Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳнинг ҳадяси

 
 

Аллоҳ таоло ер юзида инсонни яратди ва унга ақл берди. Инсон ўша ақлни ишлатса фариштадан ҳам юқори мартабага эга бўлиши мумкин, агар ақлини ишлатмаса ақлсиз ҳайвондан ҳам паст даражада бўлиши мумкин. Ақл инсонга Аллоҳ берган энг улкан неъматларидан биридир. Аллоҳ таоло инсонга шу каби юксак неъматларни ҳадя қилган. Мана шундай неъматлардан бири бу – фарзанд неъмати. Роббул оламийн инсонга фарзанд неъматини ҳадя қилганини Каломи шарифда шундай баён қилади:

«Осмонлару ерни мулки Аллоҳникидир. У Зот хохлаган нарсасини яратур. У Зот хохлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хохлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур». (Шууро сураси 49 оят).

Инсонларни ўртасидаги муомалаларда бир-бирига ҳадя берса, ўзи ҳурмат қиладиган, қадрини биладиган, яхши кўрадиган кишисига беради. Ҳадя олган киши эса, ҳадяни эҳтиёт қилади, асрайди, қанча қимматбаҳо бўлса ҳам уни сотиб юборишга ҳаракат қилмайди.

Авайлаб, асрашга энг ҳақли бўлган ҳадя Аллоҳнинг ўз бандасига берган ҳадясидир. Аллоҳ таоло бандасини яхши кўради, ардоқлайди, дўзах ўтида куйиб, ёнишини истамайди. Шу сабабдан Роббимиз бизга кўплаб неъматларини ато этади, фарзанд неъматини ҳадя қилишлиги ҳам шу сабабдандир. Бу неъматлардан унумли фойдаланишлигимиз эса ўша неъматни шукрини адо этишлигимиздир. 

Аллоҳ таоло кимга фарзанд неъматини ҳадя қилса, унга шукр қилсин, неъматни қадрига етсин. Бу неъматни қадрини билиш, унга шукр килиш, фарзандга чиройли таълим-тарбия бериб, уни динга, ватанга, миллатга хизмат қиладиган солиҳ инсон қилиб вояга етказишда бўлади.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан:

“Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.

Иккинчидан:

“Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.

Учинчидан:

“Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланг­лар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.

Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлидан адаштирмасин ва фарзан неъматини шукрини чиройли тарзда адо этишлигимизни насиб қилсин.

 Каттақўрғон тумани «Янгиравот» жоме масжиди имом хатиби Боходиров Фахриддин манбалар асосида тайёрлари.


Киритилган вақти: 03/06/2022 09:12;   Кўрилганлиги: 920
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/allohning-hadyasi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 10:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг