Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ниятига яраша беради, амалига яраша тақдирлайди

 
 

Мўмин кишининг нияти –юрт тинч, ҳаёт фаравон, фарзандлар омон бўлмоғидир.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, юртимизда тинчлик-осайишталик ҳукм сурмоқда. Ҳаётимиз кундан кунга фаравон бўлиб бормоқда. Фарзандларимиз бахтли бўлишлари учун барча имкониятлар эшиклари очилган. Буни ёшларимиз тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитларда яққол кўрамиз. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар масканлари билим олиш, касбу ҳунар ўрганиш орзусида бўлган ёшлар учун замонавий технологиялар асосида хизмат кўрсатмоқда.

Ёки олий таълим муассасалар сони сўнги беш йилда деярли уч марта ошгани, эндиликда умумтаълим мактаби битирувчиларининг деярли учдан бириси талабалик бахтига эришаётгани –ислоҳотларимизнинг мўъжизавий самараси эмасми?!

Яқин-яқинларгача қишлоқларда икки қаватли бинолар бармоқ билан санарли эди. Уям бўлса бирорта мактаб ёки маъмурий бино. Эндиликда энг чекка маҳалларда ҳам беш, етти ва ҳатто тўққиз қаватли бинолар қад ростламоқда. Булар аҳоли учун қурилаётган турар жой бинолари бўлиб, улар юртимиз кўркини ошириш асносида фуқароларимизнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қоплашга хизмат қилаётир. Кунаро ишга туширилаётган тадбиркорлик иншоотлари ҳақида айтмаяпмиз ҳали.

Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар –савобли ишлар барчамизни ушбу жараёнларда имконимиз қадар қатнашмоқни талаб қилади. Негаки, буларнинг барчаси биз учун –келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз учундир!

Бу эса муқаддас динимизда айтилган ниятимиз амалимизга мос бўлиши ҳақидаги тамойилларга мос ва уйғун келади.

Бу йил улуғ байрамимиз шиорида “эл азиз, инсон азиз” сўзлари беҳудага келтирилмаган. Амалиётга айлантирилаётган барча янгиликлар, ислоҳотлар элимиз учун, демак шу элда яшаётган ҳар бир инсон учундир!

Эл азиз бўлмоғи учун у обод бўлмоғи, ҳар бир фуқароси бахтли яшамоғи керак.

Инсон азиз бўлмоғи учун у олдига қўйган мақсадларига эришмоғи, бунинг учун давлатимиз кафолатлар яратмоғи лозим.

Беадад шукрлар бўлсинким, Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тўйи арафасида содир бўлган қувончли воқеалардан бириси айни шу кафолатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янгиликдир. Тезкор вақт, кенг кўламли ислоҳотлар ва албатта фуқароларнинг давр нуқтаи назаридан ҳақ-ҳуқуқлари, бахтли яшашлари кафолати бўлмиш Бош қомусимизнинг янги лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганини ва барча бу жараёнда фаол қатнашаётганини эътиборда тутаяпман. Ҳеч шубҳасиз, янгиланган Конституциямиз эртанги осайишта ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Яна бир қувончли –барчамизни ғоятда ҳаяжонлантирган воқеа Юртбошимизнинг умра зиёратини адо этганликлари, муқаддас қадамжоларда юртимиз тинчлиги, фуқароларимиз бахтини Яратгандан тилаганлари бўлди.

Бу ҳаяжонли дақиқаларни ойнаи жаҳон орқали кузатаётган юртдошларимиз кўзларида ёш кўрдим. Булар қувонч кўз ёшлари эди, миннатдорлик кўз ёшлари эди, шукроналик кўз ёшлари эди.

Ҳадиси муборакда айтилганидек: “Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш эса куфрдир.Аллоҳ таоло Ўзининг неъматларига шукр айтишга буюриб, каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъдасини бериб, шундай дейди: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман.”.

Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража хисобланади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос (р.з.) шундай деган экан:

Шукр қилишлик имоннинг яримидир”.Бошқа бир ривоятда эсаИмон — сабр ва шукрдан иборатдеб ҳам айтилган. Яхши ниятлар, савобли амаллар билан қаршилаётган улуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Аброров Жаҳонгирхон ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими


Киритилган вақти: 23/08/2022 10:37;   Кўрилганлиги: 807
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/alloh-taolo-har-bir-bandasiga-niyatiga-yarasha-beradi-amaliga-yarasha-taqdirlaydi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг