Аёллар ружуъ қўйган бидъат-хурофотлар
Фолбинлик – ғайбни билиш даъвосидаги кимсаларнинг машғулоти. Коҳинлик, аррофлик каби номлари мавжуд.
Коҳинлик – келажакда бўладиган нарсалар ҳақида хабар бераман дейди, унга бу хабарларни жинлар етказишини даъво қилади.
Аъррофлик – турли ишларнинг бошланиш сабаблари ҳамда ўғирланган нарсаларни, уни ким ўғирлаганини ёки қаерда эканини билишини даъво қилувчи киши.
Азайимхонлик – бунда дам солувчи одам жинлардан мадад сўраб дуо ўқийди.
Авфок – бу махсус геометрик шакллар ичига ёзилган рақам ва ёзувлар. Бунда шаклларни бирор вақтга ёзиб ўзи билан олиб юрса, бахт келтиради ёки омад унинг кетидан қувиб юради деб ҳисоблайдилар.
Мунажжимлик – бунда, юлдузларнинг жойлашувига қараб бўладиган ҳодисаларни билишни даъво қилади. Ҳозирги кунда газета-рўзномаларда чиқадиган “мунажжимлар башорати” ҳам шу турга киради.
Сеҳр – луғатда "сабаби махфий бўлган нарса" маъносини англатади. Сеҳрнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Шаъваза – бу фокус усулида чаққон ҳаракат билан кўрсатиш.
Нушра – бу жин теккан кишининг сеҳргар ёки фолбин ҳузурига бориб даволанишига айтилади. Булар ҳам жинларнинг мададига таянади.
Мушкул кушод – мушкулларни осон килиш мақсадида масалан, қизга совчи келмаганда, йигитга қиз топилмаганда, иши юришмаганда қилинадиган хурофот амал.
Бу хурофот "Бибичоршанба" ва "Чироқ ёқди" деб ҳам номланади.
"Чироқ ёқди"да азиз-авлиёлар руҳини "чақириш" учун шам-чироқ ёки пахта ёқишади.
Бибисешенба – муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш амали Юқоридаги барча бидъат-хурофотлар Ислом ақидасига зиддир ва улкан гуноҳ ҳисобланади.
“Кимда-ким фолбин ёки сеҳргар ёки коҳиннинг олдига бориб, унинг айтганларига ишонса, у Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривояти).
"Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, улар ўшаларнинг дуоларидан ғофил, бехабардирлар" (Аҳқоф, 5).
Аллоҳ тўғри йўлидан адаштирмасин!
Отабек Жумаев Самарқанд шаҳар "Хўжа Нисбатдор" жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 11/09/2023 16:39; Кўрилганлиги: 706
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 19:24