Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Амирлар тахтга ўтиришдан олдин Бухородаги қайси авлиё қабрини зиёрат қилган?

 
 

Ватанимиз тарихидаги 2 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1389 йил (бундан 632 йил олдин) – авлиё, нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд вафот этди. Бу воқеа ҳақида Салоҳ ибн Муборак ал-Бухорийнинг “Анис ат-толибин” (“Толибларнинг суҳбатдоши”) асарида қуйидагича қайд этилган: “Алоуддин Аттор айтмишлар: Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ўлимлари олдидан мен Қуръони каримнинг Ёсин сурасини ўқирдим. Суранинг ярмига етганда (Баҳоуддин Нақшбанд вужудларидан) нурлар шуъла соча бошлади. Бир оздан сўнг жонлари узилди. Ёшлари етмиш тўртда эди, душанба кечаси рабиулаввал ойининг учинчи куни, (ҳижрий) етти юз тўқсон биринчи йил (милодий 1389 йил 2 март)”.

Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри зиёратгоҳ ҳисобланади. Илгари амирлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта Баҳоуддин Нақшбанд дахмасини зиёрат қилишган. Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. Ўн бешинчи асрда Хўжа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га қабул қилинди. Шундан сўнг 1993 йил 24 октябрда Тошкентда Холид Малик бошчилигида БМТнинг ваколатхонаси иш бошлади.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бу – минтақавий хавфсизлик, таҳдидларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, миллий анъаналар, тарихий шахслар мероси ва меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш, уларни умумбашарий қадриятлар сифатида жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш кабилардир.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Наманган вилоятининг Мингбулоқ қишлоғи яқинида бурғулаш ишлари олиб борилаётган пайтда 5 минг 237 метр чуқурликдан кучли нефть фаввораси отилиб чиқди – нодир нефть кони очилди.

1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Темир йўл транспортини монополиядан чиқариш ва акциялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унга мувофиқ, 22 март Маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
тайёрлади


Киритилган вақти: 02/03/2021 10:04;   Кўрилганлиги: 648
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/amirlar-taxtga-otirishdan-oldin-buxorodagi-qaysi-avliyo-qabrini-ziyorat-qilgan
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг