Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига муносабат
Ўзбекистон Республикаси дунёвий демократик давлат ҳисобланади. Республикамизда дин ва давлат муносабати виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асос яратилган. Ҳар қандай қонун вақт ўтиши, ҳолатлар ва муҳитлар ўзгариши билан мукаммалштирилиб борилаверади. Мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган барча соҳалар каби диний йўналишда ҳам ислоҳотларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлган эди. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам мамлакатда диний муносабатга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
2020 йил 19 август куни Олий мажлис қонунчилик палатасининг http://parliament.gov.uzвеб-сайтида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғриси”даги Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасида кўзда тутилган бир нечта янгилик ва ўзгаришлар соҳада йиғилиб қолган муаммоларга ечим бўлди десак муболаға бўлмайди. Жумладан, қонундаги диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланадиган асосий тушунчаларга таъриф берилди. Эски қонундаги айрим бандларда тушунмовчилик мвжуд бўлиб, уларда шарҳларга эҳтиёж бор эди.
- Ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди. Энди диний таълим муассасаларидаги таълим сифати янада ошиши йўлга қўйилади. Бундан ташқари ота-оналар ўз фарзандларига асосли диний таълим бера олиш ҳуқуқига эга бўлиш орқали ёшларимизнинг одоб-ахлоқли бўлиб вояга етишларида кўмакчи бўлишига имкон яратилади.
- Диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Бу билан кўплаб фуқаролиги бўлмаган аммо етарлича диний билимга эга бўлган шахслар масжид имом-хатиби ва бошқа лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлганлиги етук мутахассисларга бўлган талабларни қондириш имконини беради. Бундай шахслар Самарқанд вилоятида бир нечтани ташки этишини ҳам эслаб ўтишимиз лозим.
- Диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартибининг бекор қилиниши, ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартибининг соддалаштирилгани, маҳаллий диний ташкилотни рўхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тага қиқартирилгани ушбу соҳада кўплаб енгилликларни пайдо қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда ушбу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳа умумэътироф этилган юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитиларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа муҳокамасида экспертлар, мутахассислар ва барча фуқаролар ўзларининг таклифлари билан қатнашишлари мумкин.
ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби - Зайниддин Эшонқулов
Киритилган вақти: 20/08/2020 19:57; Кўрилганлиги: 1136
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 21:38