Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Хўжа Нисбатдор жоме масжиди томонидан эҳсон тарқатилди

 
 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дедилар”.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, мусулмон мусулмон билан ака-ука кабидир. Инсонлар ҳаётлари давомида доимо бир-бирларига ёрдам бериб яшайдиган жамият кучли жамият бўлади. Чунки ўзаро ёрдам кишилар орасидаги алоқаларни яхшилайди, уларни дўст-биродар қилади, турли қийинчиликларни ҳамкорлик билан бартараф қилишни ўргатади. Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом хатиби Б.Бобохонов ҳам масжид жамоаси билан саховатпеша инсонларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан Рамазон ойи давомида ана шундай хонадонлардан ўттизтасига жами 4 700 000 сўмлик озиқ овқат маҳсулотлари ва бошқа эҳсонлар қилинди.

Бир жамиятда яшайдиган кишилар орасида бир-бирига маъруф иш - яхшилик қилиш Исломнинг муомала бобидаги бош таълимотларидан ҳисобланади. Маъруф иш бировнинг ҳожатини чиқариш, қийин ҳолатда ёрдам бериш, обрўсини ҳимоя қилиш, ҳадя-ю эҳсон қилиб туриш ва шунга ўхшаган мусулмонлар бир-бирларига қиладиган барча яхшиликлардир.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 24/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1202
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xoja-nisbatdor-jome-masjidi-tomonidan-ehson-tarqatildi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг