киритилган вақти: 28/06/2021 15:22;   Кўрилганлиги: 799
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/bidat-va-xurofot-xayrli-amallarimiz-kushandasi
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 18:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг