ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР
Саховатпеша, ўзгаларга фақат яхшиликни соғинадиган кишилар бор экан, ҳаётимиз гуллаб-яшнайверади, ҳеч ким меҳрга, эътиборга зориқмайди, жамиятнинг барча қатламлари бугунидан мамнун, эртасининг порлоқ бўлишига ишонган ҳолда мақсади томон одимлайверади.
2017 йил 3 август куни Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, Диёр маҳалласи ва унга қўшни бўлган маҳаллаларда истиқомат қилувчи 12та кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига хатна тўйи ҳамда битта никоҳ тўйи маросими ўтказилди. Тумандаги “Янги масжид” жоме масжиди ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда бўлиб ўтган тўй маросимларида вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, Самарқанд тумани ҳокими, маҳалла раислари, тўйи бўлаётган икки ёш ва болажонларнинг яқинлари иштирок этдилар.
Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов тўйболаларнинг сарполарини кийдириб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилди. Никоҳ тўйи бўлаётган икки ёшнинг бахтли-саодатли бўлишини тилади.
Қилинган ушбу хайрли ишлар сабабидан ташкилотчилар, ҳомийлар мўл-кўл ажр савобга эга бўлишлари, бундай ишларнинг ояндасида юртга барака келиши, халқнинг фаровонлиги зиёда бўлишини оят-ҳадислар асосида тушунтириб ўтди. Яхшилик ҳеч қачон ерда қолмаслигини, Қуръони каримда “Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак”, (“Ар Роҳман” сураси, 60-оят), демоқлик билан ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлиги маълум қилинганини таъкидлаб ўтди.
Ўзгача файз билан ўтган тўй маросимида, айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз эди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 03/08/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2317
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 06:05