Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ХЎЖА АБДУ ДАРУН ЖОМЕ МАСЖИДИ

 
 

“Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди Самарқанд шаҳар Садриддин Айний кўчаси 21-уйда жойлашган. Масжид 1981 йилдан буён расмий фаолият юргизиб келмоқда.

Масжиднинг “Хўжа Абду Дарун” номи билан аталишининг сабаби албатта бу жойда Хўжа Абду Дарун ҳазратларининг қабрлари ва мақбара жойлашганидир. Шу ўринда бу зотнинг тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш лозим.

Ҳазрати Хўжа Абду Дарун ҳақида асосан икки манба – Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” ва Абул Ҳаким Самарқандийнинг “Қандия” асарларида кенгроқ маълумот берилган.

Хўжа Абду Даруннинг насл-насаби хусусида тарихий манбаларда ягона фикр, аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Авваламбор, қайд этмоқ зарурки, бул зоти муаззамнинг мақбаралари Самарқанднинг қадимий девори – Девори қиёматнинг ичкари (тожикча - дарун) томонида жойлашгани учун Абду Дарун лақабини олганлар.

“Самария”да кўрсатилишича, Хўжа Абду Даруннинг асл исми Муъизуддин бўлиб, хўжа Муҳаммад Яқубнинг фарзанди, у эса хўжа Абди бин Усмоннинг ўғлидир.

“Қандия” муаллифи эса алломанинг келиб чиқишини Пайғамбаримизнинг (с.а.в) қизи Руқия билан боғлайди.

Аммо ҳар иккала муаллифнинг ҳам ушбу маълумотлари саҳиҳ эмас. Хўжа Абду Даруннинг пайғамбаримиз (с.а.в.) билан ирсий томондан алоқаси йўқ. Чунки у зот (с.а.в.) нинг Руқия қизлари Усмон (р.а.)га никоҳлангач, улардан Абдуллоҳ исмли фарзанд дунёга келади ва болалигидаёқ вафот этади. Лекин Ҳазрати Усмоннинг (р.а.) бошқа хотинларидан 16 нафар фарзанди бўлган, шуларнинг биронтасидан Хўжа Абду Даруннинг насл-насаби тарқалиши мумкин. Бу улуғ инсон Самарқанднинг илк тасаввуф намоёндаларидан бири, олим ва қози бўлган.

Олим сифатида Хўжа Абду Дарун ҳол билан қол билимларини тўплаган. Қози сифатида мисли кўрилмаган адолатли инсон бўлган.

“Қандия”да келтириладики, “Ҳазрати Шайх Абу Мансур Мотуридий айтган эканларким: бизни вафотимиздан кейин Ҳазрати Хожа Абду Даруннинг яқинларига дафн этингким, ул киши ярим фарсах ергача атрофидагиларни ўз ҳимояларига олиб шафоат қилурлар ва биз ул кишининг шафоатларидан маҳрум бўлиб қолмайлик”.[1]

Мана шу нарсадан икки муҳим хулоса келиб чиқади: биринчидан, Хўжа Абду Дарун чиндан ҳам улуғ инсон эканлиги зеро Шайх Мотуридий каби улуғвор агар у кишининг шафоатларига муҳтож экан; иккинчидан, ул бузургвор кўмилган қабристоннинг қадимийлиги (IX аср), яъни у Шоҳи Зинда қабристонидан ҳам қадимийроқдир. Манбаларда кўрсатилишича, аллома 861 йилда вафот қилган[2].

XIX асрда ҳовлининг ғарб томонига пешайвонли масжид қурилган. Масжидни халқ меъморчилигининг ажойиб намунаси деса бўлади. У аслида синч деворли бинодир. Масжиднинг хонаси архитектура жиҳатдан ажралиб турмасада, пешайвони ажойиб гўзаллиги билан кишини ҳайратда қолдиради.

Шип ва девор нақшлари орасида масжидни бунёд этган меъмор ва нақишкорлар номлари ёзилган ҳамда қурилиш тугалланган вақт 1908-1909 йиллар кўрсатилган.

Ҳозирда масжидга Маҳмудов Зафар Орзуевич имом хатиблик қилиб келмоқда.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


[1] Абул Ҳаким Самарқандий. Қандия–С., 1994 “Суғдиён”. 37-б.

[2] “Қандия”– 37-б.


Киритилган вақти: 28/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 4406
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/xoja-abdu-darun-jome-masjidi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг