Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Бармоқлар билан тасбеҳ айтишнинг фойдалари Тиббий ва руҳий муолажа

 
 

Қўл кафтида инсон ички аъзолари тизими ва барча ҳужайраларга боғлиқ нуқталар бор эканини замонавий илм кашф этди. Буни яна шундай тушунса бўладики, инсон кафтларидаги бармоқлари билан тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳмийд (алҳамдулиллаҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар) айтганда, айнан ўша нуқталар, тугунларга таъсир қилар экан.

Яна бу шуни англатадики, бармоқлар билан тасбеҳ айтиш орқали сиз талқин, яъни, аста-секинлик билан Аллоҳнинг улуғлиги, энг катталиги, энг мақтовга лойиқлиги кабиларни бутун вужудингизнинг ички тизимига сингдирар экансиз.
(Юрак, буйраклар, жигар, ўт қопи, ошқозоности бези, кўзлар, қулоқлар ва барча асаб ҳужайралари Аллоҳга тасбеҳ айтади ва У зотнинг коинотда энг улкан – Акбар Зот эканини эътироф этиб, ҳамду санолар айтади)
Ундан ташқари, бу ҳолатда сиз жисмингиз учун массаж ва ревитализация (тиббиёт ва косметлогияда, кексайиб бораётган организмни ёшартиришга даъво қилувчи метод, техника) ишларини ҳам амалга оширасиз экан.
Унутмаслик керакки, қиёмат Кунида тил, қўллар ва оёқлар бизга гувоҳликка ўтади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Нур сурасининг 24- оятида айтади: “У кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берур”.
Психолог шифокор, психология кафедраси мудири, профессор Муҳаммад Ҳофиз Атроний шундай дейди: “Тасбеҳ айтган руҳий қарамликка учрамайди, қарамликка учраганни муолажаси эса тасбеҳ айтишдир. Аллоҳни зикр қилиш инсон миясидаги асаб тўлқинларини тартибга солади ва турли тинчлантирувчи воситаларсиз психологик мувозанат ҳолатига келтиради.
Гиёҳванд воситаларига қарамликни даволаш ва олдини олиш учун кунига икки тасбеҳ сеанси муолажаси етарли. Дори терапияси гиёҳвандликка олиб келади ва тасбиҳ эса самарали алтернатив ҳисобланади”.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига қулоқ тутамиз: Юсайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни (аёлларни) такбир, тақдис ва таҳлилга риоя қилишга ва уларни бармоқ учи ила санашга амр қилдилар. Чунки улардан сўралур ва нутқ қилиш талаб қилинур». «Сунан» эгалари ривоят қилган.

Аллоҳ таоло сизу бизни тасбеҳ айтувчи, ҳамд айтувчи ва Аллоҳни кўп зикр этувчи бандаларидан қилсин!

Аброров Жаҳонгирхон манбалар асосида


Киритилган вақти: 18/06/2022 08:01;   Кўрилганлиги: 544
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/barmoqlar-bilan-tasbeh-aytishning-foydalari-tibbiy-va-ruhiy-muolaja
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 02:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг