Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Буюк алломалар

Сиҳоҳи ситта. 5-қисм. Имом Насоий

 
 

У зот Аҳмад ибн Шуайб ибн Алий ибн Синан ибн Баҳр ибн Дийнор Насоий Абу Абдурроҳмандир.

У киши Хуросондаги Насо шаҳридан. Насога нисбат берилиб «Насоий» дейилади. Ҳижрий 215 йил туғилдилар. Ўз даврида ҳадис илмининг таянчи, замонаси аҳлининг умдаси, пешвоси, имоми ва диннинг буюк кишиларидан эди.

У зотнинг ҳадис китоби «Олти саҳиҳ»нинг биридир. Ҳадис уламолари ичида асл ҳадислар билимдонларининг имоми ва пешқадами эди. У киши ўн беш ёшга етганда Қутайба ибн Саъид ал‑Балхийнинг ҳузурига бориб, бир йилу икки ой давомида ҳадис эшитади. Илм талаб қилиб, Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқди. Сўнгра Мисрда «Ал-Қанадийл» номли машҳур китоб бозори яқинида яшади.

Унинг таълиф этган китоблари қуйидагилар: «Хасоису фии фазли Алий ибн Абу Толиб ва оли байт», «Китобу аз-зуафо вал матрукийн», «Маносику ан-Насоий», «Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Алий ибн Абу Толиб».

Уламолар: «Сунани Насоий» даража жиҳатидан «Саҳиҳайн»дан кейин туради, чунки у «Сунан» китоблари орасида заиф ҳадислари энг кам китобдир», дейишган. Бу китоб бизгача етиб келган бўлиб, унда олти мингга яқин ҳадис жамланган. У биринчи марта ҳижрий 1256 санада (милодий 1840) Ҳиндистонда чоп этилган.

Ҳоким айтади: «Абул Ҳасан Дора Қутнийни бир неча бор мана бундай деганини эшитдим»: «Абу Абдурроҳман ўз замонида ровийларни жарҳ ва таъдили ҳамда ҳадис илми билан ким тилга олинса  барчасидан муқаддамдир».

Ул зот вараъ ва тақвонинг энг ниҳоясида бўлиб энг афзал рўза Довуд рўзасини канда қилмасди. Бир кун рўза тутар, бир кун очарди.

Мисрда турдилар ва бу ерда китоблари ёйилди. Кишилар у зотдан илм олишди. Кейин Димашққа кўчдилар. Ҳижрий 300 йил Сафар ойининг 13 душанба куни 85 ёшда вафот этдилар. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари, Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади.


"Сиҳоҳи ситта" туркумидаги мақолалар

Сиҳоҳи ситта. 1-қисм. Имом Бухорий

Сиҳоҳи ситта. 2-қисм. Имом Муслим

Сиҳоҳи ситта. 3-қисм. Имом Абу Довуд

Сиҳоҳи ситта. 4-қисм. Имом Термизий

Сиҳоҳи ситта. 5-қисм. Имом Насоий

Сиҳоҳи ситта. 6-қисм. Имом Ибн Можа


Киритилган вақти: 28/07/2019 09:17;   Кўрилганлиги: 2656
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/reference/scholars/sihohi-sitta-5-qism
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг