Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

Дилларга хурсандчилик улашиш - ҳар бир инсон учун ҳузурбахш амалдир.

 
 

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг бир қанча шаҳарларида эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахслар билан диний-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 20 январ куни Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи Вали” жоме масжидида ҳам илк бор шу каби тадбир ўтказилган эди. Шундан сўнг ҳафтанинг ҳар душанба ва пайшанба кунлари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш, уларнинг динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам бериш мақсадида ушбу тадбир ўтказиб келинмоқда. Масжид имом хатиби Ё.Мансуров йиғилганларга Ислом динининг асослари, одоб ва ахлоқ мезонлари, илм-маърифат тушунчаси каби мавзуларда маърузалар билан чиқиш қилмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлимининг кўмаги билан монитор орқали ёзиб олинган жума маърузасининг сурдо таржимаси тадбир иштирокчиларига намоиш этилмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Вақф” хайрия жамоат фонди ва унинг Самарқанд вилояти бўлими тадбир иштирокчиларига барча шароитларни яратиб беришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Фонд фаолиятига бағишланган маълумотлар жойлаштирилган йиллик тақвим ва бошқа совғалар тадбир қатнашчиларига совға сифатида тақдим этилди.

Навбатдаги вазифа имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун жума маърузаси сурдо таржимони воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилишини йўлга қўйиш. Шунда жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларда имом-хатибни ва унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 21/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 815
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/seminars-briefings/dillarga-xursandchilik-ulashish---har-bir-inson-uchun-huzurbaxsh-amaldir
Чоп этилган вақт: 28/07/2021 09:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг