Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Буюк алломалар

Сиҳоҳи ситта. 4-қисм. Имом Термизий

 
 

У зот 25 ёшида Ироқнинг Басра шаҳрига, сўнг Ҳижозга бориб таълимини давом эттиради. У Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий, Али ибн Ҳужр Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Қутайба ибн Саид Сақафий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилади. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, Термизга ҳижрий 250 (мелодий 864) йилда қайтиб келади. Имом Бухорий билан ҳижрий 250 йили Нишопурда учрашиб, ҳадис ва унга тааллуқли илмларни ўрганиб, у зот қўлларида камол топади. Имом Бухорий унга қарата: «Сен мендан фойда олганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойда олдим» деган эдилар. Шогирдларидан бири Абу Аҳмад Ҳоким ўз устози ҳақида: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этганларидан кейин Хуросонда илм, ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Абу Ийсо Термизийдек бирор киши топилмас эди” деган.

Олти машҳур муҳаддисларнинг тўртинчиси Имом Термизийдир.

У зот Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизий Абу Ийсодирлар.

Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири Термиз аҳлидандир. Ҳадис имомлари ва ҳофизларидан бири. 209 йил Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилди. Бухорийга шогирд бўлиб, баъзи шайхларида шерик ҳам бўлди. Ҳадис талабида Хуросон, Ироқ, Ҳижозга сафар қилди. Унинг шайхлари Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд Сижистонийдир. Олти мўътабар ҳадис китобларидан ҳисобланган «Жомеъ»ни ёздилар. Бу китобда факиҳга фойда берадиган ҳадис иллатларидан кўп турларини жамлади. Чунки у ҳадисни зикр қилиб, (аксарияти фиқҳ хукмларига оид) сўнг барча санадларини кўрсатади ва ҳадисни ривоят қилган саҳобаларни санаб ўтади. Ўз наздида саҳиҳ бўлганини саҳиҳ, заифини заиф деб айтади. Фуқаҳолардан шу ҳадисни ким олгану ким олмаганини ҳам баён килади. У кишининг «Жомеъ»и «Сунан»ларнинг энг жомеъи, фақиҳ ва муҳаддисга энг манфаатлисидир. Ишончли кишилардан саҳиҳ ривоятларни  жамлаш мақсадида кўп юртларни кезганларидан кейин ҳаётларининг охиридан бир қисмини аъмо (кўзи ожиз) бўлиб ўтказдилар. Ҳижрий 279 йил 70 ёшда вафот этдилар. У кишини Аллох раҳмат қилсин.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари, Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади.


"Сиҳоҳи ситта" туркумидаги мақолалар

Сиҳоҳи ситта. 1-қисм. Имом Бухорий

Сиҳоҳи ситта. 2-қисм. Имом Муслим

Сиҳоҳи ситта. 3-қисм. Имом Абу Довуд

Сиҳоҳи ситта. 4-қисм. Имом Термизий

Сиҳоҳи ситта. 5-қисм. Имом Насоий

Сиҳоҳи ситта. 6-қисм. Имом Ибн Можа


Киритилган вақти: 28/07/2019 08:58;   Кўрилганлиги: 377
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/reference/scholars/sihohi-sitta-4-qism
Чоп этилган вақт: 06/06/2020 02:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг