Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари мавзусида семинар
Президентимиз раҳнамолигида Имом Бухорий мажмуасида қисқа вақт давомида халқаро илмий марказ ва буюк аждодларимиз асос солган ҳадис илми олий мактаби ташкил этилган эди. Юртбошимиз Самарқанд вилоятидаги ташрифлари чоғида бир қатор ташаббус ва таклифларини билдириб, хусусан, ҳадис илми мактаби талабаларининг республикамиздаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларга саёҳатини амалга оширишлари, илм-фан сирларини пухта ўзлаштиришларига ёрдам бўлиши учун янада кўпроқ шарт-шароит яратиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.
Мазкур мактабга энг сўнгги русумдаги замонавий автобус ажратилиб, бугун, 27 март куни автобус Ҳадис илми мактаби жамоасига топширилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилиги вакиллари, вилоятлар бош имом хатиблари ҳамда Ҳадис илми олий мактаби жамоаси қатнашди. Автобуснинг тантанали топшириш маросимидан кейин тадбир қатнашчилари Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказининг конфереция залида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирокида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний ходимларнинг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, ЎМИ бўлим мудири М.Ҳомидов, Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаевлар Имом аз-Замахшарийнинг маънавий-илмий мероси ҳақида маърузалар ўқишди.
Семинар ўз ишини якунлагандан сўнг семинар қатнашчилари дастлаб, Пайариқ туманидаги намунавий шаклда ободонлаштирилган “Чоштепа” қабристонини зиёрат қилдилар. Ундан кейин Жомбой туманида жойлашган “JV MAN Auto-Uzbekistan” юк автомашиналарини ишлаб чиқувчи завод фаолияти билан яқиндан танишганларидан сўнг диний соҳа вакилларининг Самарқанд вилоятида бўлиб навбатдаги йиғилиши ўз якунига етди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 27/03/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1769
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 13:27