Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

#ХУШХАБАР: Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ҳал этиш учун жўнаб кетди

 
 

2021 йил 1 декабрь куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Маълумки, ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари “Ҳаж” ва “Умра” амалларини адо этиш бахтидан бебаҳра бўлдилар.

Аллоҳга шукрки, сўнгги вақтларда Саудия Арабистони ва юртимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани, кунлик касалланиш даражаси камаяётгани, вакцина олган аҳоли миқдори ошиб бораётгани ва чекловлар юмшатилаётгани Ўзбекистон халқини чексиз қувонтирмоқда.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони “Ҳаж” ва “Умра” вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт бошқармаси, хизмат кўрсатувчи ширкатлар, банклар раҳбарлари ҳамда Маккаи мукаррама амири билан улуғ ибодатларни адо этиш юзасидан муҳим келишувлар амалга оширилади.

Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан умра мавсумининг бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари ҳам юмшаб, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ.

Ҳақ таоло ушбу сафарни хайрли қилсин, мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифада Ўзбекистон делегациясига куч-қувват ва муваффақиятлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 01/12/2021 07:22;   Кўрилганлиги: 523
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xushxabar-ozbekiston-delegatsiyasi-saudiya-arabistoniga-haj-va-umra-safarlarini-hal-etish-uchun-jonab-ketdi
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 18:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг