Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий (ваф. 333/944 й.)
Абу Наср Иёдийдан сўнгра Дорул Жузжониянинг раҳбарлигига унинг энг яхши кўрган ва энг муваффақиятли шогирди Абу Мансур Мотуридий тайинланди[1]. Гарчи у жойда Абу Аҳмад Иёдий ҳам бош устоз вазифасида ишлаган бўлса-да, Абу Аҳмаднинг раҳбарлиги даврида ҳам мактабнинг асл устози доим Мотуридий бўлди. Зеро, Абу Наср шаҳид бўлганида Абу Аҳмад ҳали ёш бола ва таҳсилини тугатмаган эди[2]. Мотуридий эса таҳсилини тугатиб, умрининг охирига қадар у ерда дарс берган эди[3]. Устозининг муҳаббати ва эътиборини қозонган шогирди – Мотуридий келмагунча устози Абу Наср дарсни бошламас, узоқдан унинг келаётганини кўриб, уни мақтай бошларди[4].
Ибн Яҳё келтирган маълумотларга кўра, Абу Насрдан сўнг Дорул Жузжонияда Мотуридий дарс бера бошлади. Аммо у дарс беришда давом этаркан, Абу Наср Иёдий (ваф. 275/888 й.)нинг ўғли Абу Аҳмад Иёдий асирликдан қутулиб, Самарқандга қайтгани ва отаси шаҳид бўлмасидан олдин марказ раҳбарлигига ўзини тавсия этгани ҳақида гапиради. Шундан сўнг шайх, имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий, Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/954) ва бошқа олимлар Дорул Жузжонияда тўпланишиб, устозларига бўлган ҳурмат юзасидан Абу Аҳмад Иёдийни отасининг мақомига ўтқаздилар ва унга ҳурмат бажо келтирдилар. Ўз таҳсилини Мотуридийдан олишни бошлаб, у ердаги олимларда давом эттирган Абу Аҳмад Иёдий қисқа фурсат ичида фақиҳлик мартабасига эришди. Бу орада марказ раҳбарлигига расман келтирилган Абу Аҳмад Дорул Жузжониянинг амалдаги бош устози вазифасида бўлган Абу Мансур Мотуридийни ўз устози сифатида кўрар ва уни жуда ҳурмат қиларди. Чунки Мотуридий ўз даврининг илм-маърифат, заковат, тақво ва мазҳабларни яхши таҳлил қилиш борасида энг олдинги сафда турган олим эди[5].
Абу Мансур Мотуридий бу марказда умрининг охиригача кўплаб талабаларга дарс берди[6]. Дарҳақиқат, Мотуридий Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний (ваф. 350/961 й.) каби шогирдларига Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “ал-Мабсут”ини ўқитаркан, юз ёшга яқин умр кўриб, вафот этди[7].
Имом Мотуридийнинг фикрлари Абул Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний, Абу Салама Самарқандий (ваф. тахм. 340/952 й.) ва Ибн Яҳё каби олимлар томонидан давом эттирилди[8]. Бу уч кишидан бири Рустуфағний[9]Мотуридийнинг шогирдидир. Қолган икки киши эса ундан таълим олган икки машҳур олимнинг шогирдларидир. Абу Салама[10] Абу Аҳмаднинг, Ибн Яҳё[11] эса Рустуфағнийнинг шогирдларидир. Бу шахслар Мотуридий каби халқ орасида оддий ҳаёт кечиришиб, фикрлашда эса таъвил ва ақлдан фойдаланиш кераклигини ёқлайдилар. Шу сабабли Рустуфағний, Абу Салама ва Ибн Яҳё Мотуридийнинг илк вакиллари (издошлари) ҳисобланишади[12].
Абу Мансур Мотуридий вафотидан сўнгра Рустуфағний ва Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо Паздавий (ваф. 390/1000 й.) каби шогирдлари ҳамда Абу Салама ва Ибн Яҳё каби шогирдларининг шогирдлари Мотуридийнинг асарларини ўқидилар, ўқитдилар ва устозлари каби халқ орасида оддий ҳаёт кечирирдилар, таъвилни зарур ҳисоблаб, ақл юритиш/раъйни ёқладилар ва ҳимоя қилдилар. Ибн Яҳёнинг “Шарҳу жумали усулид дин” (Усулид дин жумлалари шарҳи) асарида келтирган маълумотга кўра, Мотуридийдан сўнг Жузжония мактаби фаолияти Рустуфағний томонидан давом эттирилган[13].
Мотуридийнинг шогирдлари фақатгина унинг фикрларини ўргатибгина қолмасдан, балки унинг асарлари ва кароматларини ҳам бошқаларга етказишган. Абул Йуср Паздавий (ваф. 493/1100 й.)нинг “Усулуд дин” номли асарида келтирилган қуйидаги маълумот ҳам буни тасдиқлайди:
“Зоҳид имом Абу Мансур ал-Мотуридий (ваф. 333/944 й.)нинг Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида ёзилган тавҳид илмига доир бир китобини кўриб чиқдим. Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бири бўлган. Шайх ва имом отам ҳамда зоҳид бобом менга шайх ва имом Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилиб, унинг кароматлари ҳақида сўзлаб берган эди. Зеро, бизнинг бобомиз ва мазҳабдошларимизнинг китобларини ҳамда шайх имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобут Тавҳид” ва “Китобут Таъвилот”ининг маъноларини яхши ўзлаштирган эдилар”[14].
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Жузжония мактаби вакиллари Абу Ҳанифанинг қарашлари ва услубларини ўз ҳолича қабул қилиб, давом эттирган ҳанафий мазҳабига мансуб кишилардир. Бу мактабнинг энг муҳим ва энг машҳур вакили Абу Ҳанифанинг қарашларини тизимлаштирган Абу Мансур Мотуридийдир.
Киритилган вақти: 13/08/2020 11:47; Кўрилганлиги: 1108
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 16:45